Мақолалар

Шукур қилувчилар, албатта, мукофотланади

Таянч нуқта

Мусулмон кишига ато этилган энг буюк неъматлардан бири, шубҳасиз, иймондир. Иймон банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мавқеини оширади. Бундай инсон Ватанини севади, яқинларига яхшиликлар қилиб, сийлаи раҳмда бўлади. Она юрти тинчлиги ва осойишталигини асраб-авайлашга интилади.

Буюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший ўзининг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтиришича, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.

Демак, бугунги осойишта ва фаровон кунларимиз қадрига етишимиз, бунинг учун шукроналар келтиришимиз лозим. Айниқса, униб-ўсиб келаётган ёшларимизга бу неъматнинг мазмун-моҳиятини етказишимиз ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи керак.

Албатта, тинчлик ҳукм сурган юртда фаровонлик, яхши кунлар кўп бўлади. Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсин, она-Ватанимиз тинч ва осуда, юртдошларимиз эса дориламон кунларда бахту иқболини, фарзанду набиралари камолини кўриб яшамоқдалар.

Бугун юртимизнинг қайси бурчига бормайлик, улкан бунёдкорлик ва ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Айниқса, бири биридан замонавий масжиду мадрасалар, тарихий обидалар ҳамда қадамжолар янгидан чирой очиб, жаҳон аҳлини ўзига мафтун этмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан диний-маърифий жабҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мевасидир.

Сўнгги беш йилда учта диний таълим муассасаси — Бухорода Мир Араб Олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси таъсис этилди. Энг катта хурсандчиликлардан бири бу йил 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз муқаддас ҳаж амалларини бажариб қайтдилар. Ахир, бир пайтлар саноқли инсонларгина ҳаж боришарди.

Президентимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, умра зиёратига борувчиларнинг чекланган квотаси олиб ташланди. Жорий йилнинг ўзида юз  мингдан зиёд юртдошларимиз умра зиёратини адо этишди.

Яқинда эълон қилинган давлатимиз раҳбарининг “Марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохонни “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда  “Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони юртимиз маърифий ҳаётида улкан воқелик бўлди. Бугун инсон қадри улуғланаётган Янги Ўзбекистонимизда уларнинг беназир хизматлари эътироф этилмоқда.

Республикамиз бўйлаб Қуръон курслари очилмоқда. Қисқа фурсат ичида минглаб юртдошларимиз Қуръони каримни ўқийдиган ҳолатга келдилар. Кўплаб замонавий масжидлар барпо этиляпти. Энг муҳими, уларнинг барчаси энг сўнгги технологиялар ва қуёш панеллари билан жиҳозланмоқда.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, охирги беш йилда мамлакатимизда 385 та масжид ва 633 та таҳоратхона тўла қайта қурилди, 487 та масжид ва 517 та таҳоратхона таъмирдан чиқарилди.

Биргина жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида янги масжидларнинг 4 таси давлат рўйхатидан ўтказилиб, намозхонлар  хизматига топширилди. Шунингдек, 37 та масжид қайта қурилиб, 20 таси тўла таъмирланди.

Албатта, бу каби ободликларнинг ҳаммаси халқимизга аталган улуғ неъматлардир. Биз эса уларнинг қадрига етишимиз, шукроналикни канда қилмаслигимиз лозим. Зотан, Ватанимиз осмони мусаффо, тинчлик-осойишта бу ҳаётимизни шукрини қилиш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳам қарзи ҳам фарзи бўлиши даркор.

 

Шайх Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

Read 1048 times

Мақолалар

Top