Мақолалар

Абу Бакра Сақафий

Нуфайъ ибн Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари. Бир ривоятда исми Нуфайъ ибн Масруҳ дейилган. Тоиф қамалида девордан осилиб тушиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига қочиб боради. Кейин у зотнинг ҳузурларида Исломни қабул қилади. Нуфайъ қул эканини айтганидан сўнг, Набий алайҳиссалом уни озод қилдилар ва унга “Абу Бакра” кунясини бердилар. 

Ушбу ҳодисага гувоҳ бўлган қабиладошлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Абу Бакрани қул ҳолатида ўзларига қайтариб беришларини сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Асло йўқ! У Аллоҳнинг озод қилгани ва расулининг озод қилганидир”, дея уларга рад жавобини бердилар. 

Абу Бакра розияллоҳу анҳу Ҳорис ибн Каладаҳнинг қули бўлган. Онаси Сумаййа ҳам илгари Ҳориснинг чўриси эди. Машҳур қўмондон ва фақиҳ Маъруф Зиёд ибн Абиҳ розийаллоҳу анҳу унинг она бир акасидир.

Абу Бакра Сақафийнинг насаби борасида ихтилоф бор. Бир ривоятда Нуфайъ ибн Ҳорис ибн Каладаҳ дейилади. Лекин саҳоба Ҳорис насабини инкор этиб, бундай деган: “Мен сизларнинг диндош биродарингиз ҳамда Набий алайҳиссаломнинг мавлолариман. Агар одамлар насабимни айтишимни истаётган бўлсалар мен Нуфайъ ибн Масруҳ Ҳабашийман”.  

Саҳоба Басрада яшади. Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: “Басрага Абу Бакра Сақафий ва Имрон ибн Ҳусойиндан афзал киши келиб тушмаган”, деган. Имрон ибн Хусойн «Абу Бакрадан кўра фазилатли кишини кўрмадим», деб айтган.

Абу Бакра Сақафийнинг аёли оламдан ўтганда. Аёлнинг акалари жаноза намозини ўзлари ўқишмоқчи бўлди. Саҳобий розийаллоҳу анҳу: “Жаноза намозини ўқишга сизлардан кўра мен ҳақлиман”, деди. Шунда одамлар: “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобалари тўғри айтмоқда”, дейишди. Кейин Абу Бакра жанозани ўқиди. Дафн учун қабрга тушганида раҳматли аёлининг яқинлари куч ишлатиб уни чиқариб юборишди. Саҳоба хушидан кетди. Уни кўтариб уйига олиб боришди. Ўғил қизларидан йигирма нафари шовқин-сурон кўтаришди. Абу Бакра хушига келгач: “Дод-вой солманглар. Аллоҳга қасам, ўзгалардан кўра ўз жонимдан айрилганим яхшироқ”, деди. Яқинлари ваҳимага тушиб ва: “Нима учун, эй отажон?” деб сўрашди. Саҳоба: “Мен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришга қодир бўлмайдиган замонга тушиб қолишимдан қўрқаман. У кунда яхшилик йўқ”, леди» (Мўъжами Имом Табароний).

Ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бизга Абу Ҳушайна, у амакиси Ҳакам ибн Аърождан ривоят қилди: “Бир киши ёғоч олиб келди. Зиёд  (ўша давр волийси) ёғочларни сотиб олмоқчилигини айтди. Ҳалиги одам рози бўлмади. Кейин Зиёд ёғочларни куч ишлатиб тортиб олди. Кейин улардан Басра масжидида айвон ясаттирди. Ровий айтади: “То ўша айвон бузиб ташланмагунича Абу Бакра розийаллоҳу анҳу масжидда намоз ўқимади”».  

 Абу Усмон Наҳдий ривоят қилади: “Абу Бакранинг дўсти эдим. Бир куни у менга бундай деди: “Кўрмайсанми одамларни, мен буларга дунёни қораласам, улар ўғлим Абайдуллоҳни отлиқларга, Роввадни ризқ уйига (текинга озиқ-овқат тарқатадиган жой), Абдураҳмонни байтул молга раҳбар қилишибди. Айтчи? Буларнинг барида дунё бор эмасми?! Мен болларимга танбеҳ бердим, чунки улар ношукурлик қилишди”.  

Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис Сақафий розияллоҳу анҳу кибор саҳобалардан ва фақиҳларидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 132 та ҳадис ривоят қилди. У кишидан тўртта фарзанди, Абу Усмон Наҳдий, Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сирин, Уқба ибн Суҳбон, Рибъий ибн Ҳирош, Аҳнаф ибн Қайс ва бошқалар ҳадис ривоят қилишди.

Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис Сақафий розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон икки мусулмон бир-бирига қилич ўқталса, ўлдирувчи ҳам, ўлдирилган ҳам жаҳаннамдадир”, деганларида мен: “Эй Аллоҳнинг расули, мана бу-ку қотил, ўлдирилганни айби нима?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Чунки у ҳам шеригини ўлдирмоқчи бўлган эди”, деб жавоб қилдилар» (Муттафақун алайҳ).

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳозир бўлган ғойибга етказсин. Шояд ҳозир бўлувчи уни ўзидан кўра кўпроқ англовчига етказса”, дедилар (Икки Шайх ривояти).

Уяйна ибн Абдураҳмон отасидан ривоят қилади. Абу Бакра бетоб бўлганда фарзандлари табиб чақиришга ошиқишди. Саҳоба рози бўлмади. Кейин ўлими яқинлашганда: “Табибларингиз қаерда? Агар ростгўй бўлсангиз (ўлимни) қайтариб кўрингчи?” деди. Айтилишича у ўлими олдидан васият қилиб: “Бу Нуфайъ ибн Ҳабаший васият қилган нарса”, деб ёздирган.

Ибн Саъд Абу Бакра розийаллоҳу анҳунинг Муовия ибн Абу Суфён замонида, Басрада оламдан ўтганини ривоят қилган.

 

Мабалар асосида

Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.

Read 957 times

Мақолалар

Top