Мақолалар

ЎЗИНГДАН ЎЗГА...

Тақдирнинг одилу ноодил турфа тошдек синовлари бошимга дўлмисол ёғилди. Сабримнинг сабр жомини лиммо-лим этиб, тўкилишини кутди. Бардошимни, иродамни маҳв этди. Эндигина қаддим синиш учун букилаётганда дардимни енгиллатиш учун шамолга ёрилдим. Шамол:

  • Мен елларим қанотида дардларингни олиб учаман. Уни бориб теккан ҳар бир туйнукка, тоғу тошга, инсонларга, борки тирик мавжудотга ёяман, – деди.

Сўнгра сувга юзландим. У:

  • Оқимимда оқириб, тўлқинларимда кўпиртириб, гирдобимда гириллатиб айлантириб олиб кетаман. Етиб борган жойимга ҳаёт бағишлайман, яйратаман, яшнатаман. Айниқса, экинларга, ниҳолларга жон бўлишим баробарида дардингни улғайтираман. Сенга шу керакми? – деди.

Шундан сўнг чўнг тоғлардан ёруғлик кутдим. У оғир чайқалди-ю,  чуқур хўрсиниб:

  • Кечир, буни эплолмайман. Йиллар армонидан, кўнгиллар фарёдидан, йўқотмоқ азобидан тош бағрим эриб бормоқда. Қанчалар улуғвор ва чўнг бўлиб кўринмай, ҳар бир тошларимда, чўққиларимда армон изи бор. Ортиқча дард оғирлик қилади...

Ерни она деймиз, ардоқлаб, эъзозлаб она-Замин деймиз. Нажот истаб унга ёлворганимда, у:

  • Майли, дардларингни қаъримда кўмаман. Аммо қаъримда шундай унсурлар борки, улар нималардир бўлиб бағримни ёриб чиқади, ниш уради. Мен яширишга, азобингни енгиллатишга ҳарчанд уринмай, у барибир нимагадир айланиб униб чиқади. Демакки, мен уни сақлашга қодир эмасман.

Узоқ ўйладим. Хаёлларим дунёи дунни чарх уриб айланди. Ҳеч қаердан, ҳеч нарсадан, борки мавжудотдан нажот топмадим. Шу пайт ожиз қалбимга бир нур оқиб кирди ва деди:

  • Сен нега мени кўрмаяпсан? Сиғиниб, нажот кутиб, умид қилиб борганинг ҳамма нарса – борлиқ, мавжудот, коинот – барча-барчасини яратган, ўзингни ҳам бор қилган Менман-ку! Менинг ҳукмим билан бор бўлган-ку бу дунё!

Ё Аллоҳ, мени кечир. Танимаганим учун, кўзларим шу кунгача юмуқ бўлгани учун кечир. Англадимки, Сендан ўзга меҳрибоним, Сендан ўзга дарддошим, Сендан ўзга суянчим йўқ экан. Кўзим очилди-ю, руҳимда енгиллик туйдим. Билдимки, Ўзингдан ўзга қудратли зот йўқ!

                                                                          Зебо ОМОНОВА

 

Read 4797 times

Мақолалар

Top