Мақолалар

Уйқуга ётишда бажариладиган суннатлар

1. Хуфтон намозидан олдин ухламаслик ва хуфтондан кейин суҳбатлашмаслик:
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан олдинги уйқуни ва ундан кейинги суҳбатни ёқтирмасдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Чунки хуфтондан олдинги уйқу уйқу учун хосланган кечки уйқуга путур етказади. Ундан кейинги суҳбат эса бомдод намозига ухлаб қолиш хавфини келтириб чиқаради. Лекин уламоларнинг фикрича, хуфтондан кейинги суҳбат диний ва ижтимоий манфаат учун ёки илм суҳбатлари бўлса у макруҳ эмас, деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ билан тунда суҳбат қилганлари ҳақида Умар розияллоҳу анҳудан ривоятлар келган.

2. Уйқуга таҳоратли ҳолда ётиш:
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ётоғингга келганда намозга қандай таҳорат қилсанг шундай таҳорат қил. Кейин ўнг томонингга ёт, сўнгра бундай дегин: “Аллоҳумма асламту важҳий илайк ва фаввазту амрий илайк ва алжаъту зоҳрий илайк. Роғбатан ва роҳбатан илайк. Лаа малжаъа ва лаа манжа минка илла илайк. Аллоҳумма аманту бикитабикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта*” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

* “Аллоҳим! Сенга умид қилиб ва қўрқиб юзимни (яъни, ўзимни) Сенга таслим қилдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенга суяндим. Паноҳ ва нажот фақат Ўзингдандир. Нозил қилган китобингга ва юборган набиййиннга имон келтирдим”.


3. Тўшакни қоқиш ва “Бисмиллоҳ”ни айтиш:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бирингиз ётоғига ётса, изорининг ички тарафи билан тўшагини қоқиб юборсин. Зеро, у ўзидан кейин тўшагига нима кирганини билмайди. Сўнгра бундай дейди: “Роббим! Номинг ила ётдим ва Сен ила тураман. Агар жонимни олсанг раҳм қил. Агар жонимни юборсанг (яъни, уйғонганда руҳи қайтарилиши) уни солиҳ бандаларингни сақлаганингдек асра” (Имом Бухорий ривояти).

4. Ўнг томон билан ётиш.
Жуда кўп ҳадиси шарифларда ўнг томон билан ётишга тарғиб қилинган. Баро ибн Озибдан ривоят қилинган юқоридаги ҳадис ҳам шулар жумласидандир. Инсон ўнг томон билан ётганда ошқозонда овқат ҳазм учун яхши жойлашади ва сергакроқ ухлайди. Чап томонга ётганда эса юракка оғир ботади.

5. Ўнг қўлни юзининг тагига қўйиб ётиш ва ушбу зикрларни айтиш:
“Аллоҳумма бисмика амуту ва аҳя”. “Аллоҳим, исминг ила ўламан ва тириламан!”.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачонки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги ётоқларига борсалар, қўлларини юзларини тагига қўярдилар. Сўнгра: “Аллоҳим, исминг ила ўламан ва тириламан!” дердилар. Уйғонсалар: “Алҳамду лиллаҳиллазий аҳяна баъда ма аматана ва илайҳин нушур”. “Жонимизни қабз қилгандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайта тирилиш Унинг Ўзигадир”, деб айтардилар (Имом Бухорий ривояти).

 
6. Қоринни ерга қилиб ётмаслик:
Тихфатул Ғифорий розияллоҳу анҳу айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда чалқанча ҳолатда ухлаб ётганимда кўриб қолдилар. Шунда, оёқлари билан туртиб: “Бу уйқу нимаси?! Буни Аллоҳ ёмон кўради”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).

7. Уйқудан олдин Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини тиловат қилиш:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги ётоқларига борсалар, икки кафтларини бирлаштириб, уларга дам уриб – “Ихлос”, “Фалақ”, “Нас” сураларини қироат қилардилар. Сўнгра икки кафтларини баданларининг қўллари етгарлик жойларига суртардилар. Бошларидан бошлаб, сўнгра юзлари ва кетма-кет бошқа аъзоларига. Бу ишни уч марта қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).

8. Мулк сурасини тиловат қилиш.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Алиф лаам мийм” ва “Табарокаллази биядиҳил Мулку”ни қироат қилмасдан ухламас эдилар» (Имом Термизий ривояти).


 9. Зумар ва Исро сураларини ўқиш.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Зумар” ва “Бани Исроил” (Исро) сураларини ўқимасдан ухламасдилар» (Имом Термизий ривояти).

 10. Кафирун сурасини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ширкдан покликдир”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

11. Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиш.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу икки оят унинг учун кифоя қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Уламолар “Унинг учун кифоя қилади” жумласининг маъноси ҳақида турли фикр айтганлар. Баъзилар: “Тунги қиёми, қироати сифатида кифоя қилади”, дейдилар. Бошқалар эса: “Ҳар қандай ёмонлик ҳамда кўнгилсиз ҳолатлардан ҳимоя сифатида кифоя қилади”, дейди.

12. Ўттиз уч марта “Субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “Алҳамдулиллаҳ” ва ўттиз тўрт марта “Аллоҳу акбар”ни айтиш.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат бор. Ким унга амал қилса, албатта жаннатга киради. Иккиси осон, аммо унга амал қиладиган оздир. Биринчиси, ҳар бир намоздан сўнг 10 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади, 10 марта Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтади ва 10 марта такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Бир кунда 150 та, тарозида эса 1500 та бўлади. Иккинчиси, қачон ухлашга ётса, 34 марта такбир (Аллоҳу акбар), 33 марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) ва 33 марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтади. Жами 100 та, тарозида 1000 та бўлади”, дедилар. Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Ё Аллоҳнинг Расули! Нега осон бўлган бу амалларга амал қиладиганлар оз?” деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу амални қилмоқчи бўлганнинг олдига шайтон намозда келиб, уни айтишидан олдин ҳожатини эсига солади. Уйқуга ётганида эса, уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).

13. Таҳажжуд намозига туришни ният қилиб ётиш.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бир киши ётоғига тунда туриб намоз ўқишни ният қилиб ётсаю, аммо уйқу ғолиб келиб тонгача ухлаб қолса, у кишига ният қилган нарсасининг савоби ёзилади. Уйқуси эса, Аллоҳ азза ва жалладан унга садақа бўлади" (Имом Насоий ривояти).

14. Уйқудан олдин чироқларни ўчириб, эшикларни ёпиш:
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Идишларнинг оғзини ёпиб, эшикларни тамбалаб ва чироқларни ўчириб ётинглар, чунки сичқон пиликни тортиб юбориб, уй аҳлини ёқиб юбориши мумкин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:“Тунда чироқларни ўчириб, эшикларни ёпиб, мешларнингш оғзини боғлаб ҳамда овқат ва ичимликларни ёпиб ётингиз” (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 870 times

Мақолалар

Top