Мақолалар

Мотуридийлик таълимотининг жамият маънавий тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти

Исломнинг кенг тарқалиши катта ҳудудларда илгаридан мавжуд ҳуқуқий меъёрларнинг исломлаштирилишини тақозо этган. Чунки исломнинг янги ҳудудларга ёйилиши билан у ёки бу тарзда янги диний эътиқодлар, янги маданиятлар, одатларга дуч келинган. 

Ислом динининг ёйилиши унинг бошқа динлар билан рўпара бўлишига олиб келди. Бу ҳол, ўзи билан бирга янги масалалар, талабларни юзага чиқарди. Мусулмонлар янги сиёсий тизимга асосланган ўз ҳокимиятларини ёяр эканлар, турли одатлар ва анъаналарга эга халқлар билан мураккаб муносабатларга киришдилар. Улар қаршисида исломга янги халқларнинг кириши орқали юзага келган муаммолар кўндаланг бўла бошлади. Маданияти юксакроқ бўлган халқларнинг мантиқий саволларига қониқарли жавоб топиш, ўз динларининг бошқа динлардан афзаллигини кўрсатишда муқаддас китоблар билан кифояланибгина қолмай, шу билан бирга, мантиқий жиҳатдан исбот қилиш ҳаёт-мамот масаласига айланди. Бу, ўз навбатида, янги ғоя ва йўлларнинг пайдо бўлишига олиб келиши равшан эди. 

Иккинчи томондан эса, мавжуд сиёсий тузум ичидаги беқарорликни бартараф этиш, мусулмонларнинг турли фирқаларга бўлиниб кетишига йўл қўймаслик зарурати уламоларни янги изланишларга мажбур қилди. Ушбу омиллар исломнинг фикрловчи доираларида калом баҳсларининг пайдо бўлишига замин тайёрлади. Баҳс юритишнинг ўзига хос тартиб-коидалари бўлган. Бундай “ҳужум-ҳимоя” кўринишидаги баҳс усули, яҳудийлар, насронийлар ва монийлар ўртасида қадимдан давом этиб келаётган мунозараларнинг энг оммавийси эди. Исломда “калом” йўналишига асос бўлган бундай баҳсларни олиб борувчиларга нисбатан “мутакаллимин”, яъни “сўзлашувчилар” атамаси қўлланила бошлади.

Калом, шу тариқа, ўз тараққиёти давомида шариат илмининг таркибий қисмига айланди. Шаръий асосдаги “калом” йўналиши тўлиғича Абу Мансур Мотуридийнинг таълимотидан бошланади. 

Жаҳон илм-маърифатига буюк улуш қўшган Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти Самарқандда ривожланган илоҳиёт илмининг иккинчи даврига тўғри келади. Имом Мотуридий ўз мактаб анъаналари ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр ислом илоҳиёти мактабининг ривожланишига катта ҳисса қўшади.

Абу Мансур Мотуридий Аҳли сунна ва жамоа эътиқодида шаклланган таълимотнинг асосчи, буюк калом имоми ва фиқҳ олими бўлиб, у дастлабки билимни Самарқанддаги “Иёдий” мадрасасида таълим олади. Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёдий, Имоми Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл кабиларни ўзининг устози деб билади. 

Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишида муносиб улиши бор. Жумладан, Мотуридий ҳанафийликнинг Мовароуннаҳр халқлари урф-одатларига таъсирини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди. 

Имом Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади. Жумладан, замондошлари Абу Мансур Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” каби номлар билан ҳам атаганлар.

Мотуридий ўз таълимотини анъаналарини ва илмий асарлари биланМовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожланишига катта улуш қўшди.Илоҳиёт илмлари тўла шаклланиб камол топишига хизмат қилди. Уларни қайта ишлаб чиқиб, маълум тизимга солишдек бир ишни амалга оширди ваҳанафий талимотини Ўрта Осиё халқларининг урф-одатлари биланбоғлиқлигини ўз қарашлари орқали кўрсатиб берди. Унинг таълимоти ислом динида икки буюк ақидавий йўналишдан бири сифатида танилади. 

Илми каломда юксак мартабаларга кўтарилиб, ўз даврининг тенгсиз шайхи бўлиб танилган имом Мотирудийнинг шогирдларини халқ тилида “мотуридийлар” деб аташган. Шунингдек, Имом Мотуридий алоҳида бир мазҳаб тузган эмас. Балки, Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг ақоидга оид фатво ва талимотларини таълим берган, атрофга ёйган. Ҳатто у кишининг ўзи ҳам, фуруъотда ҳанафий мазҳабига тобе бўлганлар. Китобларда “Мотуридий мазҳаби” ёки “мотуридийлар” деган атамалар учраб турса-да, буни алоҳида бир мазҳаб деб тушуниш тўғри эмас. Балки, Абу Ҳанифанинг усули дин соҳасидаги таълимотини Имом Мотуридийдан ўрганган ва унга амал қилган ҳанафийлар, деб тушуниш керак. 

Машҳур турк олими Тошкўпрозоданинг таъкидлашича: Аҳли-сунна вал жамода калом илми раислари икки киши бўлиб, улардан бири Ҳанафий иккинчиси Шофиъийдир. Ҳанафий Абу Мансур ал-Мотуридий, Шофиъий эса Абул Ҳасан Ашъарийдир”. Ҳар иккала имом бир-бирларини кўрмаган бўлсалар-да уларнинг мотуридия ва ашъария таълимотлари бирбирига жуда ҳам яқин бўлган. Натижада ушбу ўзаро яқинлик, ораларидаги иттифоқ ва келишувни вужудга келтиради. Аммо Мотуридий Ашъарийдан фарқли ўлароқ, инсон ўз амалида эркинлигини қайта-қайта эътироф этади. Бундан (эркинликдан А.Қ.) инсон кўнглига келган ишни қилиши керак, деган қараш келиб чиқмайди. Абу Мансур Мотуридий ҳар бир инсоннинг тақдири Аллоҳ томондан белгилаб қўйилганлигига қарамай, у (инсон) ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгардир, деб билади.

Маълумки, мусулмон Шарқида барча етук алломалар фиқҳ, ҳадис, тафсир ва бошқа ислом илмларини ўша даврда ислом марказлари бўлган Боғдод, Дамашқ, Куфа каби йирик шаҳарларда ўрганишган. Шунингдек, илоҳиёт, яъни, ислом фалсафаси бўйича илм олиш Бухоро, Самарқанд ва Хоразм каби Ўрта Осиё шаҳарларида амалга оширилган. Шу сабабли ҳам бу ўлкада буюк тасаввуф алломалари етишиб чиққан.

Имом Мотуридий таълимоти мўътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки ақл билан нақлни қўшиб фойдаланишни зарур деб ўргатади. Ақида борасидаги унинг қўшган яна бир улкан ҳиссаси шуки ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаганлар. Имом Мотуридий шунга чек қўйишда ва бу ўлкада ягона ақида тизимини ўрнатишда улкан ҳисса қўшган. У барча ақида борасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб берди. Бунинг натижасида турли хилдаги майда оқимларнинг кўпайиб кетишининг олди олинди. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек, ақидада ҳам у зотга эргашган.

Имом Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирги кунда ҳам турли диний асарларда унинг номи зўр эҳтиром билан тилга олинади. 

Х асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиёда, жумладан юртимизда қарматийлар оқимининг таъсири кучайганини кўриш мумкин. Уларнинг асосий кучи деҳқонлар, ҳунармандлар, бадавийлардан ташкил топган бўлиб, ушбу фирқа тузоғига аста-секин шаҳарлик савдогарлар, амалдорлар, сарой аъёнлари илина бошлаб, уларнинг тарафдорларига айлана борганлар. Бу эса аббосийлар ҳукмронлиги остида яшаган халқлар араблар, форслар, турклар, яхудийлар, насоролардан ташкил топган хилма-хиллик ўша даврда бугунги кунда миллатчилик деб аталадиганга ўхшаш салбий ҳолатни юзага келтиради. Хусусан, араблар ўз ирқига, форслар ўз ирқига, туркий халқлар ўз ирқига мутаасиблик қилишга ўтдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари таъкидлашларича, Мотуридий яшаган даврда зиндиқлик (атеизм, динга ишонмаслик, худосизлик) пайдо бўлган ва улар шу йўл билан мусулмонларга зиён етказмоқчи бўлишган. Шундай бўлса-да, аббосийлар зиндиқлик ҳаракатига қарши атрофлича кураш олиб боришган. Халифалар, олимларни зиндиқларни тарбиялаш мақсадида уларга қарши китоблар ёзишга, улар ўртасида тушунтиришлар ва мунозаралар олиб боришга, раддиялар беришга чақирганлар. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва шогирди Имом Абул Қосим ал-Ҳаким ас-Самарқандийлар бошлиқ аҳли сунна уламоларининг илмий фаолияти ва жасоратлари туфайли қарматийларга қарши халқ норозилиги кўтарилади. Ўзларининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қиладилар. Шу тариқа, соф исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳиятлари ва куч қувватларини аямадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари услубида ақида масалаларини ёрита бошладилар. Улар фиқҳий мазҳабда аҳли сунна вал жамоа сифатида ислом олами тан олган ҳанафийлар, шофиъийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар эътиқодий мазҳабда эса мотуридия ва ашъария калом мактабларига асос солдилар. Хусусан, мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи биринчилар сафида бўлдилар.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги кунда Имом Абу Мансур Мотуридийнинг таълимотини ўрганиш ёшларнинг ахлоқий ва маънавий тарбиясида ҳамда диний илмсизликнинг олдини олишда катта аҳамият касб этади. Бу хайрли иш туфайли буюк Имом Мотуридийнинг ислом, иймон, дин-диёнат, Ватан ва бутун инсоният олдидаги хизматларини тушуниб етамиз ва қадрлаймиз.

Толибжон Низомов, 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

Read 1295 times

Мақолалар

Top