Мақолалар

“Чиройли йўл юриш...”

Бир подшоҳ йўл қурдирди. Ишлар ниҳоясига етгач, мусобақа уюштиришга қарор қилди. Хоҳлаган одам бу мусобақада иштирок этиши мумкинлигини эълон қилган шоҳ энг чиройли йўл юрган кишини аниқлашини айтди.

Белгиланган кун йўл бошига халқ оқиб кела бошлади. Кимдир гўзал либосда, бошқа бири эса югуриш осон бўладиган қулай кийимда...

Барча кун бўйи ҳаракат қилиб янги йўлнинг бошидан охиригача бориб келди. Фақат подшоҳ ҳузурига қайтиб келганларнинг барчаси бир нарсадан шикоят қилишди:

  • Йўлда тўпланиб турган тош ва шағал уюми юришни қийинлаштиряпти!..

Қайтганлар сафи ортгани сайин подшоҳнинг юзидаги ўйчанлик ошиб борди.

Қош қорая бошлаган пайтда бир йўловчи ҳориб-чарчаган, уст-боши чанг-тўзон ҳолда маррага етиб келди ва ҳурмат билан қўлидаги олтин косани подшоҳга узатди.

  • Йўловчиларга халақит бераётган тош ва шағал уюмини олиб ташлаётгандим. Унинг остидан мана бу олтин коса чиқди. Менимча, бу сизга тегишли!
  • Йўқ, у сенга тегишли! – деди шоҳ кулимсираб.
  • Йўқ, – деди йигит ҳайрон бўлиб. – Ҳеч қачон бунча бойлигим бўлмаган.
  • Ҳа, аввал бўлмаган. Бироқ мусобақада ғолиб бўлиб, ҳозиргина қўлга киритдинг. Чунки энг чиройли йўл юрган киши инсонларга халақит ва озор бераётган нарсаларни олиб ташлаган кишидир! Ғалаба муборак!

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.

 

 

Read 910 times

Мақолалар

Top