Мақолалар

Бўйрачининг бир бош “узуми”

Халил бўйра тўқирди. Жойнамози бўлмаган намозхонни кўрса, дарҳол бўйрадан жойнамоз тўқиб, совға қиларди.

Бир куни ажиб туш кўрди. Умуртқасидан ток новдаси ўсиб чиқиб, унда бир бош узум етилибди. Кишилар ундан қанча келиб ейишмасин, тугамас эмиш. Бу кўп бора такрорлангач, бир шайхнинг ҳузурига бориб, таъбирини сўради. Шайх ундан:

– Фарзандинг борми? – деб сўради.

– Ҳа, икки ёшли ўғлим бор, – деб жавоб берди Xалил.

– Уни Мисрдаги ал-Азҳар университетида ўқитгин. Иншоаллоҳ, яхши инсон бўлади, – деб тайинлади шайх.

Шундай ҳам бўлди. Халил ўғлини ал-Азҳарда ўқитди. Бола саккиз ёшида Қуръонни ёд олди. Мусҳафи шарифни Имом Осимдан Ҳафснинг ривояти асосида қироат қилиб, биринчи бўлиб магнит тасмасига ёздирди. Шу сабабли Аллоҳ бу меҳнатига машҳурлик ато қилди. Унинг қироати бутун дунёга ёйилди. Кейинчалик бошқа қироатларни ҳам магнит тасмасига туширди.

“Ўргатувчи” услубида ҳам Қуръонни биринчи бўлиб магнит тасмасига ёздирди.

Биринчи бўлиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Қуръон ўқиди ва пешин вақтида азон чақирди.

Қуръон қироатига бағишлаб қатор асарлар битди. Унинг қарийб 55 йиллик Қуръон билан қилган сафари 1980 йил 23 ноябрда ниҳоясига етди.

Бу улуғ қироат соҳиби Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳдир. Биз мўмин-мусулмонларни ҳали ҳамон ўша “бир бош узум”дан баҳраманд этаётган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!..

Манбалар асосида
Муслима МИРКОМИЛ қизи
тайёрлади.

"Ҳидоят" журналининг 2023 йил 8-сонидан олинди

Read 735 times

Мақолалар

Top