Мақолалар

Аллоҳ улуғлаган зотлар

Аллоҳ таоло олимларнинг мартабаси ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)­ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси, 11-оят).

Шунга биноан, Яратувчининг Ўзи улуғлаб қўйган зотларга ҳасад қилиш, уларни камситиш учун одам ўтакетган жоҳил бўлиши керак. Негаки, фаҳму фаросати бор ҳар бир киши Аллоҳнинг амрига итоатсизлик қилиш – ўз бошини балолар жодиси остига қўйиш эканини дарров фаҳмлайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам олимларнинг мартабаси қанчалик баланд эканини қуйидагича баён этганлар: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Саъдийнинг “Гулистон”ида ажойиб ҳикоят бор: «Икки навжувон қишлоқдан Мисрга келди. Бири – илм ўрганиб, олим бўлди. Иккинчиси – мол жамлаб, Миср амири бўлди. Кунларнинг бирида улар учрашиб қолишди ва Миср амири уни мазах қилмоқчи бўлиб: “Буни қара, иккаламиз шаҳарга келган вақтимизда ҳар жиҳатдан бирдай эдик. Энди эса, мен Мисрга соҳиб бўлдим, сен келган вақтимизда қандай бўлсанг, ўша ҳолингча турибсан”, деди. Олим унга жавобан: “Сен Қоруннинг меросини қўлга киритдинг, мен Мусо алайҳиссаломнинг меросини”, деб жавоб берди».
Соҳибқирон бобомиз салтанатни бошқаришда ўзи қатъиян амал қилган ва фарзандларига ҳам тавсия этган ўн икки тамойилнинг еттинчисида уламою машойих, оқилу доноларга ҳурмат кўрсатиш масаласи айтилган. Ўзининг қандай қилиб элу юрт ҳурматини қозонгани, бепоён ерларни қўлга киритгани ҳақида бундай дейди: “Мен доим саййидларга эҳтиром билан қарардим, уламо ва шайхларни эъзозлардим. Бу кишиларни доимо мажлисларимга чақирардим. Уларни дин масаласи юзасидан айтганларини диққат билан тинглар ва унга амал қилардим. Шунинг учун менга нисбатан халқнинг меҳри баланд ва ҳамма мендан миннатдор эди”.
Олимни нега ҳурмат қилиш керак? Чунки олимлик игна билан қудуқ қазишдек гап. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганидек:

Қанча-қанча йиллар керак
Бир марди Ҳақ олим бўлиш учун.
Қанча-қанча асрлар керак
Бир марди Ҳақ валий бўлиш учун.

Бинобарин, йиллар давомида машаққатли меҳнатлар, уйқусиз тунлар, сарфланган кўз нурлари, эгилган қадду қоматлар, ўқилган ояти карималар, ҳадиси шарифлар... эвазига олим бўлган кишига Аллоҳ таоло валийлик фазилатини ҳам юқтириб қўяди. Бунга шубҳаланиб, олимга тош отиб кўриш – ўзини кўра-била туриб, фалокат гирдобига ташлашдир. Ақли соғлом одам бундай номаъқулчиликдан тийилади ва олиму уламонинг ҳурматини жойига қўяди, қадрлайди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

"Ислом нури" газетасидан

Read 948 times

Мақолалар

Top