Мақолалар

Устозни эхтиром килиш Аллох таолонинг буюк шиорларидандир

Динимизда аҳли илм, олимлар, устоз ва мураббийларга  шу қадар улуғ даража берилган-ки, уларга инсонларнинг энг аълоси ва фазилатлиси деб қаралган.  Бу борада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

 “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб,  шундай гувоҳлик берди: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир )Оли Имрон сураси, 18-оят(.

Имом Қуртубий (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Бу оятда илмнинг фазлига, олимларнинг шарафига ва уларнинг фазилатига далил бор. Агар бошқа бирор  киши олимлардан ҳам шарафлироқ бўлганда эди, худди олимларнинг исмини боғлагани каби  Аллоҳ таоло уларнинг исмини ҳам оятда ўзининг ва фаришталарнинг исмига боғлар эди. Уламоларнинг инсонлар ичида энг шарафли эканини исботловчи  кучли далил Аллоҳ таолонинг улар ҳақида нозил қилган ушбу оятидир:

...إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ

“...Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир (Фотир сураси, 28-оят).

Аллоҳ таолонинг бандалари орасида Ўзидан қўрқадиган аҳлидан қилгани ва буни Ўзи васф қилгани  уларнинг шарафли эканига кифоя қилади”.

Илм эгалари ўша илм билан жоҳил, билимсиз кишилардан фазилатли бўлади. Бунинг исботи эса ниҳоятда гўзал бўлиб у қуйидаги оятдир:

...قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

“...Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” ( Зумар сураси, 9-оят).

 Аллоҳ таоло нозил қилган шариат бўлмиш муқаддас динимиз исломни ҳам Ер юзида фақат илм эгаларигина бошқаларга етказади. Аллоҳнинг динини етказиш билан улар яна бир бор фазл эгасига айланадилар. Чунки фазилатли илмни ўргатиш ила яна фазл  топадилар:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...” ( Мужодала сураси, 11-оят).

Бу билан Аллоҳ таоло олимларнинг даражаларини кўтариб қўйди.

Бундай улуғ даража, буюк мартаба эгаларига фақат эргашиш ва иқтидо-итоат қилиш лозим. Зеро, жаҳолат пардалари кўзларини кўр қилган кимсалар йўлларини  уламоларнинг илм нуригина ёритади холос. Агар бу итоат “илоҳий амр” билан бўлса нақадар улуғ:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!...” ( Нисо сураси, 59-оят).

Бир гуруҳ муфассирлар иш эгаларидан мурод олимлардир, десалар, бошқа муфассирлар иш эгалари амирлар ва олимлардир, деб айтганлар.

Олимларнинг  даражалари юксак,  фазилати улуғ эканлиги борасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак  суннати шарифларида ҳам кўплаб ҳадислар  ворид бўлган.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деганларини эшитдим: “Кимда ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди ва фаришталар унинг қилаётган ишига рози бўлиб, қанотларини толиби илм учун ёзиб туради. Албатта у (илм толиби) учун осмон-у ердаги жонзотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади, Олимнинг обиддан фазли тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан фазли кабидир.  Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта  пайғамбарлар динор ё дирҳамни мерос қолдирмади, балки  илмни мерос қолдирди. Кимики уни олса, тўлиқ (мўл-кўл) насиба олибди(Имом Термизий ривояти).

Алломалардан бири ўз китобида уламолар ҳақида шундай деди: Олимлар ерда осмондаги юлдузларнинг ўрнидадир. Зулматда қолган кишилар улар билан ҳидоят топади. Инсонларнинг уларга бўлган ҳожати  овқатланиш ва ичиш каби ҳожатлардан кўра юксакроқдир”.

Ислом шариати мусулмонларни аҳли илм ва уламоларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради.

Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят  қилинади. “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Катталаримизни ҳурмат қилмаган,  кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас” – дедилар” (Байҳақий ривояти).

Илм ва олимларни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони  ва унинг шариатини улуғлаш демакдир.

Аҳли Сунна вал-Жамоанинг ақидаси – Аллоҳ таолога ишонмоқ,  Аллоҳнинг ҳидоятига бошлайдиган олимларни ғулувга кетмасдан ва уларни рад этмасдан ҳурмат қилиш ила уларга яқинлик ҳосил қилмоқдир.

Имом Таҳовий ўзининг машҳур ақида китобида шундай дейдилар:

“Аввал ўтган олимлар ва улардан кейинги тобеъинлар , аҳли хайр, аҳли асар, аҳли фиҳқ, аҳли назар фақатгина яхшилик билан эсланади. Кимики уларни ёмонлик билан эсласа у (аҳли суннат) йўлидан бошқа йўлдадир”.

Олимларни улуғлаш ва уларни ҳурмат қилиш Аллоҳ таолонинг шиорларни ҳурмат қилиш ҳисобланади.

  • ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ حُرُمَاتِ اللَّهِ فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ عِنْدَ رَبِّهِ وَأُحِلَّتْ لَكُمُ الْأَنْعَامُ إِلَّا مَا يُتْلَى عَلَيْكُمْ فَاجْتَنِبُوا الرِّجْسَ مِنَ الْأَوْثَانِ وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِ

  • حُنَفَاءَ لِلَّهِ غَيْرَ مُشْرِكِينَ بِهِ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَكَأَنَّمَا خَرَّ مِنَ السَّمَاءِ فَتَخْطَفُهُ الطَّيْرُ أَوْ تَهْوِي بِهِ الرِّيحُ فِي مَكَانٍ سَحِيقٍ

  • ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ

  • (Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта гуноҳ деб билса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир. Сизлар учун (ҳаром эканлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа (барча) чорва моллари ҳалол қилинди. Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашиб, ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз!
  • Аллоҳга чин ихлос қилиб, Унга ширк келтирмаган ҳолингизда (мазкурларни бажаринг)! Кимки Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулаган ва уни қушлар (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки уни (қаттиқ) шамол йироқ жойга учириб кетган (жонсиз нарса) кабидир.
  • (Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир ( Ҳаж сураси, 30-32- оятлар).

Уламолар айтганидек шиорлардан мурод – Аллоҳ таоло ўз фазли ила  рухсат берган ва улуғланишга буюрилган ҳар бир нарсадир. Уламолар ҳам  шак-шубҳасиз  шулар жумласидандир.

Шунга кўра уламоларга ёмонлик қилиш, уларга озор бериш Аллоҳ таолонинг шиорларидан бўлган бир шиорни улуғлашда камчиликка йўл қўйиш ва ундан юз ўгириш ҳисобланади. Баъзи уламолар айтади: “Уламолардан юз ўгириш жаҳаннам чуқурликларидан бир чуқурдир”.

Модомики, олимлар инсонларга ўз илмларини тарқатишда бардавом бўлар экан, уларни ҳурматини ўрнига қўйиш ҳам давомий бўлмоғи лозим. Зеро олимларни эҳтиром қилишлик улар эгаллаган илмни ҳурмат қилиш демакдир.

Шундан келиб чиқиб олимларнинг ҳақларига тўлалигича риоя  қилмоқ ва ҳурматларини сақламоқ барча  инсонларга вожиб бўлади. Акс ҳолда қадрига етилмаган  неъмат ва раҳмат  ҳисобланган уламолар ҳам йўқолиб бораверади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)шундай марҳамат қиладилар:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деганларини эшитдим: Аллоҳ таоло бандалари (ораси)дан илмни (ўзини) суғуриб олмайди. Балки, олимларни олиб қўйиш билан илмни тортиб олади. Ҳаттоки бирор олимни қолдирмайди. Инсонлар билимсиз кишиларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Ундан сўрайдилар у эса илмсиз фатво беради. Натижада ўзлари ҳам адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштиради (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизга илм эгаларини, уламоларни, устоз ва мураббийларни ҳурмат қилишни, бизларнинг мана шу илмга, унинг эгаларига бўлган ҳурмат ва муҳаббатимиз сабабидан Юртимиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизийлар етишиб чиқишини насиб айласин.

Жалолиддин Хамрокулов,
 ТИИ "тахфизул Курьон" кафедраси мудири

 

Read 7123 times

Мақолалар

Top