Ер ибодат жойи ва покланиш воситасидир. Намоз вақти кирса, ернинг исталган жойида ибодат қилиш ва сув топилмай қолган вақтларда тупроқ билан таяммум қилиб, покланса бўлади. Бу ҳақда бизга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари орқали хабар берганлар.
Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен учун ер юзи намозгоҳ ва покловчи қилинди. Қаерда намоз вақти кирса ва сув топилмаса тупроқ билан таяммум қилиб намоз ўқийвераман” (Имом Аҳмад ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Ер юзининг барчаси мен ва умматим учун намозгоҳ ва покловчи қилинди. Умматимдан қай бири намоз вақтига тўғри келиб қолса, албатта унинг ҳузурида намозгоҳи ва покловчиси муҳайёдир” (Имом Аҳмад ривояти).
Яқинда ўтказилган тадқиқотда олимлар тупроқда бактерияларнинг энг мураккаб турларини тозалаш ва йўқ қилишга қодир антибиотиклар мавжудлигини аниқладилар. Бу эса, ўз навбатида, ерни дезинфекциялаш воситаси эканлигини исботлайди.
Ушбу тадқиқотнинг бир қисми сифатида олимлар тупроқдан фойдаланиб, бактериянинг зарарли турларини йўқ қила оладиган воситани яратишга ҳаракат қилишди. Лабораториядаги кенг қамровли синовдан сўнг, улар ер жинсига оид моддалар барча турдаги бактериялар оиласини 24 соат ичида йўқ қилишга қодирлигини ва ер тупроғидан фойдаланилмаган синовларда эса, маълум бир бактериялар оиласи 45 баравар кўпайганини аниқладилар.
Натижада, олимлар ер юзасида антибиотиклар мавжудлигини аниқладилар. Ер жинсига оид моддалар табиатда бўлмаса, бактериялар инсон танасига кириб, ўлимга олиб келиб, вируслар ва бактериялар туфайли сайёрамизда ҳаёт мавжуд бўлмас эди. Бироқ Аллоҳ таолонинг инояти билан ҳаётимизнинг давом этишини таъминлаш учун табиатда покланиш воситаси сифатида ер ва унга оид тупроқни яратди. Бу неъмат учун фақат Аллоҳ таолога шукр қилиб, ҳамд айтишимиз керак.
Шермуҳаммад БОЛТАЕВ,
Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани
“Ўтовли Эшон” мaсжиди имом-хатиби