Мақолалар

Мўминнинг сифатлари

Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида  ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар. Улар закотни адо этувчидирлар. Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар. Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар. Айнан ўшалар меросхўрдирлар – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидирлар (Муъминун.1-11).

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтдилар: “… Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга ўнта оят нозил бўлди. Ким унга амал қилса жаннатга киради деб, Муъминун сурасининг “Мўминлар нажот топдилар” оятидан ўнинчи оятининг охиригача ўқидилар” (Имом Аҳмад).

Язид ибн Бабанус (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: “Оиша (розияллоҳу анҳо)дан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари ҳақида сўрадик. Оиша (розияллоҳу анҳу): Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари Қуръон эди деб, Муъминун сурасининг “Мўминлар нажот топдилар” оятидан “Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар” оятигача ўқиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқи шундай”, дедилар (Имом Насоий).

“Мўминлар нажот топдилар”

Аллоҳ таоло мўминларнинг нажот топишини қуйидаги сифатларга боғлаб қўйди. Ким бу сифатларни ўзида жамласа зафар қучади деб ҳукм қилди.   

“Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар”

Муҳаммад ибн Сирин (раҳматуллоҳи алайҳ): “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Намоз ўқиётганда осмонга қарардилар. Аллоҳ таоло “Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар” оятини нозил қилди. Шундан кейин намозда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сажда қиладиган жойга қарайдиган бўлдилар”, деган.

Муфассирлар оятнинг “камтар тутувчи” қисмини турли хил тафсир қилганлар. Баъзи олимлар бу банданинг қалбидаги хавф ва қўрқинч деганлар. Бошқалари эса инсоннинг ташқи аъзоларининг ҳаракатлантирмаслик, бурмаслик ва сукунат билан туриш дейишган. Учинчи тоифа уламолар мазкур икки фикрни жамлаган. Хушу ва камтарлик қалб билан бир қаторда ташқи аъзоларнинг сукунати ила бўлади.

Хушу ва хавфнинг ўрни қалбдир. Қалб хавф қилса ташқи аъзоларнинг барчаси қўрқади. Чунки қалб аъзоларнинг подшосидир. Намозда хушу қилмаган кимсанинг намози бандани ёмон ва мункар ишлардан қайтармайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг намози фаҳш ва мункар ишдан тўсмаса, бу ибодат Аллоҳ таолодан узоқликни зиёда қилади”, дедилар (Имом Тобориний).

Бишр Ҳофий (раҳматуллоҳи алайҳи): “Ким намозда хушу қилмаса, унинг намози бузилади”, деган. Имом Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳи): “Қалб ҳозир бўлмаган намознинг уқубати тез келади”, дейди.

Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Қуръони каримдаги “Парвардигоридан қўрқадиган зотларнинг терилари (баданлари) титраб кетар…” оятини ҳужжат қилиб, инсон жисмидаги ҳар бир тола туки Аллоҳдан қўрқмагунча хушу қилувчи бўлмайди”, деган.

Намозда хушу ва камтарлик қиладиган банда Аллоҳ таолога итоат қилиб, ўзини паст олиб, қалбдан барча ўй фикрларни чиқариб, таъзим ила туради. Ташқи аъзолари хотиржам, сокин ва сажда қилинадиган жойга қараб туриши керак. Хушу қилиш учун банда қалбини фориғ этиб, бошқа нарсаларни қўйиб намоз билан банд бўлиб, уни устун кўриши лозим. Шунда инсон қалбда роҳат, кўзда қувонч билан ибодат лаззати ва ҳаловатини топади. 

“Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар”

Нафсга амал қилиши ва тийилиши машққатли бўлган ишлар жам бўлиши учун Аллоҳ таоло намозда хушу билан туриш сифатидан кейин, лағв-беҳуда нарсалардан юз ўгиришни келтирди.

Ояти кариманинг “беҳуда (сўз ва ишлар)дан” қисми ҳақида турли маълумотлар мавжуд. Ҳаром, макруҳ ва инсоннинг ҳожати бўлмаган мубоҳ нарсалар беҳуда амалдир. Бир фикрга кўра лағв ҳаром бўлган нарсадан иборат дейилса, бошқасида гап ва сўздаги маъсият беҳуда ишдир деб таъкидланган.

Муқаддас динимизда бекор қилиш буюрилган ишларнинг барчаси лағвдир. Пировардида, ҳаром нарсаларнинг ҳаммаси лағв бўлади. Лағв гоҳида куфр, гоҳида ёлғончилик бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“…сизлар бу Қуръонга қулоқ солмангиз ва (уни чалғитиш учун) жаврайверингиз!...” (Фуссилат,26).  

“У жойда беҳуда сўз эшитмаслар” (Ғошия,11).

“Улар у жойда беҳуда ва гуноҳ (сўз)ни эшитмаслар” (Воқиа,25).

“Улар закотни адо этувчидирлар”

Мазкур оятдаги “закот” калимаси гоҳида яхши, мақталган ишларнинг барчасига нисбатан ишлатилади. Гоҳида эса молнинг ҳақи сифатида вожиб бўлган амалга закот дейилади. Иккинчи фикр ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки шариатда “закот” калимаси шу маънода ишлатилади.

Имом Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳи): “ “Закот” калимаси маънодош сўзлар туркумига киради. Нисобдан фақирга берилган миқдор “закот” сўзининг айни маъносидир. Муқаддас динимизда бажарилган яхши амаллар “закот” калимасининг кўчма маъносидир”, деган.

 “Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар”

Авратларини ҳаромдан сақловчилар зино ва бесоқолбозлик каби Аллоҳ таоло қайтарган ишларни қилмайдилар. Улар Аллоҳ таоло ҳалол қилган жуфтларидан бошқаларга яқинликлашмайдилар. Комил мўмин мазкур икки ҳолдан бошқа барча ҳолларда авратларини ёпади.

“Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар”

Бу ояти каримада никоҳидаги ва қўл остидаги аёллардан бошқасини истаса, ҳадга мустаҳиқ бўлиши баён қилинмоқда.

“Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар”

Омонат хиёнатнинг зиддидир. Қайтариб бериладиган вақтгача бошқа одамнинг молини сақлаш омонатдир. Шунингдек, омонатдорлик ибодатларда ҳам бўлади. Рўза ва жунуб одамнинг ғусл қилиши каби бутунлай махфий ибодатлар мавжуд. Комил мўмин бошқалари каби бу омонатларни ҳам сақлайди. Омонатга хиёнат қилиш ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамлар хиёнатининг каттаси, намозни мукаммал қилмасликдир”, дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “ Сизлар динда йўқатадиган нарсаларингиз биринчиси омонатдир. Йўқотган нарсаларингизни охиргиси намоздир”, дедилар (Имом Байҳақий). 

Келишув, ваъда ва назрлар аҳднинг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло аҳдга вафо қилишга буюиб, булар нажот топиш омили эканини баён этди.

“Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)дирлар”

Аллоҳ таоло комил мўминнинг сифатларини намоз билан бошлади. Шунингдек намоз билан тугатди. Бу эса бошқа амаллардан намозни афзал эканига далолат қилади. 

Аллоҳ таоло юқоридаги оятда намозда хушу қилишга буюриб, яна “намозларини асрагувчи” деб зикр қилди. Чунки хушу ва намозни асраш бир-биридан фарқ қилади. Хушу намоз ўқиётган банданинг сифатидир. Намозни асраш эса вақтнинг кириши, таҳорат, қиём каби намознинг шарт ва рукнларини мукаммал қилишдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал қайси экани ҳақида сўралганда. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўз вақтида ўқилган намоз…” деб жавоб берганлар (Имом Бухорий). Аллоҳ таоло бу ишларни мукофотини қуйидагича баён этди.

“Айнан ўшалар меросхўрдирлар – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидирлар”    

Юқорида зикр қилинган ояти карималардаги сифатларга амал қилса, ўша банда меросхўрдир. Яъни, дўзах аҳлининг жаннатдаги манзилини мерос қилиб олади. Бу ҳақда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга жаннат ва дўзахда биттадан маскан тайин қилган. Мўминлар ўз масканларини олиб, кофирларнинг манзилларига меросхўр бўладилар. Кофирларга эса дўзахдаги манзиллари берилади”, деган.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан ҳар бир кишининг икки манзили бор. Битта манзил жаннатда, бошқаси дўзахда. Бир киши ўлиб, дўзахга тушса, унинг жаннатдаги манзилига жаннат аҳли меросхўр бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло “Айнан ўшалар меросхўрдирлар” деган”, дедилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолодан жаннат сўрасангизлар, Фирдавсни сўранглар! Чунки Фирдавс жаннатнинг олийси ва ўртасидир. Унда жаннат анҳорлари оқади, ва унинг устида Раҳмоннинг арши бордир”, дедилар (Имом Бухорий).

Муҳаммад ибн Ҳиббон “Ҳадиснинг “жаннатнинг олийси” деган қисмидан жаннатнинг энг баланди Фирдавс экани тушунилади. Ҳадиснинг “жаннатнинг ўртаси” қисмидан жаннатларнинг жойлашиш жиҳатидан Фирдавс энг ўртасида экани ирода қилинган”, дейди.

Қуртибий, Розий ва Ибн Касир

тафсирларидан фойдаланилди.

Баҳриддин Жўрабек ўғли

Read 9015 times

Мақолалар

Top