Мақолалар

Азон ва иқоматни эшитган киши айтадиган дуолар

Азон ва иқоматни эшитган киши муаззин нима деса, ўшани такрорлайди. Фақат «Ҳаййа ъалал солаҳ, Ҳаййа ъалал фалаҳ», деганда:

لاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ

«Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ», деб айтади.
«Ассолату хойрум минан навм», деса:

صَدَقْتَ وَبَرَرْتَ

«содақта ва барорта» ёки

صَدَقَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، الصَّلاَةُ خَيْرٌ مِنَ النَّوْمِ

«содақа росулуллоҳ ассолату хойрум минан навм», дейди. Агар «қод қоматис солаҳ», деса:

أَقَامَهَا اللهُ وَأَدَامَهَا

«ақомаҳаллоҳу ва адамаҳа», дейди. Агар «ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ», деса, «ва ана ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ», деб, ортидан:

رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَبِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَسُولاً وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا

«розийту биллаҳи роббан ва биМуҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама росулан ва билИслами дийна», дейди. Азоннинг ҳаммасини эшитиб бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб, ортидан мана бу дуони ўқийди:

اللهُمَّ رَبَّ هَذِهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ وَالصَّلاَةِ القَائِمَةِ آتِ مُحَمَّدًا الوَسِيلَةَ وَالفَضِيلَةَ وَابْعَثْهُ مَقَامًا مُحْمُودًا الَّذِي وَعَدْتَهُ

«Аллоҳумма робба ҳазиҳид даъватит таммаҳ вассолатил қоимаҳ, ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлаҳ вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадтаҳ» (Эй бу комил дуонинг ва қоим бўлган намознинг эгаси Аллоҳим, Муҳаммадга васила ва фазилат бер, у зотни ваъда қилганинг мақтовли мақомда тирилтир). Сўнгра хоҳлаганича дунёвий ва ухровий дуоларни қилаверади.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон азонни эшитсанглар муаззин нима деса, ўшани айтинглар», дедилар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан

Read 1078 times

Мақолалар

Top