Мақолалар

Отани қувонтирган «SMS»

Шайх Али Тантовий раҳматуллоҳи алайҳ 20 асрнинг забардаст уламоларидан бўлиб, у кишининг қаламларига мансуб ибратли ҳикояни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бир йигит отаси билан бирга яшар, университетда таҳсил олар эди.
Кунларнинг бирида ушбу хонадонда ноқулай воқеа юз берди. Воқеа тафсилотини йигитнинг ўзидан эшитсак:

«Кутилмаганда мен билан отам ўртасида келишмовчилик юз бериб, ҳатто овозлар баландлаб кетди. Қўлимда ўқув ҳужжатлари бор эди. Жаҳлим чиққанидан қўлимдаги қоғозларни стол устидаги отдим-да, ётоғимга кириб кетдим. Одатимга кўра бошимни ёстиққа қўйдим. Ҳар гал ғам-андуҳлар гирдобида қолганимда уйқуга ётаман, чунки уйқуни ғамлардан қочишнинг ажойиб йўли деб биламан. Эртаси куни университетдан ташқарига чиққанимда, дарвоза ёнида телефонимни олиб, отамнинг кайфиятларини кўтариш учун ҳазил-мутойиба аралаш қуйидаги хабарни жўнатдим:

«Эшитишимча, инсон оёғининг таг қисми устки қисмига қараганда мулойимроқ ва юмшоқроқ бўлар экан. Шу гапнинг қанчалик тўғрилигини аниқлаш учун оёғингизни лабларим билан текшириб кўришга менга ижозат берасизми?»
Уйга бориб эшикни очдим, қарасам, отам ичкарида мени кутиб турган эканлар. Кўзларидан томган шашқатор ёшлар яноқларини жиққа ҳўл қилган эди.

Мени кўриб: «Оёқларимни ўпишинга рухсат бермайман, анави гапга, яъни оёқнинг ости устидан кўра юмшоқроқ бўлишига келсак, мен бу гапнинг тўғрилигини аллақачон, сен гўдаклигингда, оёқчаларингнинг устию остини ўпавериб, аниқлаб бўлганман», дедилар. Бу гапларни эшитиб, ҳўнграб йиғлаб юбордим.

Азизлар, бугун ҳаққимизга дуо қилиб турган ота-оналаримиз куни келиб, Роббимиз ҳузурига йўл олишади. Шундай экан, уларга яқин бўлайлик, йўқотмасдан олдин қадрларига етайлик, ота-онаси вафот этганлар эса уларнинг ҳақларига Аллоҳ таолодан раҳмату мағфират сўраб дуо қилсинлар.

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон

Read 973 times

Мақолалар

Top