Мақолалар

Акса урганда ва эснаганда бажариладиган суннатлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

  1. Аксирганда қўли ё кийимини оғзига қўйиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти). Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.

  1. Аксирганда овозини пасайтириш.

Аксиришда жуда баланд овоз чиқариш одобсизликдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, икки кафтини оғзига қўйсин ва овозини пасайтирсин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

  1. Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш.

Аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамду лиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ”(Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

4. Аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишига “ташмит” айтиш.

Мусулмон кишининг ҳақларидан бири аксирганда унга ташмит айтиш ҳисоланади. Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтишдир.Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса “алҳамдулиллаҳ”(Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум”(Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 928 times

Мақолалар

Top