Мақолалар

Чақимчи жаннатга кирмайди!

Ҳакимлардан бирини дўсти зиёрат қилди. Унинг олдида айрим биродарлари тўғрисида у-бу деб гапириб қўйди. Ҳаким айтди: “Зиёфатни бекор қилдинг.  Бу билан учта жиноят қилдинг, биринчи, биродаримни ёмонладинг; иккинчи, бўш қалбимни машғул этдинг; учинчи, ўзингни чақимчига чиқардинг” деди.

Каъбул Аҳбордан (Аллоҳ ундан рози булсин) ривоят қилинди. «Бани Исроил қабиласига қаҳатчилик келди. Мусо алайҳиссалом қабила аҳли билан уч марта сув сўраб чиқдилар. Уларга сув берилмади. Шундан сунг Мусо алайҳиссалом: “Эй Раббим, бандаларинг сувсизлик ва очликдан Сенга уч марта зорланиб, илтижо қилиб, нажот беришингни сўрадилар. Сен уларнинг илтимосларини, дуоларини ижобат қилмадинг!” дедилар. Аллоҳ таоло унга деди: “Эй Мусо! Мен сенинг ва сен билан бўлган қавмларингнинг дуоларини ижобат қилмайман. Чунки сизларнинг орангизда чақимчи бор. У чақимчиликни узлуксиз давом эттириб келяпти”. Мусо алайҳиссалом сўрадилар: “Ким у? Бизлар уни орамиздан чиқарайлик”. Аллоҳ: “Эй Мусо! Сизларни чақимчиликдан қайтармадими? Ҳаммаларингиз тавба қилинглар!” деди. Ҳаммалари тавба қилишди. Шундан сунг, Аллоҳ уларга сув берди».

Фақиҳлардан бири айтади: “Сизнинг олдингизга бир киши келиб, фалончи сизни бу ундай, бу бундай, деб гапирди”, деб кетиб қолса, сизга олти нарса вожиб бўлади.

 Биринчи, уни тўғри дея топманг. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб куйиб, қилган ишларингизда афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниклаб - текшириб кўринглар”.

 Иккинчи, сиз уни бу ишдан қайтаринг, чунки бундай қилиш вожибдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Одамлар чиқарилган  (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳий мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят)

Учинчи, Аллоҳ йўлида уни ёмон кўринг, чунки осийни ёмон куриш вожибдир.

Туртинчи, биродарларингизга ёмон гумонда бўлманг. Чунки гумон қилиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта айрим гумонлар гуноҳдир!” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Бешинчи, жосуслик қилмаслик. Чунки Аллоҳ таоло Каломуллоҳда жосусликдан қайтарди.

Олтинчи, чақимчиликка рози бўлманг ва ўзингиз ҳам уни қилманг. Чақимчи олиб келган ҳабарни бошқага айтманг. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чақимчилар жаннатга кирмайдилар” деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчаларимизни офиятда сақласин, чақимчилик офатидан ўз панохида асрасин.

Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандийнинг

 «Танбеҳул ғофилийн» китоби асосида 

Имом Термизий билим юрти 2-босқич талабаси

Муродулло Чориев тайёрлади. 

 

Read 752 times

Мақолалар

Top