Мақолалар

Бу дунё ҳаётига охиратни алмашманг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин киши нафсининг хоҳишларига қарши келишда сабрли бўлмоғи лозимдир. Бир умр шу ҳолда яшаш қийинку, деб ўйламасин. Чунки, бундай ўйлаши унинг қиёмат кунига, ҳисоб ва ҳашрга иймони заиф эканини англатади. Инсон дунёда узоқ яшагани билан барибир ниҳоясида вафот этади. Охиратда эса нафсининг шаҳватларига мухолиф бўлгани сабабидан лаззат, саодатни топади ва ана шунинг учун Роббиси азза ва жалланинг розилигини топади. 

Энди нафс хоҳишлари (ва турли орзу истакларига)га зид ҳаёт кечиришга сабр қилолмасачи, барибир бу умрнинг интиҳоси бор, охиратдаги Аллоҳ таолонинг доимий ёки бўлмаса гуноҳининг миқдорига кўра белгиланган муваққат азобига қандай сабр қила олади, чидай олади? Шунингдек, Роббиси ҳузуридаги хижолатликка, сўнгра эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги хижолатликка ва нафсига мухолиф бўлмагани учун алам-афсусларга қандай сабр қиларкин?

Ахир бу нафси аммора мудом ёмонликка буюрувчи нафснинг чақириқларига юрмай сабр қилишдан қийинроқ эмасми? 

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

«Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин. Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин» (Фотир сураси, 5-оят).

Эй одамлар, турли хаёлларга бориб, ғофил қолманг. У Зот «Қиёмат бўлади», деб ваъда берганми, демак, қиёмат бўлиши ҳақ. У Зот, «Ўлганлар қайта тирилади», деб ваъда берганми, демак, қайта тирилиш ҳақ. У зот «Бу дунёдаги ишлар охиратда ҳисоб-китоб қилинади», деб ваъда берганми, демак, охиратдаги ҳисоб-китоб ҳақ. «Кофирлар, мушриклар, мунофиқлар, осийлар ва гуноҳкорлар дўзахда азобланади», деб ваъда берганми, демак, уларнинг азобланиши ҳақ. Бу дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳларига берилиб, алданиб қолманг. Бу дунё ҳаётига охиратни алмашманг. Шайтон одамларни энг кўп ғурурга кетказади ва алдайди. Яъни, «Ҳеч нарсага парво қилма, Аллоҳнинг Ўзи кечирувчи», деб, одамларни гуноҳ ишларга чорлайди. Аллоҳ таолонинг афв этиши ва мағфират қилишини суиистеъмол этиб, Аллоҳ Ўзи кечирар, деб ҳар хил гуноҳларга қўл уравериш нақадар ёмон шайтоний иш эканини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик зарур бўлади.

«Ўзимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (деди) (Юсуф сураси, 53 оят).

Мен бу гапларни нафсимни оқлаш учун айтаётганим йўқ. Аслида, нафс эгасини доимо ёмонликларга ундаб туради. Аллоҳ раҳм қилган зотнигина нафси ёмонликка ундамайди. Энг муҳими:

«Албатта, Роббим ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

У Ўзининг Ғафур сифати ила бандаларидан ўтган гуноҳларни мағфират қилади.

У Ўзининг Роҳийм сифати ила бандаларига раҳм кўрсатади».

Оятда айтилганидек нафси аммора инсонни ҳар доим ёмонликка ундаб туради. Агар вақтида унинг давоси қилинмаса, инсон қалбини хароб қилиши мумкин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор нарсани кучли яхши кўришинг кўзни кўр ва қулоқни эса кар қилади», дедилар.

Имом Термизий ривояти.

Ҳаддидан ошган муҳаббат фойда эмас, зарар келтириши маълум. Агар ўша муҳаббат ўз нафсига бўлсачи? Бу нафси амморани ниҳоятда қувватли қилиб юборади. Натижада, инсон: «Айтган барча гапларим тўғри, булар ҳеч нарса билишмайди. Менга қарши гапиришга уларнинг ҳаққи йўқ», каби нафс ўйларига бориб, қалбини хароб қилади. Бу ҳолат ҳар бир инсонда бўлиши мумкин. Нафси аммора одам танламайди, барчани ўз йўриғига юргизаверади.

Нафси аммора Ислом шариатида ман қилинган барча нарсаларни қилишни хоҳлайди. Уни ўзи инсофга келиб қолади, деб кутмасдан Ислом ҳукмларига амал қилиш билан синдириш, зоил қилиш керак.

Бу нафс ҳамманинг устидан ҳукмрон бўлиш, бой бўлиш, насаби ила мағрурланиш, бошқалардан ўзини баланд олиш, ҳамма унга қарам бўлиши, ҳеч кимга тобе бўлмаслик каби орзу-истакларнинг асосидир.

Нафси аммора муолажа қилинмаса, оқибати жуда ҳам аянчли бўлиши мумкин. Руҳий тарбия устозлари ёмонликка ундовчи нафсни тарбиялаш учун маълум зикрлар, сабоқларни айтишган. Унинг энг яхши ва самарали давоси зикрдир. Зикрдан мурод шариат буюрган барча ишлардир.

Баҳоуддин Нақшбанд роҳимаҳуллоҳ нафси амморани тарбиялаш борасида: «Мен Аллоҳ (розилиги)га энг тез етказгувчи  йўлни топдим. Бу нафсга мухолиф (қарши) бўлишдир», деганлар.

Жумладан, кимда намозга эринчоқлик бўлса, дарров янги таҳорат қилиб, намозни ихлос билан ўқийди. Агар китоб ўқишга иштиёқ бўлмаса, шу ондаёқ ихлос билан китоб ўқишга киришади. Агар бирор кимса ҳақида ёмон фикрлар келса, унинг ҳаққига дуои хайр қилади. Хуллас, нафси амморанинг хоҳишига қарши унинг хилофини қилиш, айни ўзини синдириш демакдир.

Қатода розияллоҳу анҳу айтадилар: «Киши ўз нафсининг ислоҳи учун илмдан бир боб ёдлаши, бир йиллик (нафл) ибодатдан афзалроқдир».

Аввало, ҳар ким ўз нафсини ислоҳ қилиши лозим. Зеро, ибодатлардаги риё, ужб ва сумъа каби иллатлар ҳам мана шу нафс касалликлари натижасида юзага келади.

Фойдаланилган манбалар:

«Тафсири Ҳилол» китоби
@arabicuz
fitrat.uz

Хуршид Маъруф тайёрлади

 

Read 779 times

Мақолалар

Top