Мақолалар

Қалб хотиржамлигига қандай қилиб эришиш мумкин?

Нима сабабдан ҳаётдан ноумидсиз, тушкунликка тушгансиз?

Қалб хотиржамлигига қандай қилиб эришиш мумкин?

Бу саволларга турли одамлар турлича жавоб беришади. Баъзилар агар солиҳа аёлинг, кенг уйинг, юқори даромадли ишинг бўлса хотиржам бўласан дейди. Йўқ, йўқ асло ундай эмас! Қалб хотиржамлигига эришишнинг фақат битта йўли бор. Уни Аллоҳ таоло Ўзи Қуръони каримда бизга маълум қилган: “Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур” (Раъд сураси, 28-оят).

Банда Аллоҳни зикр қилиш билан қалбини юпатади, қалби лаззатланади. Аллоҳни зикр қилиш бу – Қуръон тиловати, Аллоҳнинг амрига бўйсуниш, суннатга эргашиш каби солиҳ амалларнинг барчаси киради.

Демак, қалб халоватига эришишнинг ягона йўли – Аллоҳни зикр қилиш экан. Ҳатто, ҳашаматли уйи, замонавий машинаси, катта даромадли иши бор одам ҳам қалб хотиржамлигига эриша олмаслиги, бир умр тушкунликда яшаши мумкин. Зеро, қанчадан-қанча машҳур, бой инсонлар ўз жонларига қасд қилдилар, депрессиядан қийналиб кун кечирдилар. Буларнинг барчасига Аллоҳни зикр қилмаслик сабабдир.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз” (Тоҳа сураси 124-оят).

Аллоҳнинг зикридан юз ўгирганлар учун ҳатто ер юзи, бутун сайёра ҳам торлик қилади. Уйи, иши, аёли, фарзандлари бўлса-да, лекин қалби хотиржам бўлмайди. Қалби ҳамиша нотинч, хавотирда бўлади. Энг ёмони – нафақат бу дунёда қийинчиликларга дучор бўлади, балки охиратда ҳам азобланади. Ҳатто кўзи кўр ҳолатда тирилади. Шунда банда: “Эй Роббим, нима учун мени кўр ҳолда тирилтирдинг. Ахир, кўрувчи эдим-ку” дейди. Аллоҳ таоло унга жавобан бундай дейди: “Сенга оятларимиз келди. Сен эса, уларни унутдинг? Шунингдек, сен ҳам бугун унутилурсан”.

Демак, агар қалб хотиржамлигига эришишни истасангиз – Аллоҳни кўп зикр қилинг!

Айримлар: “Ахир дунёда кўплаб мусулмонлар тушкунлик, депрессиядан азобланяпти-ку?” деб эътироз билдириши мумкин.

Ҳа, албатта. Синов ва мусибатлар мусулмоннинг ҳам бошига тушади. Лекин у қийинчиликларни сабр билан кутиб олади. Аллоҳнинг мукофотларини қўлга киритиш учун бир сабаб деб билади. Охиратдаги даражасининг юқори бўлишидан умид қилади. Аммо бошқалар эса, мусибатга учраши билан нолий бошлайди. Яшашдан умидини узади, ўз жонига қасд қилишгача боради.

Олимлар гўзал бир мисол келтирадилар. Гуноҳ экзема касалига ўхшайди. Бу касалликка дучор бўлган одам танасини қичиса роҳатланади, тасалли олади. Аммо бу вақтинча бўлиб, қичишни тўхтатганидан кейин янада баттар қизариб, ачишади, қонайди. Худди шунингдек, агар зино, ёлғон, алдаш, фирибгарлик каби гуноҳ ишлар билан бахтга эришмоқчи бўлсак, вақтинча ҳузур-ҳаловатни қўлга киритишимиз мумкин. Лекин унинг азоби аламли ва қаттиқ бўлади. Уни тавсифлашнинг, изоҳлашнинг иложи йўқ. Қалб эса беҳузур бўлиб қолаверади...

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 883 times

Мақолалар

Top