Мақолалар

Беморнинг зиёратига борганда бажариладиган суннатлар
  1. Бемордан ҳол – аҳвол сўраш, унинг ҳақига дуо қилиш.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморнинг олдига келсалар ёки у ҳузурларига олиб келинса:

“Азҳибил баъса Роббан нааси ишфи ва анташ шаафий лаа шифааъа иллаа шифааъука шифааъан лаа юғодиру сақоман”

“Ё инсонларнинг Робби! Зиённи кетказ. Шифо бер, Сен шифо берувчисан. Сенинг шифоингдан ўзга шифо йўқ. Ҳеч қандай дардни қолдирмайдиган шифо(бер)!”.

Ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен касал бўлганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга паноҳ тилардилар. Бир куни:

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Уъийзука биллаҳил аҳадис сомад, аллазий лам ялид ва лам юлад ва лам якуллаҳу куфуван аҳад. Мин шарри ма тажиду”

“Якка, беҳожат, туғмаган, туғилмаган ва бирор тенги йўқ Аллоҳ номи ила етадиган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ тилайман”, деб менга паноҳ тиладилар (Имом Ибн Суний ривояти).

  1. Бирор ҳадя, кўнгилни хушнуд этувчи нарса олиб бориш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касал кишини кўргани кириб: “Кўнглинг бирор нарса тусаяптими? Бирон нарса ейишни хоҳлайсанми?” деб сўрадилар. У киши: “Ҳа”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир егулик келтиришни буюрдилар (Имом Ибн Можа, Имом Ибн Сунний ривояти).

  1. Беморга яқин жойда, иложи бўлса, бош томонида ўтириш.
  1. Яхши сўзлар билан беморнинг кўнглини кўтариш, тасалли бериш.

Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касал ёки маййитнинг олдида ҳозир бўлсангиз, фақат яхши гапни айтинглар. Чунки фаришталар айтаётган нарсангизга омин, деб туришади”, дедилар.

  1. Дард Аллоҳнинг неъмати экани, бунинг шукронасига тавба – тазарруъ қилиш ҳақида сўзлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касал кўргани борсалар:

“Лаа баъса тоҳурун иншаа Аллоҳу” (Ҳечқиси йўқ, Иншааллоҳ, бу покланишдир), деб айтардилар.

  1. Беморга очиқ юз, хуш кўнгиллик билан муомала қилиш. Унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.
  1. Беморга турли кинояли, кўнгилга оғир ботадиган сўзларни айтмаслик.
  1. Агар зарурати бўлмаса, касал кўргани кечқурун борилмайди. Чунки одатда дард кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи таранглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.
  1. Касални толиқтирмаслик учун унинг олдида узоқ ўтирмаслик.
  1. Беморни овқат ейишга мажбурламаслик.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Беморларингизга овқат ва ичимликни мажбурламанглар. Чунки Аллоҳнинг ўзи уларни едириб-ичириб туради”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).

  1. Беморнинг дуосини олиш.

Маймун ибн Маҳрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касалнинг олдига кирсанг, ҳақингга дуо қилишини сўра. Чунки уларнинг дуолари худди фаришталарнинг дуосига ўхшайди”, дедилар. (Имом Ибн Можа, Имом Ибн Сунний ривояти).

  1. Беморнинг ҳузуридан тураётганда Аллоҳдан унинг ҳақига шифо сўраб дуо қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ажали яқинлашмаган беморни кўргани борган ҳар қандай мусулмон банда етти марта

“Асалуллоҳал аъзийм Роббал аршил аъзийм ан яшфийка” (Аллоҳ таоло улуғдир ва улуғ Арш эгасидир. Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман), деб айтса, у шифо топади», дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур”, дедилар.

“Ё Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси недир?” дейилди.

“Мевасидир”, дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 986 times

Мақолалар

Top