Мақолалар

Қувайтда етук қорилар учун халқаро мусобақа ўтказилади

Куни кеча Қувайтнинг Вақфлар ва ислом ишлари вазирлиги томонидан Қуръони каримни ёд олиш ва тажвид қоидаси асосида чиройли тиловат қилиш бўйича халқаро мусобақа вақтини эълон қилиш учун матбуот анжумани ўтказилди. Унга кўра, Қувайт амири Шайх Наваф Aҳмад Жобир ас-Сабоҳ бошчилигида XII Кувайт Халқаро Қуръони карим мусобақаси шу йилнинг 8-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтиши ва унда 80 та давлат вакили иштироки маълум қилинди. Бу ҳақда IQNA сайти “Aл-Жарида” нашрига таяниб хабар берди.

Қувайтдаги Халқаро Қуръони карим мусобақаси Ижроия қўмитаси раҳбари Муҳаммад ал-Aлим бундай деди: “Ушбу танлов учун бу халқаро мусобақани шакллантириш ва ўтказишга тайёргарлик йиғилишлари бўйича мутахассислардан иборат ихтисослашган қўмиталар бор бўлиб, улар иштирокчи мамлакатларни хабардор қилади, иштирокчилар учун дастлабки тест синовларини ўтказиш, жумладан, вазирлик ва давлат идоралари билан мувофиқлаштириш ишларини олиб боради”.

Қувайт Халқаро Қуръони карим мусобақаси ижроия қўмитаси раҳбари сўзида давом этиб, бундай деди: “Ушбу халқаро мусобақанинг турли йўналишларида қатнашиш учун 80 та давлат таклиф этилган. Унинг доирасида Қуръони карим кўргазмаси ҳам ўтказилиб, унда Қуръон билан боғлиқ мавзуларда маърузалар тингланади”.

Мусобақа қуйидаги 4 йўналишда бўлади:

1. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш;
2. Қуръони каримни ўн хил қироат билан тўлиқ ёддан ўқиш;
3. Қуръони каримни тажвид қоидалари билан хушовозда тиловат қилиш;
4.Қуръони каримга хизмат қиладиган муассаса ва жамиятлар томонидан Қуръони каримни ёдлатиш бўйича энг яхши лойиҳалар тақдим этиш.

Танлов якунида мазкур 4 та йўналишда ғолиб бўлганлар қимматбаҳо соврин ва совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, иштирокчилар учун Кувайт давлатининг диққатга сазовор жойларига ташриф ташкил этилади.

Муҳаммад ал-Aлим бундай деди: “XII Кувайт Халқаро Қуръони карим мусобақаси ҳайъати ҳар йили Қуръони каримга жаҳон миқёсида қатъий мезонлар асосида хизмат қилган етук шахсларни тақдирлайди ва жорий йилги Қуръон шахсиятлари орасида таниқли қори, шайх Aҳмад, мисрлик қори Халил Шаҳин Қобис ва Кувайтдан Ойша Aбдурраҳмон ас-Сафийни ҳам алоҳида қайд этиш мумкин”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон домла АҲМЕДОВ тайёрлади.

Read 951 times

Мақолалар

Top