Мақолалар

Соғлом эътиқод соғлом ҳаёт асосидир

Меҳр-оқибат, мурувватпешалик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик Президентимиз рахнамолигида олиб борилаётган бугунги давлат сиёсатининг асоси, халқимизнинг хос фазилатларидандир.

Аммо дунёда содир бўлаётган экстремистик ҳаракатлар, қўпорувчилик, бегуноҳ инсонлар қонини тўкиш, ўқув даргохдари ва ҳатто муқаддас қадамжоларни топтаб, йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлар диний тартибларга, оят ва ҳадисларга ҳам мутлақо зиддир.

Адашган бандаларнинг қотиллик ва жаллодликни «жиҳод» деб билишлари, ёшлар онгини заҳарлаб, ҳижрат қилишга чақиришлари, юртни, юртдошлар ва ҳатто ота-оналарини ҳам юзига оёқ босишни Аллоҳ йўлидаги жиҳод деб тарғиб этишаётгани лаънатга муносиб.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга бир- бирингизни обрўйингиз, молингиз, жонингиз, қонингиз ҳаром қилинди» - деганлар. Яна ул муҳтарам зот: «Мажбур бўлмаганимда ватанимни тарк этмас эдим» - дея надомат қилганлар.

Буларни қайта-қайта тилга олишимиздан мақсад бир-биримизни ва айнан фарзандларимиз хулқини, эътиқодини ислоҳ этишдир.

Минг шукурки, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмокда. Турмушимиз тўкис, рўзғорларимиз тўкин. Аммо шундоқ бахтли ҳаётимизга ғараз билан қараётганлар ҳамон йиртқич ҳашаротдай ғимирлашмоқда.

Ижтимоий тармоқлардан тортиб, газета-журналларгача, бадиий асарларда ҳам бундай вайронкор ғоялардан сақланиш, уларга зарба бериш тарғиб қилинмокда. Ҳам назарий, ҳам амалий ҳолда экстремистик оқимларнинг ҳаракатлари қораланиб, пировард натижаси таназзул экани яққол кўриниб турсада, ғаламисларнинг чиранишларидан ҳар сония ҳушёр ва огоҳ яшашимиз зарурлиги яққол кўринмоқда.

Динимиз аллақандай жиҳодлару, ҳижрат қилишлардан иборат эмас, аксинча, динимиз эзгулик, меҳр-оқибат, саховату ўзаро ҳурмат ва иззат каби яхши амалларга шарафдир. Буни унутишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Бунинг учун имонимиз, эътиқодимиз соғлом бўлиши зарур. Эркинлик ҳуқуқидан тароват топаётган ибодатларимиз риёдан ҳоли бўлиши ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарз. Чунки соғлом ва бахтли ҳаётнинг асоси соғлом эътиқоддир.

 

ХУСАНХОН ДОМЛА ИБРОХИМОВ

Наманган шаҳридаги “Юсуфхон ўғли Қосимхон”

жоме масжиди имом ноиби.

 

Read 1093 times

Мақолалар

Top