Москва халқаро аэропорти. Самолётлар шунқордек парвозга шай. Олис юртлардан келган учоқлар бирин-кетин қўнмоқда.
Кутиш залида тумонат одам. Кимдир қўлида паспорт билан бетоқат бўлиб навбат кутмоқда, яна кимдир чамадонини олишга ошиқмоқда. Кимдир телефон титкиласа, яна кимдир мириқиб китоб мутолаа қилмоқда.
Ўриндиқларнинг бирида ўтирган йигит атрофга олазарак қараб қўйди. Қўл телефони уч-тўрт маротаба қайта-қайта жиринглади. Ҳар сафар “Дадам” деган ёзув чиқарди. Лекин у жавоб бермади.
Йигитнинг онги заҳарланиб, Сурия сафарини мўлжаллаган эди. Йигит хаёлан осмону фалакда уча бошлади.
Эҳ, текин пишлоқ фақат тузоқда, қопқонда бўлишини бу йигит билармикин? .
Телефони қисқа жиринглади. Йигит “смс”ни очди, унда бундай сатрлар ёзилганди: .
“Ўғлим, икки ойдирки хорижга ишлагани бораман, деб ҳоли жонимга қўймадинг. Сенга рад жавобини бердим. Кеча пешиндан сўнг бироз мизғиб олиш учун хонага киргандим. Сўнг сени сўрасам, шу атрофда дейишди, лекин тополмадик. Биламан, ҳозир сафардасан. Охирги пайтларда сўзларингдан фақат жаҳолат уфуриб турарди, кўзларингда ёвузликни сезардим.
Ўғлим, огоҳ бўл! Ортингга, Ватанга қайт! Сени ота-онанг, укаларинг, сингилларинг, жигарларинг кутмоқда. Айниқса, кенжа синглинг Фотима сени кечадан бери сўрайди.
Ўғлим! Туғилганингда бир парча эт эдинг. Онанг иккаламиз қанчалик қувонганимизни биласанми?
Ўғлим... ёшлигингда “велик” оберинг деб хархаша қилдинг, она қўйни сотиб “велик” харид қилганимизда, қанчалик хурсанд бўлганинг эсингдами?
Футбол ўйнагани янги “бутси” кийганингда, қувончингга шерик бўлганимни сезганмидинг?
Ўғлим, қалбимда оталик меҳри жўш уряпти. Мен айтяпман, синглинг телефонга ёзяпти, онангнинг кўзлари жиққа ёшга тўлган”.
Йигит “смс”ни ўқиркан, қалбида болалик меҳри жўш ура бошлади. Юрагида ниш ура бошлаган қабоҳат, разолат ўрнини эзгулик, силаи раҳм ҳис-туйғулари эгаллай бошлади.
«Ўғлим! Огоҳ бўл!
Авлодимиздан хоин чиқмаган.
Ўғлим! Огоҳ бўл! Термилган кўзлар ортида минглаб ҳийлалар яширинган, табассумлар ортига шайтоний тузоқлар қўйилган, “дур” мисол ёқимли сўзлар ортида қармоқлар бор».
Йигит “смс”ни ўқиган сайин қайноқ юрагида раҳм-шавқат тўлқинлари уйғона бошлади.
Йигит бошини мағрур кўтарди, қўлидаги “Москва – Дамашқ” йўналишидаги чиптани ғижимлади, кўзларида нур ва шукроналик учқунлари порлади ва беихтиёр чиптани йиртиб улоқтирди.
Бу вақтда кутиш фойесини меҳр билан артаётган фаррош аёл йигитга яқинлашаркан, ҳайрону лол бўлиб:
– Ну что, парень, что случилось?
Йигит фаррош аёлга самимий боқаркан:
– Спасибо, папе. Большая ошибка предотврашена, – деди ва ўрнидан туриб, шахдам қадамлар билан “касса” сари йўналди.
Фаррош аёл серрайиб, лабини бураркан:
– Ну-у парень, ну-у парень... – дея олди холос.
Йигитнинг чипта олиши осон кечди. “Москва – Тошкент” йўналишидаги чиптани оларкан, қалбида вулқондек отилиб келаётган ҳис-туйғулари тилига кўчди:
– Раҳмат, отажон, менинг халоскорим, катта хатонинг олди олинди, мени золимлар ва ўлим чангалидан қутқариб қолдингиз. .
Йигит ойна ортида юраркан, порлаб турган кўзлари қўниш майдончасидан Ўзбекистон учоғини излай бошлади...
Тоҳиржон ТУНГАТОВ,
Чиноз тумани “Ҳазрат Али” жоме
масжиди имом-хатиби