Мақолалар

Аллоҳдан ўзгадан ҳожатингни раво қилишни сўрама

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

У Зотдан ўзгадан У сенга туширган ҳожатни раво қилишни сўрама! Қандай қилиб У қўйган нарсани Ундан ўзга кўтара олади?! Ўзидан ҳожатни кўтара олишга қодир бўлмаган кимса қандай қилиб ўзидан бошқадан уни кўтара олади?!
Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг барча сифатларидаги ваҳдонияти ҳақида сўз юритган. Банда барча нарсада фақатгина У Зотга қайтиши лозимлигини уқтирмоқда. Беҳожатлик Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига хосдир. Ҳожатмандлик эса бандага хосдир. Ожиз банда бу дунёда яшар экан, доимо ҳожатманд бўлиб туради. Ўшанда аввало бу борадаги ақийдасини тўғрилаши керак бўлади. У барча ҳожатларни чиқарувчи ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини унутмаслиги лозим.
«У Зотдан ўзгадан У сенга туширган ҳожатни раво қилишни сўрама!» 
Сўраш у ёқда турсин, ҳожатни Аллоҳ таолодан бошқа зот чиқариши мумкинлигини хаёлга келтириб ҳам бўлмайди. Банда энг аввал мана шу ҳақиқатни тушуниб етмоғи лозим. Кейин ҳожатни чиқаришини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрамоғи керак. Зотан, бандани ҳожатманд қилган ҳам У Зотнинг Ўзидир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир, ҳақиқий куч ва қувват ҳам У Зотга хосдир. У Зотдан бошқаларнинг эса ҳожатни раво қилишга имконлари йўқ. Уларнинг барчаси Аллоҳ таолога муҳтождир. Уларнинг бирортаси ҳеч қандай ҳожатни чиқара олмаслар.
Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

«Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказур. У ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (107-оят).
Бандага фойда ёки зарар етиши Аллоҳнинг иродаси билангина бўлади. Ҳа,
«Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир».
Борлиқнинг ягона Холиқи, Қодиру Молик Зот бир бандани зарар ила тутса, у ожиз бандага ким ҳам ёрдам бериб, мушкулига кушойиш ато қила олар эди?! Шунингдек,
«Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир».
Аллоҳ яхшилик келтирадиган ишларни қилганларга яхшилик, ёмонлик келтирадиган ишларни қилганларга ёмонлик етказишни ирода этгандир. Аллоҳ бандалари ичидан Ўзи хоҳлаганларини фазлига эриштиради. Бу орада бандалардан баъзи гуноҳлар содир бўлса-ю, тавба қилсалар, Аллоҳ уларни мағфират этади. Уларга раҳм кўрсатади.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади: «Агар Аллоҳ сенга бирор зарар етказса, Ўзидан бошқа унга кушойиш берувчи йўқ. Агар У сенга бирор яхшилик етказса, бас, У ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (17-оят).
Бу дунёда агар хоҳласа, зарар етказувчи Зот ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Агар У Зот бирор бандага зарар етказадиган бўлса, бутун дунё бир бўлиб ҳаракат қилганда ҳам ўша бандадан зарарни кетказишга қодир бўла олмайдилар. Мазкур зарардан кушойиш берувчи ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзидир. Аксинча, Аллоҳ таоло бирор бандага яхшилик етказмоқчи бўлса, бутун дунё бирлашиб ҳаракат қилганда ҳам ўша бандадан яхшиликни тўса олмайди. Ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ Ўз иродасини амалга оширади.
Мушриклар Аллоҳга шерик қилиб келтираётган бут-санам, турли ҳайвон ва мавжудотлар, тузум ва фирқаларнинг қайси бири шундай қудратга эга? Улардан ҳеч бири ўзига етган зарарни қайтара олмайди, хоҳлаган пайтида ўзига манфаат ҳам жалб қила олмайди.
(Давоми бор)

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобидан

Read 1434 times

Мақолалар

Top