Кўпчилик инсонлар баъзи тақиқланган нарсаларга сира эътибор бермайдилар, уларни бузишга ҳам бемалол журъат қиладилар. Бундай даҳшатли касалликка чалинганлар абадий ҳаётда ҳалок бўладилар.
Муолажа услуби
Бундай иллатнинг олдини олиш учун, аввало шубҳали нарсалар ва ҳаракатлардан сақланиш лозим. Чунки шубҳа ҳаромга олиб бориши мумкин. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
سمعتُ رسولَ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّمَ يقول : وأهوى النعمانُ بإصبعَيه إلى أُذُنَيه : إنَّ الحلالَ بيِّنٌ وإنَّ الحرامَ بيِّنٌ وبينهما أمورٌ مُشتبِهاتٌ لا يعلمهنَّ كثيرٌ من الناس فمنِ اتَّقى الشُّبُهاتِ استبرأ لدِينِه وعِرضِه ومن وقع في الشُّبهاتِ وقع في الحرامِ كالراعي يرعى حول الحِمى يوشكُ أن يرتعَ فيه ألا وإنَّ لكلِّ ملكٍ حمًى ألا وإنَّ حمى اللهِ محارمُه ألا وإنَّ في الجسدِ مُضغةً إذا صلُحتْ صلُح الجسدُ كلُّه وإذا فسدتْ فسد الجسدُ كلُّه ألا وهي القلبُ
“Ҳалол аниқ, ҳаром аниқ. Аммо уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар уни билмайдилар. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди. Ким тўсиқ атрофидаги чўпонга ўхшаб шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, унга тушиб қолади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир подшоҳнинг чегараси бўлади. Аллоҳнинг Ердаги чегараси У Зот ҳаром қилган нарсалардир. Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Доримий, Ибн Ҳиббон, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда емоқ, ичмоқ, киймоқ, никоҳдаги ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.
Имом Ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳии айтади: “Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин”.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ эса: “Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга солиштириб кўриш мумкин”, деган.
Шунинг учун, қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига ҳам яхши бўлади.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.