Мақолалар

Доимо Аллоҳга тақвода бўл!
  • Доим Аллоҳдан тақво қил, зеро бу энг яхши захира ва энг керакли насиҳатдир. Аллоҳ таоло айтадики: "Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур". (Талоқ сураси, 2-3 оятлар) Кейинги оятда: "Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур", (Талоқ сураси, 4-оят) дея марҳамат қилган.
  • Қалбингизни Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат билан, ота-онангиз ва атрофингиздаги одамларга бўлган муҳаббат билан тўлдиринг! Зотан, яхши кўриш инсонни ёшартиради, умрни узайтиради, хотиржамликни туҳфа этади. Ёмон кўриш эса қалбларни бахтсизликка тўлдиради. Уйингизда қалбингизни ёритишга ва иситишга етгулик оилавий муҳаббат қуёши порласин! Аввало, Аллоҳ таолога ишонинг, сўнг ўзингизга, яъни, ўзингизга бўлган ишончни Аллоҳга бўлган ишончдан муқаддам қўйманг.
  • Барчамиз вафот этгач Аллоҳга боришимиз муқаррар. Бироқ бахтли инсон ҳаётдалик вақтида Аллоҳга юзланган инсондир. Муҳлат ўтиб кетмасдан Аллоҳ томон шошилайлик!
  • Аллоҳ йўлидаги дўстлари бор инсон ёлғиз бўлмас...

Кимники тили Аллоҳнинг зикри билан банд бўлса, ғамнок қолмас...

Аллоҳнинг ҳузуридаги мукофотдан кўнгли тўқ киши маҳзун бўлмас...

  • Дунё торлик қилиб, рўпарангиздаги барча йўллар беркдек кўринган вақтда шуни ёдда тутингки, саодат аслида қўлга киритганларингиз, эга чиққан ютуқларингизда эмаслигини, ҳақиқий саодат Аллоҳга яқинлигингиз миқдори билан ўлчанади!

Шундагина қалбингиз таскин топади...

Шундагина ғамлар арийди...

  • Учта нарсани ёдингиздан чиқарманг:

Сизга бирор неъмат туҳфа этилса Аллоҳга ҳамд айтинг;

Ризқингиз озайса Аллоҳга истиғфор айтинг;

  • Бирор қийинчиликка дуч келсангиз, "Лаа ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ" ("Куч-қувват фақат Аллоҳдадир"), деб айтинг.

Ҳар куни Аллоҳдан афв ва офият сўрашни унутманг, зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳдан афв ва офият сўранглар, чунки, ҳеч кимга иймондан кейин офиятдан яхшироқ неъмат берилмаган", деганлар (Имом Термизий ривояти).

  • Салафлар доим учта гапни насиҳат қилишган, улар тилло билан тарозига тортиладиган бўлса тиллодан оғир келадиган гаплардир:

Биринчиси: Кимки ўзи ва Аллоҳ ўртасини ислоҳ қилса, Аллоҳ у билан одамлар орасини ислоҳ қилиб қўяди;

Иккинчиси: Кимки ичини, қалбини ислоҳ қилса, Аллоҳ унинг зоҳирини ислоҳ қилади;

Учинчиси: Кимки охират иши билан машғул бўлса, Аллоҳ унинг дунё ва охират ишини Ўзи ўнглаб қўяди.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1673 times

Мақолалар

Top