Мақолалар

Дуо қабул бўлишининг икки сири

Қандай сўров, истакингиз бўлса ёлғиз Аллоҳдан сўранг, буюк Роббингизга юзланиб, қабул бўлишига асло шубҳа қилмаган ҳолда дуо қилинг. Аллоҳ таоло ҳар бир ишга қодирдир.

Ўтган солиҳлардан бири айтади: “Аллоҳга шу қадар ишонч билан дуо қиламанки, агар тоғнинг силкинишини сўраб дуо қилсам, ўша заҳоти тоғ силкинишига ишонаман”.

Ҳар бир ишга Қодир бўлган Аллоҳ таолога ишончингиз қани?

Бошига мушкул тушган, ёрдамга муҳтож бўлган, касалхонада ўлим билан курашаётган, оғир касалликка чалинган, ўзининг муаммосидан бошқа каттароқ муаммо йўқ деб билган эй банда Аллоҳ сени эшитиб турганига ва дуоингни албатта қабул этишига тўлиқ ишонган ҳолда дуо қил! Албатта, Аллоҳ эшитади, дуоларингни қабул этади, бунга шак-шубҳа йўқ!

Сизга бир кичик сирни ошкор қилайми?

Жума кунида шундай бир вақт борки, Аллоҳдан нимани сўрасангиз албатта беради. Ўтган солиҳлар бу соатни ҳеч қачон қўлдан бой бермасдилар. Улар: “Агар одамлар бу вақтда дуолар ижобат бўлишини билишганида эди, уни ҳеч қачон ўтказиб юбормасдилар”, деб айтишарди.

Олимлардан бири айтади: “Жума куни аср билан шом орасида дуо қилганимда Роббим дуоларимни ижобат қилаверди. Ҳатто Роббимдан бирон нарса сўрашга уяладиган бўлиб қолдим”.

Уйда, кўчада, масжидда ёки машинангизда бўлсангиз ҳам жума куни кўп дуо қилинг. Аллоҳдан нимани сўрамоқчи бўлсангиз сўраб қолинг!

Албатта, дуонинг қабул бўлиши фақатгина жума куни билан чекланиб қолмайди. Лекин шундай вақтлар борки, унда қилинган дуонинг ижобат бўлиш эҳтимоли юқоридир. Масалан, азондан кейин, рамазонда, кечанинг уйдан бирида, қийинчилик вақтида қилинган дуолар тез ижобат бўлади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ёки музтар (ночор) одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган Зот яхшими?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми? Қанчалик оз эслайсизлар-а?!” (Намл сураси, 62-оят).

Бадр жанги куни 313 нафар мусулмон мингга яқин мушрикка қарши урушга чиққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога тазарру ила ёлвориб, дуо қилдилар: “Аллоҳим, менга берган ваъдангни Ўзинг рўёбга чиқаргин. Аллоҳим, мен ваъдангдан умидворман. Аллоҳим, агар ушбу гуруҳ ҳалок бўладиган бўлса, Сенга ер юзида ибодат қиладиган ҳеч ким қолмайди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳга қаттиқ ёлвориб дуо қилишларини кўрган Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ ўзингизга раҳмингиз келсин, албатта Аллоҳ сизга ваъда берган нарсасини рўёбга чиқаради”, дедилар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган дуоларини ижобат этди:

“Ўшанда Роббингиздан мадад сўраганингизда, сизни (сўровингизни) ижобат қилиб: «Албатта, Мен сизларга кетма-кет келадиган мингта фаришта ила мадад берувчиман»,–деди” (Анфол сураси, 6-оят).

Ҳа, Аллоҳ ҳар бир ишга Қодир. У Зот ҳар қандай қийинчиликларни енгил қилади, ёпиқ эшикларни очиб қўяди. Аллоҳ эшитаётанига ва албатта қабул этишига аниқ ишонч билан дуо қилинг! Аллоҳим менга яхшиликлар эшикларини оч, мушкулларимни енгил қил деб айтинг.

Унутмангки, ёлвориб дуо қилишингизга қарамасдан дуоингиз ижобатининг кечикиши умидсизликка тушишингизга сабаб бўлмасин. Чунки Аллоҳ таоло сизга сиз эмас, Унинг Ўзи ихтиёр қилган нарсани ва сиз истаган вақтда эмас, Унинг Ўзи истаган вақтда ижобат қилади.

Аллоҳим! Ризқим осмонда бўлса, туширгин. Ерда бўлса, чиқаргин. Узоқда бўлса, яқин қил. Яқинда бўлса, осон қил. Оз бўлса, кўпайтиргин. Кўп бўлса, баракотли қилгин.

Аллоҳ дуоларингизни ижобат қилса сизга барча яхшиликлар эшикларини очиб қўяди. Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳдан юз ўгирса, ўзига-ўзи зулм қилади.

Ким Аллоҳни йўқотса, яна нимани топиши мумкин. Агар ким Аллоҳни топса, нимани ҳам йўқотади. Сиз бутун оламларнинг ягона яратувчиси бўлган Зотнинг бандасисиз. Аллоҳ таоло бандаларига нисбатан жуда меҳрибон ва раҳмлидир.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2260 times

Мақолалар

Top