Мақолалар

Тунда бедор бўлинг!

Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса. Яна айтингки: «Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мадад берувчи ҳужжат ато қилгин». Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир» (Исро, 79-81).

"Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг!"

Луғатда тунда уxлаб қайта уйғонишга таҳажжуд дейилади. Шариат истилоҳида эса тунда бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз тушунилади. Таҳажжуд намози Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хос буйруқ бўлиб, умматларга фарзлардан кейин бажариладиган зиёда амалдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Тунги намоз фарзлардан кейинги энг афзал ибодатдир", дедилар (Имом Муслим ривояти).

 Таҳажжудни хуфтон намозидан кейин бомдод намозигача ўқиш мумкин. Бироз ухлаб олиб кечанинг учдан бирининг охирги қисмида ўқиш фазилатлидир. Бу вақтнинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Туннинг учдан бир қисми қолганда Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб: “Ким истиғфор айтади, мағфират қиламан. Ким дуо қилади, ижобат қиламан. Ким ризқ сўрайди, ризқ бераман”, дейди. Бу ҳол тонг отгунча давом этади (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тунда туриб таҳажжуд намозини ўқирдилар. Чунки бунга Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй (кийимларига) ўралиб олган киши (Муҳаммад!). Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!). Яъни ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бироз камайтиринг! Ёхуд унга (бироз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!” (Муззаммил, 1-4).

Таҳажжуд намози ва тунда қоим бўлишнинг ўртасида фарқ бор. Бирозгина ухлаб олиш тунда қоим бўлиш учун шарт эмас. Хуфтон намозидан сўнг тонггача бедор бўлиш мумкин. Тунда қоим бўлишнинг ажру савоби улуғ ҳамда у тоат-ибодатларнинг буюкларидан бири ҳисобланади. Унинг қадри нечоғлик улуғ эканини Аллоҳ таолодан ўзга ҳечким билмас. Тунда қоим бўлиш банданинг Раббиси ҳузурида даржасини кўтаради ва қалбига сокинлик, хотиржалик ҳамда роҳат бахш этади. Бу вақтда мўмин намози ўқиши ва Қуръони каримдан муяссар бўлганича ўқиши мумкин. Шунингдек Раббисига муножат қилади, истиғфор айтиб, дуолар қилади. Тунни бедор ўтказган банда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилади. Оиша (розияллоҳу анҳо) Абдуллоҳ ибн Қайсга: “Тунни бедор ўтказгин!” Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тунни доим бедор ўтказардилар. Агар касал бўлсалар ўтириб намоз ўқирдилар”, деган (Имом Абу Довуд ривояти). Бошқа ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тунни бедор ўтказишни лозим тутинг. Чунки, у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. Тунда қоим бўлиб, Раббингизга қурбат ҳосил қиласиз. У гуноҳдан тўсиб, хатоларга каффорат бўлади ва жисмдаги касалликларни кетказади”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Таҳажжуд эса намозга хос амалдир. У бир мизғиб олиб кейин адо этилади. Таҳажжуд намозини ўқиш тунда қоим бўлиш деб ҳисоб қилиниши мумкин. Лекин тунда қоим бўлиш таҳажжуд бўлмайди.

Таҳажжуд намозини ўқиб бўлгач қуйидаги дуони қилиш суннатдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечаси таҳажжудга турсалар бундай дуо қилардилар: “ Эй Аллоҳим Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмонни Нурисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Еру Осмонни қойим қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин, Еру Осмон ва иккисини орасидагиларни Рабисан. Сенга ҳамд бўлсин, Сен Ҳақсан. Сенинг ваъданг ва сўзинг ҳақ. Сен билан учрашиш ҳақ. Жаннат ҳақ. Дўзах ҳақ. Пайғамбарлар ҳақ. Қиёмат ҳақ. Эй Аллоҳ Сенга бўйсундим, имон келтирдим, таваккал қилдим. Сенга қайтдим. Сенинг ёрдаминг (Қуърони карим оятларидан далил-ҳужжатлар ёрдамида бошқалар) билан тортишдим, Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Олдинги ва кейинги ҳамда сир қолган ва маълум бўлган гуноҳларимни кечиргин. Сен менинг Илоҳимсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ” (Имом Бухорий ривояти). 

"Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса"

Оятдаги "мақтовли мақом", деб таржима қилинган "мақомам маҳмуда" деган қисми манбаларда турлича тафсир қилинган. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса" деган ояти ҳақида бундай деганлар: "Аллоҳ таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоати билан мўминларнинг қавмларини дўзахдан чиқаради. Манашу мақтовли мақомдир".

Бошқа олимлар “мақтовли мақом”дан қиёмат куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларида ҳамд байроғини бўлиши ирода қилинган дейишади. Бу гап юқорида зикри келган маънога зид келмайди. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёмат куни ҳамд байроғини тутиб, умматларини шафоат қиладилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен қиёмат куни одам боласи саййиди бўламан. Бу фахрланиш эмас. Қўлимда ҳамд байроғи бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким азон нидосини эшитган пайтда: “Ушбу мукаммал чақириқ ва қоим қилинаётган намоз Раббиси Аллоҳ, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га васила ва фазилат бергин ҳамда ваъда қилинган мақтовли мақомда тирилтиргин”, деса унга қиёмат куни менинг шафоатим насиб қилади”, дедилар.

Тунда қоим бўлган одам Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолади ва хилватда Раббига муножат қилади. Шу сабабли унга ажру савоблар берилиб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида даражаси кўтарилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматимни шафоат қилган жойим мақтовли мақом бўлади”, деганлар (Имом Табарий ривояти). Шунингдек банданинг ҳам улуғ ишлар учун турган жойи Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақомга ўхшайди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Макка шаҳрида эдилар. Сўнгра ҳижрат қилишга амр қилинди. Шу пайт Аллоҳ таоло “Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин” оятини нозил қилди”

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинадан чиққанларидан кейин, унга қайтишга Аллоҳ таоло буюрди. Ҳақ таоло Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Мадинага кирар вақтда “Мени содиқлик билан киритгин” Маккага шаҳрига кетадиган пайтда “содиқлик билан чиқаргин”, дейишларини амр қилди. Мазкур оят манбаларда турлича тафсир қилинган. Бир муфассир: “Мени динда собит қилгин! Мени куфрдан сақлагин!” деб тафсир қилган. Бошқа олим эса: “Мени дунёдан содиқлик билан чиқариб, жаннатга киргизгин!” деган. Яна бошқаси эса: “Мени қабрга содиқлик билан киргизгин ва ундан содиқлик билан чиқаргин”, дейди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуоларини Аллоҳ таоло ижобат қилиб бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ Сизни одамлар (зарари)дан сақлагай” (Моида, 67), бошқа оятда: “У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир” (Саф, 61).

   “Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир”

Оятда “ҳақиқат”, деб таржима қилинган “ҳақ” сўзидан Ислом ва Қуръон тушунилади. Яъни Ислом зоҳир, Қуръони карим мукаммал бўлгани ифодаланган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фатҳ куни Макка шаҳрига келдилар. Каъбанинг атрофида 360 дан ортиқ бут-санамлар бор эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларидаги таёқ билан бутларни бирма-бир уриб йиқита бошладилар ва “Ҳақиқат (яъни Ислом) келди ва ботил (куфр) йўқолди. Чунки ботил нарса йўқолувчидир” (Исро, 81) “Ҳақиқат (Қуръон) келди. Сохталик (қайтадан ширкни) бошлай олмас ва (уни аслига ҳам) қайтара олмас” (Сабаъ, 49) оятлариини ўқидилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур оятларни ўқиётган пайтда, бут-санамлар юз тубан ерга тушарди.

Қуртубий, Розий,Самарқандий,

Ибн Касир тафсирлари асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади

Read 7104 times

Мақолалар

Top