Мақолалар

Фарзанд тарбиясида 700 сабоқ: Оилавий хабарлар доскаси - 9 сабоқ

Оила аъзоларининг ўзаро алоқалари мустаҳкам бўлиши лозим. Оила аъзолари бир-бирларига меҳр-шафқат билан муносабатда бўлишлари, бир-бирларининг ҳар бир ҳолатларидан хабардор бўлишлари, масалан, ишхонадаги ёки таълим олиш жараёнидаги ўзгаришлардан, моддий ва маънавий аҳволларидан, ҳатто ички кечинмаларидан ҳам бохабар бўлиб туришлари керак.

Шунинг учун ҳам мен фарзандларимга оилада бир-бирлари билан ўзаро мустаҳкам алоқада бўлишлари ва бир-бирларининг ҳар бир ҳолатларидан хабардор бўлиб туришлари заруратини ўргатмоқчи бўлиб уйга бир доска ўрнатдим ва унинг номини “Оилавий хабарлар доскаси” деб атадим. Фарзандларимни чақирдим-да уларга ўзларининг шахсий ҳаётларида қандайдир ўзгариш ёки янгилик бўлса ва буни бутун оила аъзолари: ака- укалари, опа-сингиллари ҳамда ота-оналари билишини хоҳлашса, мана шу доскага ёзиб қўйишларини айтдим. Уларга бу ишни ўзим ҳам, оталари ҳам қилишини маълум қилиб қўйдим.

Қарабсизки, хабарлар бирин-кетин ёзила бошлади. Масалан, “Отам бугун ойлик олдилар! Ҳаммангиз тайёр бўлиб туринглар!”, “Онам касаллар, кимдир бозорга чиқиб сабзавот олиб келсин”, “Бугун Муҳаммад жамоаси мусобақада ютқазди, Муҳаммад тасаллига муҳтож”, “Ҳинд бугун маҳзун, бироз муддат ўзи ёлғиз қолмоқчи, икки соат ҳеч ким безовта қилмасин”, “Бувиларингиз эртага уйимизга меҳмонга келадилар”, “Тоғаларингиз беморлар, хабар олиб қўйинглар”.

Шу каби маълумотлар доскага ёзила бошланди ва биз доскамиздан кўзлаган мақсадимизга эришдик. Тез орада биз бу ишга одатланиб ҳам қолдик. Мана, фарзандларимиз болалик пайтларида қўллашни бошлаган бу тадбиримиз қарийб ўттиз йилдан бери давом этиб келмоқда.

Мен аниқ ишониб айта оламанки, биз қўллаган айнан мана шу услуб сабаб фарзандларимиз оилали бўлиб алоҳида яшаб кетган бўлсалар ҳам, ҳали-ҳануз ўзаро муносабатлари мустаҳкам ва бир-бирларидан доимо бохабар бўлиб турадилар.

(Мен айтаманки, бугунги имкониятларимиз кенгайиб кетган техника асримизда ушбу усулни қўллаш учун ижтимоий тармоқлардиги хос гуруҳлардан фойдаланиш айни муддао бўлса керак. Таржимон).

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1761 times

Мақолалар

Top