Мақолалар

Буюк аждодларимиз меросида тинчлик ғояси

Диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам кўплаб кўришимиз мумкин. Айримларини мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг қўшини ичида яҳудий ва яна бошқа динга мансуб аскарларнинг ҳам хизмат қилгани ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншоҳ Франция, Испания ва Англия каби  давлатлар билан дипломатик алоқаларга масъул этиб тайинлангани  фикримиз тасдиғидир. Ҳиндистон халқи бугунги кунгача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини хурмат билан ёдга олади. Сабаби бобурийзодалар давлатни диний бағрикенглик асосида бошқарган эдилар.

Тинчлик ва осойишталикни сақлаш шу куннинг долзарб вазифаси бўлиб турибди. Аллоҳ таоло: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг!” деган (Моида сураси, 2-оят). Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ҳанафий мазҳабининг қарор топиши бежиз эмас эди. Зеро, Имом Аъзам ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериши билан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини такомилга етказган ватандошларимиз – ал-Мотуридий, Абул-Муъин ан-Насафий ва ал-Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликликка барҳам бериш, ислом динининг “аҳли сунна ва-л-жамоа” йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар. Диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни учратамиз. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал Мотуридий (870 944) асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотуридий  Қуръон тафсирига бағишланган “Таъвилот аҳли сунна” асарида Ҳаж сурасининг 40-оятини тафсир қилар экан, “Черков ва синагогаларни вайрон этиш манъ этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир”, деб қатъий таъкидлайди. Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс ас-Самарқандий (ваф. 1003 й.) эса ўзининг “Баҳр ал улум” деган тафсир китобида Қуръондаги Мумтаҳана сурасининг 8, 9-оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади. Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан- Насафий (ваф. 1310 й.) ўзининг ислом оламида маълум ва машҳур “Мадорик ат танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”,  деб шарҳлайди. Ал Мотуридий насронийлар мусулмонларга қалби мойилроқ, дўстона муносабатга яқин эканини айтиб ўтган бўлса, Абул Баракот ан-Насафий насронийлар мусулмонларга дили яқин эканини, улар орасида тавозели,  камтар “қиссис ва роҳиб” яъни, олим ва обидлар бор, дея таърифлаб, илм кимда бўлишидан қатъи назар, у албатта яхшиликка етаклашини алоҳида таъкидлайди.   Шайх Аҳмад Яссавий (1105-1166) ҳам  ўз ҳикматларида ғайридинларга яхши   муносабатда бўлишни уқтирган, “Суннат эрмиш, берма озор кофир бўлса,/Кўнгли қоттиғ дилозордан худо безор”.

Бурҳониддин ал Марғиноний (1123-1197) ўзининг “Ҳидоя” асарида мусулмонлар диёрида черков  ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни ўз жойида яна қайта тиклаш мумкинлигини алоҳида айтиб ўтган. Юртимиз алломалари томонидан яратилган ислом манбаларида диний бағрикенгликка оид бу каби матнларни кўплаб топиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, ўзга дин вакиллари билан ёнма-ён яшаб келган халқимизда диний бағрикенглик фақат зарурат келтириб чиқарган эҳтиёж эмас, балки ҳаёт тарзига сингиб кетган ўзига хос фазилат эканини кўришимиз мумкин.

Робия САИДХАНБАЛИЕВА,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

 

Read 9222 times

Мақолалар

Top