Мақолалар

Абу Довуднинг “Сунан” асари ҳақида кичик тадқиқот

“Сунан” арабча бўлиб, суннатнинг кўплик шаклидир. Одат, анъана, ривоят каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса фиқҳий маънодаги ҳадислар тўпламига ишлатилади. Сунан тўпламларида аҳком ҳадислар “Таҳорат” бобидан “Васиятлар” бобигача фиқҳий тартиб бўйича жамланган. Имом Доримий, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ва Имом Насаийнинг тўпламлари юқоридагилар сирасига киради. Бу турдаги китоблар ҳижрий иккинчи асрнинг биринчи ярми (милодий VIII аср) дан сўнг ёзила бошланган. Баъзи сунан китобларида аҳком ҳадислар билан бирга фазилатлар ва зуҳд мавзуларига оид ривоятлар ҳам учрайди. Бунга мисол тариқасида Имом Доримий ва Имом Байҳақийнинг сунанларини зикр қилиш мумкин. Сунан китоблари мусаннаф ва муватто тўпламларилдан деярли фарқланмаслиги мумкин[1].

         Имом Абу Довуднинг “Сунан” асарини ёзишда ўз олдига бир неча шартларини қўйган. Муаллиф бу шартларни Макка аҳлига мазкур асарини таърифлаб ёзган хатида баён қилди[2]. Булар қуйидача:

  1. Ҳадислар фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўз ичига олиши.
  2. Бирор бир мавзуда келган ҳадисларнинг энг ишонарлисини оладилар. Агарда бир ҳадис икки ишонарли санад билан ривоят қилиниб, бирининг ровийси иккинчисиникига қараганда ёдлаш қобилияти яхшироқ, иккинчиси эса исломга илгарироқ кирган бўлса, иккинчисининг ривоятини оладилар.
  3. Ривоятчиларни танлашдаги шартлари эса бирор-бир сабабга кўра ҳадиси қабул қилинмай қўйилган кишидан ҳеч ҳадис олмай, балки ишонарли кишилардан, шунингдек, уларга ёд олиш қобилияти яхшилиги жиҳатидан яқин бўлганлардан ва олимлар ҳадиси олинмаслигига иттифоқ қилмаган ривоятчилардан оладилар.
  4. Санаддаги шартларга келсак, имом Абу Довуд фақат санади узилмаган, муттасил бўлган ҳадиснигина келтирадилар. Лекин бирор мавзуда санади муттасил бўлган ҳадис бўлмаса ёки санади узилган ҳадисда янги бир суннат баён қилинган бўлса, ўша ҳадисни бошқа кишилар сўзидан устун қўйганликлари учун ёки ўша ҳадиснинг санадидаги иллатни баён қилиш учун келтирадилар.
  5. Имом Абу Довуд бундай дейдилар: Саҳиҳ ва унга ўхшаш ва яқин ҳадисларни келтирдим. Агарда бирор бир ҳадис жуда заиф бўлса, уни баён қилдим, баён қилмаганларим эса тўғридир.

Бу сўзлардан бизга шу нарса аён бўладики, “Сунан” асарида нафақат саҳиҳ ҳадислар, балки саҳиҳ ҳадисга яқин ва ҳаттоки заиф ҳадислар ҳам учраши мумкин.

Абу Абдуллоҳ ибн Мунда раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Иллатлидан собитини, хатосидан тўғрисини ажратган зотлар тўрттадир: Бухорий, Муслим ва улардан кейин Абу Довуд ҳамда Насоий раҳимаҳуллоҳлар”[3].

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг “Сунан”лари турли шаҳарлардаги фақиҳлар далил қилган ва улардан ҳукм олган ҳадисларни ўз ичига олган. Бу борада Имом Валиюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ қуйидагиларни зикр қиладилар: “Имом Абу Довуд Сижистоний раҳимаҳуллоҳнинг асосий мақсадлари фақиҳлар у билан далиллаган ва уларга асосан ҳукмларни бино қилган ҳадисларни жамлаш эди. Шу боис ўзининг Сунанларини таълиф қилдилар ва унда саҳиҳ, ҳасан, лаййин ҳамда амалга яроқли ҳадисларни жамладилар. Муҳаддислар уларни тарк қилишга ижмо қилган ҳадисларни унда зикр қилмаганлар. Аммо заиф ҳадисларни заифлик жиҳатини очиқ баён қилиб ўтадилар. Иллатли ҳадисларни эса ҳадис илмида мутахассислар биладиган жиҳат билан баён қилдилар. Сунандаги бобларни ҳадисларнинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда номлаганлар”.

Абу Жаъфар ибн Зубайр ал-Ғорнотий раҳимаҳуллоҳ: “Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ҳукм олинадиган ҳадисларни чеклаш ва уларни қамраб олишда бошқаларда учрамайдиган ноёб услубни қўллаганлар”, деганлар.

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг Сунанлари ҳақида: “Бу асар мужтаҳид учун кифоя қилади”, деганлар.

Сунандаги шартлар: Абул Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Мақдисий айтадилар: “Имом Бухорий, Муслим ва тўрт Сунан соҳибларидан бирортаси “Китобимда фалончининг шартларига кўра бўлган ҳадисларни келтиришни шарт қилдим”, демаганлар. Лекин мана шу шартлар уларнинг китобларини чуқур ўрганиш ила ҳар бирларининг шартлари билинади”.

Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Мунда раҳимаҳуллоҳ шартлар борасида қуйидагиларни айтадилар: “Абу Довуд ва Насоий раҳимаҳуллоҳларнинг шартлари: ҳадис ирсолсиз[4] муттасил санад билан саҳиҳ бўлган вақтда, ҳадисларини тарк қилишга ижмо қилинмаган ровийлардан келтиришдир”.

Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ўзларининг рисолаларида қуйидагиларни келтирадилар: “Сунанимда ҳадислари тарк қилинган кишидан бирорта ҳам ҳадис келтирмадим. Мабодо унда мункар ҳадис келган вақтда уни баён қилиб ўтдим. Бир бобда бир неча мункар ҳадис келтирмадим. Китобимда шубҳали ҳадис келган бўлса, шубҳа ўрнини баён қилиб бердим. Унда санади саҳиҳ бўлмаган ҳадислар ҳам бордир. Қайсики ҳадис борасида бирор нарсани зикр қилмаган бўлсам, демак у саҳиҳ ҳадис бўлади. Ҳадисларнинг баъзиси баъзисидан саҳиҳроқдир”.

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу борада сўз очиб: “Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ очиқ заиф ҳадисларни баён қилганлар ва эҳтимолли заиф ҳадисларни эса баён қилмаганлар. Лекин у зот баъзи ўринларда ҳасан бўлмаган ҳадисларнинг ҳукмини баён қилмаган”, дейдилар.

Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ҳазимий раҳимаҳуллоҳ муҳаддис имомларнинг шартларини бир мисол билан баён қилганлар. Ўша мисол: Имом Зуҳрий раҳимаҳуллоҳнинг асҳоблари беш тоифадир: биринчиси, Бухорийнинг шарти, иккинчиси, Муслимнинг шарти, учинчиси, Абу Довуд ва Насоийнинг шарти, ...”[5].

Мухтасархон ТЎЙЧИЕВА,

Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти

4-курс талабаси

 

[1] Ислом энциклопедияси. – Тошкент: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2017.

[2] Ибн Раслон. Шарҳу сунани Аби Давуд. – Файюм: “Дорул фалаҳ” нашриёти, 2016.

[3] Тақийюддин ан-Надавий ал-Музоҳирий. Аъламул ал-муслимийн. – Дамашқ: “Дорул қалам” нашриёти, 1996.

[4] Мурсал ҳадис санаддан саҳоба тушиб қолиб, тўғридан-тўғри тобеиннинг ўзи Расулуллоҳдан ривоят қилган ҳадисдир. Жалолиддин Ҳамроқулов. Ҳадис илми истилоҳлари. – Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2014.

[5] Тақийюддин ан-Надавий ал-Музоҳирий. Аъламул ал-муслимийн. – Дамашқ: “Дорул қалам” нашриёти, 1996.

Read 1165 times

Мақолалар

Top