Мақолалар

Қизимнинг мақтов ёрлиғи

Қизим эндигина тўрт ёшдан ўтган бўлса-да, феъли жуда оғир эди. Доимо жим юрарди. Сал гапга хафа бўларди. Бирор нарса сўрасангиз, зарда билан жавоб қайтарарди. Тўғри, болалар руҳиятида гоҳида шундай ўзгаришлар ҳам кўзга ташланади. Лекин бу анча кейин-ўсмирлик ёшларида кузатиладиган ҳолат.

Қизимнинг бундай бўлиб қолгани ҳақида узоқ ўйладим. Охири бунинг сабаби ўзим эканлигимни билдим. Мен кўпинча у билан гаплашганимда уни пастга урардим. Унинг ютуқларини эътироф этиш ўрнига, унинг муваффиқиятларига оддий ҳолатдек, ўзи аслида шундай бўлиши ҳам керак-да деган маънода ёндашардим. Айб иш қилиб қўйганда ёки бирор буюрган вазифамни бажара олмаган дамларида хали гўдак бўлишига қарамай қаттиқ-қаттиқ койиб, уни бир ишни эплолмайдиганга чиқарардим. Кези келганда турмуш ёки ишимдаги ташвишлар туфайли асабим бузилгани учун қизимни уриб ёки ҳақорат қилиб бошқаларнинг аламини ундан олардим.

Ўйлаб қарасам, ҳамма муаммо қизимда эмас, ўзимда экан. Мен ўз бепарволигим сабаб қизимни руҳан синдириб қўйган эканман. Тарбияда йўл қўйган хатоларим учун Аллоҳ таолога тавба қилдим. Аллоҳга шукрки, бу муаммони хали кеч бўлмасидан бартараф этишимга Ўзи тавфиқ берди.

Бир вароқни қўлимга олиб унга қизимнинг барча фазилатлари, кўзга кўринган, мақтаса арзигулик жиҳатларини ёздим. Масалан, укасини яхши кўриши, меҳрибонлиги, одобли экани, ўртоқларини камситмаслиги, ҳеч кимни ҳақорат қилмаслиги, меҳмондўстлиги, сахийлиги, тартибли экани, озодалиги ва шу каби бошқа жиҳатларини ёзиб чиқдим. Кейин вароқни меҳмонхонамизнинг тўрига кўзга кўринадиган қилиб осиб қўйдим.

Дадаси ишдан қайтганларида қизимни чақириб вароққа ёзганларимни икковларига ўқиб бердим. Қизимнинг фазилатларини қоғоздан бирма-бир ўқир эканман, шу палладаги унинг хурсандчилигини кўрсангиз эди! У шодлигидан қанот чиқариб учиб кетадигандай эди гўё!

Шундан кейин қизим анча ўзгарди. Албатта ижобий тарафга. Юзидаги доимги тундлик табассумга алмашди. Гапларидаги зарда оҳанги йўқолди.

Шундан кейин қачон уйимизга меҳмон келса, қизим меҳмоннинг қўлидан ушлаб меҳмонхонага олиб кирар ва “Келинг, сизга онам мен ҳақимда ёзганларини кўрсатаман” деб ўз қувончини изҳор қиларди. Мен ҳам Аллоҳнинг фазли ила ўз хатойимни вақтида англаб, уни тузата олганимдан хурсанд эдим.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1052 times

Мақолалар

Top