Мақолалар

СУВ – БЕБАҲО НЕЪМАТ  ёхуд уни ортиқча ишлатиш дарё бўйида ҳам исрофдир.

 

Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб яратиб, унда сувларни оқизиб қўйди, турли ўт-ўлан, дов-дарахтларни ўстириб қўйди. Сув Роббимизнинг улкан неъматидир. Рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз суюқлик танамизни тетиклаштиради, либосларимизни поклайди, ташналигимизни қондиради, ҳаётимизнинг давом этишига сабаб бўлади. Бежизга сувни “Обиҳаёт” (“Ҳаёт суви”) дейишмайди.

Яқинда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида фаоллар билан ўтказган йиғилишда бугунги кунда дунё бўйича катта муаммога айланаётган сув масаласига алоҳида тўхталиб: «“Сув – текин эмас”, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозим”» дедилар.

Дарҳақиқат, инсон таомсиз бир икки ҳафтагача яшаши мумкин, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Одам танасидаги сув агар ўн беш фоизга камайса, у ҳалок бўлади. Мутахассислар фикрича, инсон танасининг аксар қисми сувдан иборат. Масалан, чақалоқ оғирлигининг етмиш беш фоизини сув ташкил этади.

Сув – инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Бунга яна одамнинг покланиши учун ва бошқа мақсадларда ишлатадиган суви ҳам қўшилса, инсонга сув қанчалик зарур ва бебаҳо неъмат экани ойдинлашади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “...ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!” (Анбиё сураси, 30-оят).

Тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва беҳуда оқизиб қўйиш каби ҳолатларнинг учраётгани ўта ачинарли ҳолдир. Айрим давлатларда тоза ичимлик суви олтинга тенг бўлиб турган, минглаб кишилар, ёш гўдаклар ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган бир шароитда биз Аллоҳ ато этган шундай буюк неъматнинг қадрига етмаслигимиз ношукрликдан бўлак нарса эмас.

Ҳозирги вақтда жами 470 миллион нафар одам сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига миллионлаб инсонлар касалланиб, нобуд бўлмоқда.

Аллоҳ таоло барча нарсаларни бир-бирига узвий боғлиқ ҳолда, ўзига хос ўлчови ва ҳисоби билан яратган. Бу борада Қуръони каримда бундай дейилади: “Биз осмондан ҳисоби билан ёмғир сувларини ёғдириб, Ерга ўрнаштирдик. Биз бу сувларни кетказиб, сизларни ундан маҳрум қилиб қўйишга ҳам қодирмиз” (Муминун сураси, 17-оят).

Бу ояти карималар орқали Ҳақ таоло бизга Ер юзидаги барча нарсалар, жумладан сув ҳам Ўзининг маълум ҳисоби ва ўлчови билан яратилганлигини маълум қилади. Шундай экан, сувни исроф қилишга асло йўқ қўймаслигимиз зарур.

Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти.

Сувнинг исроф бўлишига йўл қўймай, уни тежаб ишлатайлик. Фарзандларимизга ҳам сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Бу барчамизнинг бурч ва вазифамиз эканини асло унутмайлик. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси биринчи даражали муаммолардан бўлиб турибди. Айни пайтда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши тоза ичимлик сувига муҳтож.

Сувни тежаш ҳақида ҳадиси шарифда бундай келади: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъд розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида: “Эй Саъд, бу исроф нимаси?”, дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

Таҳоратда ортиқча сув ишлатиш исроф ва мумкин бўлмаганидан кейин қолган нарсаларни қиёслаб олаверинг. Экинга ҳам эҳтиёждан ортиғини ишлатиш исрофдир.

Сўнгги йилларда теварак атроф, ер, сув ва ҳавода сезиларли ифлосланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиб, соғлом авлод учун курашиш эса барчамизнинг бурчимиздир.

Қолаверса, дунёда ичишга яроқли сув захираси жуда оз. Денгиз ва уммонлар суви шўр. Чучук сувлар асосан тоғдаги музликларда жамланган. Ундан кейин дарё ва кўлларнинг сувлари ҳам чучукдир. Улар қайта ишланиб, аҳолига етказилади.

Аммо дунёнинг ҳамма давлатларида ҳам бундай эмас. Ичимлик суви танқислигидан қийналаётган кўплаб мамлакатлар бор. Буларнинг асосий қисми Африка қитъасига тўғри келади. Ёғингарчиликнинг камлиги, сув ҳавзаларининг мавжуд эмаслиги каби омиллар шундай ҳолга сабаб бўлган.

Аллоҳга беҳисоб шукрки, юртимизда ичимлик суви борасида бундай муаммолар йўқ. Аммо соҳа мутахассислари яқин келажакда бизда ҳам кузатилиши мумкинлигини айтишмоқда. Бизда ҳам сув миқдори ўлчовлидир. Банда неъматни қадрига етса, шукр қилса, ўша неъмат зиёда қилиб берилади. Бордию ношукрлик қилиб, исрофга йўл қўйса, неъмат тортиб олинади ва ўрнига азоб келади.

Афсуски, сувни исроф қилиш ҳолларига тез-тез гувоҳ бўлиб қоляпмиз. Жўмраги бузилган сув қувурларидан тоза ичимлик суви шариллаб оқиб ётади. Ўша сувдан ичадиган аҳоли вакилларидан бирортаси: “Кел, шу жўмракни тузаттириб қўяй! Ахир бу сувдан ўзимиз ичамиз-ку! Шунча сув исроф бўлиб оқиб ётмасин. Бу исрофнинг ҳам сўроғи бор” деб ўйлаб кўрмай, ўша қувур ёнидан бепарволарча ўтиб кетаверади.

Сув шариллаб оқиши у ёқда турсин, ҳатто томчилаб оқиб турса ҳам исрофдир. Чунки шу томчилар жамланса, катта миқдорда сув исроф бўлаётгани ойдинлашади.

Дунёнинг айрим жойларида инсонлар танага зарарли микроблар билан тўла бўлган, дизбактериоз, диарея ва бошқа заҳарланиш кўринишларига олиб келадиган сувларни ичишмоқда. Шуларни ўйлаб, ичаётган мусаффо, пок сувимиз учун Роббимизга кўп-кўп шукрлар қилайлик!

Аллоҳга ҳамд айтиш, неъматларининг шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам катта мукофотдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун: “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, – деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Оламлар Роббиси бизга ато қилаётган чучук сув неъмати ҳақида бундай марҳамат қилган: “Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз тушурувчимизми? Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!” (Воқеа сураси, 68-70-оятлар).

Аллоҳ таолога берган барча неъматлари қатори истаганимиздек сув ичиш имконини бергани учун ҳам кўпроқ шукр қилайлик! Шунда бу неъмат янада зиёда бўлади!

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

 

“Янги Ўзбекистон” газетасининг

2023 йил 3 декабрдаги

252-сонидан олинди

Read 1245 times

Мақолалар

Top