Мақолалар

“Арқонни уз!” (2 қисм)

Иброҳим алайҳиссаломга фарзанди ва аёлини саҳрода қолдириш буйруғи берилганда у арқонни узди, Аллоҳга таслим бўлди. Дедики: "Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимдан, сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар" (Иброҳим сураси, 37-оят).

Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг ўғли Исмоил алайҳиссалом қурбонлик қилишга буюрилишганда, икковлари ҳам арқонни уздилар: "Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан?» деди. У: «Эй отажон, сизга амр этилганни бажаринг, иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсиз», деди" (Соффат сураси, 102-оят)

Ҳожар ҳам арқонни узганди. У Иброҳим алайҳиссаломдан: "Сизга буни Аллоҳ амр этдими?" деб сўрагадни, Иброҳим Алайҳиссалом: "Ҳа", дедилар. Шунда у: "Ундай бўлса Аллоҳ бизни зое қилмагай!" деди.

Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломнинг оиласини зое қилмади, зеро бу Аллоҳнинг шариати ва бандалари узра жорий қилган одатидир. Аллоҳнинг буйруғига бўйсунишда ютқазиш йўқ! Аксинча, ютқазишнинг бари Аллоҳнинг буйруғини бажармаслик, Унинг шариатига бўйсунмасликдадир.

Мусо алайҳиссаломнинг онаси ҳам арқонни узди, у Фиръавн жаллодларининг қиличидан асраб, эмизикли фарзандини сувга оқизиб юборди.

Аллоҳ Мусо ва Фиръавн қиссасини аслида эминлик қаерда-ю, хавф қаердалигини билдириш учун баён этди. Ҳақиқий эминлик Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, гарчи одатда одамлар асранадиган хавфсизликнинг барча сабаблари буткул йўқ бўлса ҳам.

Энди бунинг акси бўлган мисоллар:

Қорун арқонни узмаган эди! У мол-дунё арқонини маҳкам тутган эди. Илм-у заковати уни ютуққа олиб чиқади деб ўйлаган ва ҳаддидан ошган эди. "У: «Менга у фақат ўзимдаги илм туфайлигина берилгандир», деди" (Қосос сураси, 78-оят).

Мол-давлати билан, мулкидаги нарсалар билан янада катта кетди, фахрланди ва қавми олдига такаббурланиб, бежирим зийнатларга бурканган ҳолда чиқди. Дунё орзусидаги пасткаш инсонлар унинг мулкига алданишди: "Бас, у (Қорун) қавми ҳузурига зебу зийнати ила чиқди. Ҳаёти дунёни хоҳлайдиганлар: «Қани энди бизга ҳам Қорунга берилган нарсадан бўлса эди. Ҳақиқатда у улуғ насиба эгасидир», дедилар" (Қосос сураси, 79-оят).

Лекин асл ҳақиқатни фақат илм ва иймон аҳлигина кўра билади: "Илм берилганлар эса: «Вой бўлсин сизларга! Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун Аллоҳнинг савоби яхшидир. Унга фақат сабр қилганларгина эришурлар», дедилар" (Қосос сураси, 80-оят).

Қорун ҳою-ҳавас арқонини узмай, уларни нажот деб билгач ҳамда Аллоҳнинг арқонини ортига ташлайвергач: "Бас, Биз уни ва унинг ҳовли-жойини ерга ютдирдик. Унга Аллоҳ (азоби)дан ёрдам берадиган гуруҳ ҳам бўлмади, унинг ўзи нусратга эришгувчилардан ҳам бўлмади" (Қосос сураси, 81-оят).

Ҳаммаси оддийгина тугади. Қорунни ҳам, ҳовли-жойини ҳам ер ютди-қўйди. Қорун ҳам, унинг бойликлари ҳам, кибру ҳавоси ҳам йўқ бўлди-кетди. Қорунга Аллоҳнинг азоби келганида унга ёрдам берувчи топилмади. Унинг ўзи ҳам илми ила, молу дунёси ила ўзини қутқариб қола олмади. Аллоҳга бу боғийлар (изоҳталаб) ҳеч нарса эмас!

Намруд ҳам арқонни узмаган эди, уни ҳам ер ютди.

Фиръавн ва аскарлари арқонни узишмаганди, натижада "Денгиз уларни ўраганича ўраб олди" (Тоҳа сураси, 78-оят).

Намруд арқонни узмаган эди, кофир ҳолда мағлуб бўлди.

Демак, ким ўзининг салтанатига, илмига суянса, адашар ва хор бўлар экан!

Кимки Аллоҳга суянса, адашмайди ҳам, хор ҳам бўлмайди.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 970 times

Мақолалар

Top