Мақолалар

Солиҳ мол солиҳ киши учундир

Амр ибн Осдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга одам юбориб, кийимларимни кийиб, аслаҳамни олиб боришимни тайинладилар. Борсам, тоҳарат қилаётган эканлар. Менга бошдан-оёқ разм солдилар. Сўнг:
«Эй Амр! Мен сени бир лашкарга бош қилиб юбормоқчиман. Шояд, Аллоҳ таоло сизларга ўлжа берса. Шу нарсадан сенга солиҳ мол насиб бўлса, деган рағбатим бор», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен мол учун эмас, Ислом учун мусулмон бўлганман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш учун мусулмон бўлганман», дедим.

«Эй Амр! Солиҳ одамнинг қўлидаги мол қандай яхши!» дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифдан солиҳ инсонда солиҳ йўл билан топилган мол бўлиши яхши эканини, ушбу молнинг эгаси уни тўғри йўлга сарфласа, бунда ҳеч қандай ёмонлик йўқлигини билиб оламиз.

Мол-дунёни фақат ёмонлайвериш нотўғри. Мол-дунё ҳаром-ҳаришдан топилган бўлса ёки у нопок, ҳаромхўр одамнинг қўлига тушиб қолган бўлса, мазаммат қилинади, ёмонланади. Чунки бундай одам молни ёмонликка сарфлайди.

Бироқ шариатга мувофиқ топилган, шариатга мувофиқ сарфланган мол ҳақида ҳеч қандай ёмон хаёлга бормаслик керак. Шунинг учун имом Бухорий алоҳида боб очиб, унга мазкур ҳадисни киритган эканлар. Бу ҳадис айниқса бугунги кунда мўминларнинг мол-дунёга муносабатини белгилаб берувчи ҳадисдир.

Read 1131 times

Мақолалар

Top