Мақолалар

Ҳозир бажаринг! Кутманг!

Ҳикоя қилинишича, бир от ичи қуруқ бўлган чуқур қудуққа тушиб кетибди.

Тушиб кетгандаги оғриқдан от қаттиқ инграбди ва шу зайлда бир неча соат ўтибди. Унинг эгаси зироатчи бўлиб, отни қандай чиқариб олиш ҳақида ўйланибди ва охири “Отим ўзи қариб қолганди, уни чиқариб олишга кетган харажатга янги от олса бўлади. Қолаверса қудуқ анчадан бери қуриб ётибди, унга тупроқ ташаб кўмиб юбориш керак”, деган хулосага келибди. Зироатчи қўшниларини чақириб, улардан қудуқни кўмишда ёрдам беришларини сўрабди. Ҳаммалари ломларда қудуққа ташлагани тупроқ, ахлатлар йиға бошлашибди.

От нима бўлаётганини тушуниб етибди ва оғриқ ҳамда ёрдам сўрашни билдирадиган қилиб баланд овозда кишнай бошлабди. Озгина ўтиб жимиб қолибди. Барча унинг тўсатдан жимиб қолганига ҳайрон бўлибди.

Эгаси қудуқнинг ичига қараб донг қотиб қолибди. Қараса от ҳар сафар устига тупроқ ташалганда, устидан силкитиб ерга ташаётган ва тупроқ ташалгани миқдорича тепага кўтарилиб бораётган экан.

Шу зайлда давом этиб от ер сатҳига яқинлашиб қолибди. Кейин бир сакраб ерга соппа-соғ чиқиб олибди.

От уни ўраб олган ҳар қандай тўсиқларга қарамай таслим бўлмади. Аксинча, ўзини ўлимдан қутқариш учун тинимсиз ҳаракат қилди!

Энди Оскар Строус исмли германиялик тикувчи ҳақида бир қиссани келтирамиз. У 1850-йил Американинг Калифорния штатига сафар қилибди. Сафарининг сабаби у ерда кўп олтин захиралари бор деб эшитган экан. Лекин орзу қилган олтинларидан ҳеч вақо топмабди ва жуда қаттиқ очликка, чарчоққа дучор бўлибди.

Умидсизликка тушиб қолгач, бекор ўтирмай кўк рангли чодирини йиртиб, ундан оғир шимлар тикибди ва уни “Строус жинси” деб номлабди.

У шимлар ниҳоятда мустаҳкам ва кон ишларига муносиб бўлгани учун кўп ишчилар уни сотиб ола бошлашибди. Натижада унинг савдоси гуркираб кетибди ва Строус барча кончилардан бойиб кетибди. Ҳозиргача жинсиларнинг савдоси дунёнинг барча жойида жуда юришган. Бу иш умидсиз ҳолга тушган, лекин шунга қарамай бирор нарса қилишга ҳаракат қилган кишининг меҳнати самарасидир.

Демак муваффақиятимиз сири ўз қўлимизда, Аллоҳ бизга берган қобилиятимизда, ақлимизда экан! Меҳнат қилишдан тўхтамасликда экан! Лекин буларнинг барчаси устида Аллоҳ азза ва жалланинг тавфиқи туради.

Муваффақтият калити – кутиб ўтирмасдан шартта бир ишнинг этагини тутишда экан. Ахир Аллоҳ таоло айтади-ку: “Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади” (Марям сураси, 25-оят).

Мана Пайғамбар Исо алайҳиссаломнинг онаси Марям онамиз... У зот шунчалик шарафли бўлсалар-да Аллоҳ у зотга хурмо тушиши учун дарахтни силкитишни буюрди. Ҳеч қандай қийинчиликсиз, ҳаракатсиз эга бўлишингиз мумкин бўлган мева йўқ дунёда!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 914 times

Мақолалар

Top