Ҳаётимиздаги кўпгина муваффақиятларнинг омили ширин сўздир. Нохушликлар эса кўпинча қўпол сўз сабабли содир бўлади. Шунинг учун ҳар бир инсон ширинсўз, мулойим бўлишга интилмоғи лозим.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Бандаларимга айтингки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзларни сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур...” (Исро сураси, 53-оят).
Сўзлашишнинг чиройли одобларидан яна бири оҳиста сўзлашдир. Ҳазрат Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлаганларида, агар сўзларини санамоқчи бўлсангиз, албатта, саноғига етардингиз” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада ҳам умматларига олий муаллим, тенгсиз мураббий сифатида ибрат бўлганлар. Киши оғир-босиқлик билан шошмасдан, дона-дона қилиб, эшитаётганларни зериктириб қўймасдан, имкон қадар чиройли сўзлар билан гаплашсин. Чунки фасоҳатли сўзлаш Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир. Манбаларда келтирилишича, гўзал ва равон сўзлаган ҳазрат Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан мақтов олганлар.
Инсонни чинакам инсон қиладиган нарса унинг яхши фазилатларию хушмуомалалигидир. Бу фикрлар исботи ўлароқ ушбу ҳикматли ҳикояга эътибор қаратайлик: “Бозорда икки дўкон ёнма-ён жойлашган бўлиб, уларнинг бирида асал, бирида сирка сотиларди. Асал сотувчи ширин асал сотса-да, ёнига ҳеч ким келмас, сирка сотувчи ёнидан эса харидор аримасди. Асал сотувчи толесизлигидан хафа бўлиб, донишманд ҳузурига бориб, сирка сотувчининг ёнидан одам аримаслиги, ўзининг ёнига эса ҳеч ким келмаслигидан шикоят қилди. У билан суҳбатлашиб, асл ҳақиқатни ўрганган донишманд бундай деди:
– Ўғлим, сен асал сотасан, лекин тилинг сиркадек аччиқ экан. Шеригинг сирка сотади, лекин тилидан бол томаркан”.
Одатда, ширинсухан кишиларнинг истараси иссиқ, чеҳрасидан нур ёғилиб туради. Бундай нигоҳ, бундай меҳр тош қалбни ҳам эритиб юбориши мумкин. Зеро, инсон кўпинча бир оғиз илиқ сўзга ташна бўлади. Бир оғиз сўз билан кўнгли осмон бўлади.
Демак, фарзандларимизнинг инсонлар билан ўзаро муомаласи, гапирган сўзлари ҳикмат касб этиши учун уларнинг қалблари иймон, илм, одоб билан зийнатланган бўлмоғи лозим. Шундагина улар кўрган кўзлар қувонадиган, сўзлашган инсонлар “яна бир суҳбатлашсам” дейдиган комил инсонлар бўлиб камол топади.
"Ҳидоят" журналининг 12-сонидан олинди
Раҳматилло МАДАМИНОВ,
Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги
“Эшонгузар” масжиди имом ноиби