Иинсонга умр ўзи нима учун берилади? Инсон бу умрда нималар қилиши керак? деган саволлар туғилиши табиийдир: Ушбу саволларга жавобан Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Мулк сурасида бундай марҳамат қилади: “У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир”.
Ушбу ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни ҳуда-беҳуда ишлар, кайфу сафо ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган олий ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади.
Инсон умри чекланган. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалар, борингки, маълум лаҳзалардан иборат. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етмасак, вақт ҳамиша бизнинг зараримизга ишлайди.
Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир”, деганлар.
Инсон азиз умрини ва олтиндан ҳам қимматли бебаҳо вақтини ғанимат билиши лозимлигини Қуръони карим оятлари бундай талқин қилади: “Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эдику!” (Фотир сураси, 37-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қиёмат куни Одам боласининг қадами Робби азза ва жалланинг ҳузуридан то У Зот ундан беш нарса ҳақида сўрамагунича узилмас: умридан, уни нимага сарфлагани ҳақида; ёшлигидан, уни нимада ўтказгани ҳақида; молидан, уни қаердан касб қилди-ю, нимага инфоқ қилгани ҳақида ва илмига қандай амал қилгани ҳақида” (Термизий ва Табароний ривоят қилишган).
Демак, қиёматда бандадан албатта умри ҳақида, уни нимага сарфлагани ҳақида сўралади. Бу савол-жавобдан қочиб қутулиб бўлмайди. Умрнинг ҳар лаҳзаси ҳақида сўралар эканмизми, демак, яшаб ўтган ҳар лаҳзамизнинг жавобини беришимиз лозим. Жавобимиз тўғри чиқиши учун эса бу неъматнинг қадрини билишимиз ва шукрини адо этишимиз керак.
Вақт сен асрашинг керак бўлган энг қимматли нарсадир. Сенда эса, у беҳуда ўтиб кеткмоқда. Ўтаётган хар бир лахза инсон хаёти ва умрининг бир қисмидир. У қиёмат куни инсоннинг фойдасига ё зарарига гувоҳлик беради.
Уламолар ўтаётган вақт ҳақида ,ундай деганлар: “Вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади”. Яъни ўтган вақт инсоннинг ё фойдаси, ё зарарига ҳужжат бўлади.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо килади: “Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалингга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам, киёмат кунигача қайтмайман”.
Мўмин икки ҳавотир орасида бўлади: тез ўтиб кетган кеча ва ҳали келмаган эрта орасида, кечада Аллоҳ таолонинг нима қилганини (яъни ундан амалларини қабул этган ё этмаганини) билмайди, эртага Аллоҳ таолонинг нима ҳукм қилишини билмайди.
Шунга кўра банда ўзи учун ўзидан фойдаланиб қолсин, охирати учун дунёсидан фойдаланиб қолсин, қаришидан олдин ёшлигидан фойдаланиб қолсин, ўлимидан олдин ҳаётидан фойдаланиб қолсин.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизга динимиз таълимотларини теран, гўзал тарзда ўрганиб боришимизни насиб қилсин. Умр деб аталмиш буюк неъматнинг шукрини адо этишда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин. Бу азиз умримизни, бу буюк неъматни зое қилишдан ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Қиёмат куни “Умрингни нимага сарфладинг?” деб сўралганда, тилимиз бурро бўлиб, яхшиликка, иймон-эътиқодга, ибодатга, хайр-баракага сарфлаганимизни айтиш имконини Аллоҳ таоло ҳаммамизга ато этсин.
Манбалар асосида Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди
имом ноиби Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН тайёрлади.