Болалигимизда кечалари тез-тез чироқ ўчиб турарди. Марказдан анча чеккароқда бўлганимиз учунми, бундай ҳолат бизникига ўхшаган ҳудудларда кузатилиши табиий ҳол эди. Чироқ ўчганда кўпчилик болалар қоронғуликдан қўрқишади. Худди шундай биз ҳам чироқ ўчиши билан бир-биримизни қидириб қолардик. Ёнма-ён ўтирган бўлсак ҳам, бир-биримизнинг қўлларимиздан ушлаб олардик. Баъзи оилаларда катталар “Бўлди чироқ ўчди, энди ҳамма барвақт ётиб ухлайди” деб болаларини ухлатиб қўйсалар, бизнинг қиблагоҳимиз ўзгача йўл тутар эдилар. Чироқ ўчиши билан барчамизни атрофларига йиғиб ўтқазиб қўяр эдилар. Кейин бизга турли хил ибратли ҳикоялар айтиб берардилар. Бу ҳикоялар ичида ўзлари китоблардан мутолаа қилганлари ёки жума маърузасида эшитганлари ҳам бўлар эди. Шам ёруғида бундай қизиқ қиссаларни тинглаш одамга ўзгача роҳат берарди. Аллоҳ раҳматига олсин, қиблагоҳимиз ҳар бир ҳикояни тугатганларидан кейин қиссадан олинадиган хулосани ҳам ўзлари баён қилиб берардилар.
Чироқ бўлмаса-да оқшомнинг бундай файзли ўтиши бизга жуда ёқарди. Шунчалик манзур бўлганидан ҳатто чироқ ўчиб қолишини ўзимиз хоҳлайдиган бўлиб қолгандик. Бора-бора чироқ ўчгандаги қоронғудан ваҳимага тушиш ҳисси бизга бегона бўлиб кетди.
Ўз фарзандларимда ҳам ёшлигимда ҳис қилганим ҳолатни кузатганимда марҳум отамиз қўллаган услубни мен ҳам қўлладим. Отам қўллаган услубларига қўшимча тарзда чироқ ўчмаган пайтдарда ҳам атайин чироқни тармоқдан узиб қўйиб болаларим билан қоронғуда турли ўйинлар ўйнаб уларни қоронғудан қўрқмасликка ўргатдим. Натижада улар ҳам қуёш ботди дегунча чироқни ўчириб ўша ўйинларимизни ўйнашни хоҳлашарди. Шу аснода улардаги қоронғуликдан қўрқиш ҳисси батамом йўқолиб кетди.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.