Эрта тонгда болалар ҳали уйғонмасдан ишга йўл олиб, тунда болалар уйқуга ётган пайтда ишдан қайтиш кўпчиликда кузатиладиган ҳолат. Ҳатто баъзи азизларимиз бир неча ҳафталар мобайнида фарзандларини уйғоқлигида кўра олишмаётгани, бир уйда яшаб туриб уларни соғиниб қолишаётганини айтиб бунга ечим сўрашади. Балки сизда ҳам шундай бўлаётгандир. Фарзандларингиз билан кўпроқ вақт ўтказишни хоҳлайсиз, уларнинг ўқишлари, қизиқишлари ҳақида ҳадеб онасидан эмас, ўзларидан ҳам эшитгингиз келади. Лекин начора. Ишламаса ҳам бўлмайди. Оилавий эҳтиёжлар тугамайди. Лекин фарзандлар тарбиясини фақат онасига ёки энагасига ташлаб қўйиш ҳам тўғри эмас. Бундай вазиятда энг тўғри ечим болангизни вақти-вақти билан ишхонангизга олиб боришингиздир.
Бундан нафақат сиз, балки, фарзандингиз ҳам олам-олам фойдалар олади. У кечгача сизни қаерда нима ишлар билан банд бўлишингиз, кимлар билан кўришишингиз, ишхонангиз қандайлиги, умуман олганда кунингизни қандай ўтказишингизга қизиқиб кутиб ўтиради. Уни баъзида ўзингиз билан иш жойингизга олиб борсангиз, у ўзини жуда бахтиёр сезади. сиз оддийгина шу ишингиз билан унга бўлган эътиборингизни, унга бефарқ эмаслигингизни билдирган бўласиз.
Қолаверса, фарзандингиз куни бўйи иш вақти давомида сизнинг қандай қийинчиликларга йўлиқишингизни ўз кўзи билан кўради. Сиз унинг таълим олиши, еб-ичиши, кийиниши ва бошқа барча эҳтиёжлари учун одамларнинг ҳар турли гап-сўзларига сабр қилиб пул топаётганингизга гувоҳ бўлади. Бола бу нарсаларни сизга ўзи тили билан айтмаса-да қалбан англайди. Бунинг исботини бир неча ҳаётий мисолларда кўришимиз мумкин:
Биринчи ҳикоя. Болалигимда марҳум отам мени ишхоналарига ўзлариб билан бирга олиб кетардилар. Бундан мен жуда хурсанд бўлардим. Негаки, қачон ишхоналарига борсам, ҳамкасбларига менинг ютуқларимни айтиб фахрланардилар. Отам мени мақтаганлари сари, бола бўлишимга қарамасдан, ўзимдаги масъулият ҳиссининг ортиб бораётганини сезардим. Шунинг учун отам менга бирор ишни буюришларидан олдин ўша ишни у киши хоҳлаганларидек бажариб қўйишга интилардим. Қиблагоҳимнинг бу тадбирлари менинг кейинчалик ҳаётда эришган кўплаб ютуқларимга тамал тоши бўлди. Ҳозирда баъзи бир оталарнинг ўз дўстлари, ҳамкасблари ёки қариндошлари олдида ўз фарзандларини камситишларини, уларни ношудликда, довдирликда айблашларини кўриб ҳайрон қоламан. Ахир бу нарса гулдек униб-ўсаётган болаларни сўлдириб, уларнинг жажжигина қалбларидаги умид уруғларини нобуд қилади-ку деган фикрлар ўтади. Шундай пайтларда бундай оталарга тамоман тескари бўлган юзларидан меҳр балқиб турган отажонимнинг сиймолари кўз ўнгимга келади ва қалбим тўла миннатдорлик туйғулари ила у кишининг ҳақларига хайрли дуолар қиламан.
Иккинчи ҳикоя. Дадам автобусда чиптачи бўлиб ишлардилар. Бир куни дадам мени ўзлари билан ишга олиб кетдилар. Мен автобусга худди отамнинг шахсий машинасига ўтираётгандек виқор билан чиқиб ойнага ёндош ўриндиқлардан бирига ўтириб олдим. Автобус ичи секин-аста йўловчилар билан тўла бошлади. Ҳайдовчи амаки автобусни ўт олдирдилар. Ҳа энди юрсак керак деб турсам, дадам йўқ. Қаёққа кетибдилар экан, деб ҳайдовчи амакимдан сўрайман деб турсам, дадам қўлларида салқин ичимликлар кўтариб пайдо бўлдилар. Эҳ, ёзнинг жазирама кунида салқин ва ширин ичимликни ичиб автобусда кетишга нима етсин!..
Автобус бекатларда тўхтаб-тўхтаб борар, дадам йўловчилардан йўл кира ҳақини бирма-бир йиғиб чиқардилар. Пешин яқинлашгани сайин кун исигандан исиб борарди. Ташқари шунчалик иссиқ бўлгандан кейин автобус ичини гапирмаса ҳам бўлади. Мен автобус ичига тушаётган қуёшдан қочиб хали бу тарафга, ҳали у тарафга ўтиб ўтириб оламан. Дадамга қараб қўяман. У киши чипта сотиб ҳар гал ёнимдан ўтсалар, “қалайсан” дегандек кўзларини қисиб кулиб қўядилар. Чўнтакларидан дастрўмолларини олиб пешоналаридан оқаётган реза-реза терларни артиб қўядилар.
Тушлик пайти бир бекатда тўхтаб тез тайёр бўладиган овқат сотиб олдик. Автобус шохбекатга етиб борганда ҳайдовчи амаким, дадам ва мен уччаламиз камтарона тушлик қилдик. Кейин автобус яна йўлга тушди. Кун иссиғидан кўзим эндигина илинган экан ҳамки, шовқиндан уйғониб кетдим. Бир аёл “Намунча секин юрасизлар, тошбақага ўхшаб имилламай, тезроқ юрса бўлмайдими!?” деб бақираётган экан. Дадам эса босиқлик билан автобуслар қатновидаги оралиқ вақтга риоя қилиш кераклиги, ундан тез юриб бўлмаслигини, ҳайдовчи имкон қадар тез ҳайдаётганини тушунтирсалар ҳам аёл тушунишни хоҳламасди. Овози баттар кўтариларди. Дадамнинг кайфияти тушиб кетгани шундоқ юзларидан билиниб турарди. Мен бўлса шу пайт дадамга қараб туриб, биз кундузи иссиқ пайт салқин уйда ухлаб ётган пайтимиз дадам шундай жазирамада, одамларнинг шундай озорларига чидаб ишлар эканлар-да деган ўйлар билан банд эдим...
Қош қорайгунча йўловчилар билан боғлиқ худди шу каби дилисиёҳликлар яна бир неча бор кузатилди. Кун кеч бўлиб иш тугаб уйга қайтганимизда қаттиқ чарчаганимни ҳис қилдим. Шу даражадаки, ҳатто кечки овқатни ҳам емасдан ухлаб қолдим...
Мана орадан ўттиз йилдан ошиқ вақт ўтди. Лекин мен ўша куннинг ҳам завқли, ҳам ғамгин хотираларини ҳали-ҳамон кечагидек эслайман. Отам билан бирга ўша куни тушликда еган овқатимизнинг мазаси ҳалигача оғзимда қолгандек гўё. Ўша куни отам билан юрган кўчаларимиздан машинамда ўтиб қолсам, кўзимда ёш билан отамни эслайман. У кишини соғиниб ҳақларига хайрли дуолар қиламан...
Учинчи ҳикоя. Мактабда 4-синфда ўқиб юрган пайтларим дадам ишлайдиган фермага тушликларини олиб борардим. Онам овқат солинган тугунни қўлимга тутқазиб “Борақол, болам, даданг биз учун қанчалик тер тўкиб меҳнат қилаётганларини кўриб келгин” дер эдилар.
Отам фермада оддий хизматчи бўлиб ишлардилар. Ҳар сафар тушлик олиб борганимда дадам чанг-тупроққа беланган уст-бошлари билан мени қарши олардилар. Доим манглайларидан тер қуйилиб турган бўларди. Кўришганимизда дадамдан тер аралаш гўнг ҳиди келарди. Юзлаб қорамоллар, қўй-қўзилар, паррандаю даррандалар боқиладиган фермада ишлайдиган одамда бундай ҳолат бўлиши табиий. Тушликдан сўнг дадам мени уйга кузатарканлар елкамга қўлларини қўйиб қилган насиҳатлари ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Ўғлим мактабда яхши ўқигин, дарсларингни ўз вақтида тайёрла, одобли бола бўл. Мен сенинг келажакда катта олим бўлишингни, илму маърифатинг билан инсонларга фойда беришингни хоҳлайман. Мен бу ерда сен меҳнат қиламан, сен у ерда мен учун олим бўлгин...”
Отамнинг бундай насиҳатлари мени илм олишга илҳомлантирарди. Ҳар гал дарслардан толиқиб қолсам ёки дангасалик қилиб дарс тайёрлаш ўрнига телевизор кўргим келса, дадамнинг шу ўгитлари эсимга тушиб дарров ўзимни ўнглардим.
Орадан бир неча йил ўтиб дадамнинг ишлари ҳам юришиб кетди. Дадам чет элда ишлаб бизга пул юбориб турдилар. Дадам юборган пуллардан ўқишимга сарфлардик. Бу пуллар баракали бўлиб, ер сотиб олдик, уй қурдик.
Аввал коллежни кейин эса институтда электрон муҳандислик факултетини тамомладим. Ҳозирда кунда мен отамнинг дуолари шарофатидан нефт ширкатларидан бирининг бошлиғиман. Ўзимнинг шахсий самолётим бор. Маошим ҳам шунга яраша. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, моддий тарафлама камчилигимиз йўқ. Лекин мен учун шунча бойлигимдан кўра дадамнинг ўша тупроққа беланган кийимлари, пешоналаридан оққан терлари, менга қилган насиҳатлари қадрлироқ ва қимматлироқдир. Чунки мен кўрган ўша манзаралар, мен эшитган ўша насиҳатлар шу ютуқларга эришишимга сабаб бўлди.
Тўртинчи ҳикоя. Болалигимда жуда инжиқ бола бўлганман. Ҳаддан ташқари эркатой эдим. Ўзимиздан бадавлатроқ оилаларнинг шароитини гапириб ота-онамга кўп озор берардим. Бир куни эрталаб отам мактабда тушлик қилишим учун озгина пул бердилар. Лекин берган пуллари арзонроқ таом учун етарли бўлса-да, бой ўртоқларим олиб ейдиган егуликларга етмас эди. Жаҳлим чиқиб пулни деразадан кўчага отиб юбордим. Шамол пулларни учириб кетди. Аммо отам мени жазоламадилар. Унинг ўрнига вазминлик “Эртага сени бир жойга олиб бораман” дедилар.
Эртасига отам мени иш жойларига олиб кетдилар. Дадамнинг ишхоналар хийла узоқда жойлашган экан. Биз ярим соатча пиёда юрдик. Мен бироз толиқиб қолдим. Лекин мени олдинда кутаётган саргузаштларни ўйлаб, яна чарчаганимни дадам билиб, уйга қайтариб юбормасинлар деб чарчаганимни билдирмадим.
Дадам ишлайдиган заводга етиб борганимиздан сўнг дадамнинг ҳамкасблари мени роса иззат-икром қилдилар. Ҳаттоки завод директори менинг келганимни эшитиб, мени ўз хонасига таклиф қилди ва столи устидаги ширинликлар билан роса сийлади. Кейин асосий вақтимни дадамнинг дастгоҳ олдидаги ишларини кузатиш билан ўтказдим. Дадамнинг метал заводида ишлашларини билардим-у, лекин ишлари бунчалик оғирлигини, машаққатлилигини билмасдим. Ўзимча катталар ишхонага бориб ўтириб-ўтириб, ўртоқлари билан суҳбатлашиб пул топиб келишади деб ўйлар эканман. Дадамнинг қора терга ботиб, зилдай темир бўлакларини дастгоҳда қайта ишлаётганларини кўрганимда пул топиш қанчалик қийин эканини ҳис қилдим.
Кечқурун иш вақти тугагач, биз уйга томон яна пиёда йўлга тушдик. Бу сафар йўл роса узоқ туюлди. Дадамга чарчаганимни айтдим. “Машинага минсак бўлмайдими, дада?” дедим. Дадам эса табассум билан: “Эҳ болажоним, мен ҳар доим мана шу йўлни пиёда босиб ўтаман. Сенга, акаларингга берадиган пулларим йўлкирага кетиб қолмасин деб, ҳар доим ишхонага пиёда қатнайман. Сен эса кеча ярим соат юриб сизлар учун тежаб қоладиган пулимни кўчага улоқтириб юбординг...” дедилар. Шу топда пешонамдан муздек тер чиқиб кетди. Нима дейишимни ҳам билмай қолдим. На “Кечиринг дадажон, мен билмагандим” дейишни биламан, на айтган гапларидан ўзимга кела оламан.
Йўлнинг давомини дадам тўхтатган машинада босиб ўтар эканмиз иккаламиз ҳам жим кетамиз. Хаёлимда эса ўша деразадан отилган, шамол учириб кетаётган пуллар...
Эҳ отажон, Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Ҳозир ўзим катта бўлиб, меҳнат қилиб пул топиш нималигини амалда кўрганимдан сўнг ёшлигимда сизга қанчалар бағритош бўлганимни англаяпман. Ўшанда уйга қайтаётганимизда айтган насиҳатингиз сабаб мен бутунлай ўзгаргандим. Ҳаётдан норозилигим розиликка, ношукрлигим қаноатга айланган эди. Бугун болалар сиздек оталарга қанчалалр муҳтож...
Бешинчи ҳикоя. Отамнинг ўзлари сотувчи бўлиб ишлайдиган дўконлари бор эди. Ёзги таътилда дўконга бориб дўкон ишларида отамга қарашардим.
Бир куни дўконда ўтирганимизда отам мени олдиларига олиб “Ўғлим, сен энди катта йигит бўлиб қолдинг. Эркак киши ишидаги, кўчадаги гапларни уйга олиб кирмаслиги ва худди шу каби уйдаги гапларни ҳам кўчага олиб чиқмаслиги, ишхонасига кўтариб келмаслиги керак” дедилар. Бу гап менга катта ҳаётий сабоқ бўлди.
Ўша кундан кейин онам мендан дўконда нима ишлар содир бўлганини ҳар қанча сўрасалар ҳам айтмайдиган бўлдим. Дўконга ҳар хил одам келади, баъзида дилхираликлар ҳам бўлиб туради. Лекин буларнинг ҳеч бирини онамга билдирмасдим. “Болам, бугун нималар қилдинг, дўконда бугун нималар бўлди, қандай ҳодисалар бўлди?” деб сўрар эдилар. Мен “Ҳеч нарса, ҳаммаси жойида, куним яхши ўтди” деб қўяр эдим холос. Дадамнинг биргина ўша “Ўғлим, сен ҳам катта йигит бўлиб қолдинг” деган гаплари билан мен ўзимни катта одамлардек ҳис қилардим. Биргина шу гаплари менга ҳақиқий эркак кишининг хислатларидан бири бўлмиш сир сақлай олиш фазилатини тақдим этган эди.
Мактабни битириб, коллежда ўқиётган пайтларим онамнинг ишхоналарига ҳам бориб ёрдам берардим. Ота-онам ўзим ишлаб пул топишимга рухсат беришмасди. “Ҳозир сен фақат ўқишинг керак. Пул ҳақида ўйламаслигинг керак. Белимизда мадоримиз, қувватимиз бор экан, биз сенинг ўқиб олим бўлишинг учун, мусулмонларнинг тараққиётига ҳисса қўшишинг учун тинмай меҳнат қилишга тайёрмиз, сен ўқишдан чалғима” дейишарди. Ишхонада онамнинг қийналиб ишлаётганларини кўрганим сабаб ўқишим учун берган пулларни тийин-тийинигача зарур ва керакли ўринларга сарфлар эдим. Бирор нарсага пул сарфламоқчи бўлсам, етти ўлчаб эмас, минг ўлчаб кейин кесишга ҳаракат қилардим. Чунки мен роҳатланиб ишлатаётган пуллар отажоним ва онажонимнинг пешона терлари эвазига топилаётган пуллар эканини ўз кўзим кўриб гувоҳи бўлардим.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.