Мақолалар

Бамбук дарахти

Бамбукни эккандан кейин, суғориб бир йил тўлиқ кутасиз, лекин ҳеч нарса унмайди. Уни суғориб, парваришлашда давом этасиз, зараркунанда ҳашоратлардан ҳимоя қиласиз. Бироқ иккинчи йил охирига бориб ҳам ҳеч нарса кўринмайди.

Учинчи йил келади, уни парваришлашда, суғоришда давом этасиз. Атрофидаги ҳамма нарса ўсса ҳам у ўсмай тураверади.

Ичингизда уни таг-томири билан ердан суғириб ташласаммикин деб ўйлайсиз, лекин кейин фикрингизни ўзгартириб тўртинчи йили ҳам кутишга қарор қиласиз. Аммо ҳеч ўзгариш бўлмайди.

Шунда ўзингизга савол берасиз: "Нега шунча ҳаракат қилсам ҳам ҳеч қандай ҳосил олмаяпман?! Ахир ҳаммасини тўғри қилдим-ку?!".

Бешинчи йили эса кутилмаганда у ўса бошлайди. Ҳар куни 3 қарич ўсиб, бир ойда бўйи тўқсон қаричга етади.

Бу узоқ вақт давомида у ер тагида узун томирлардан тўр тайёрлаётган бўлади, уни тўлиқ тайёрлаб бўлгач эса узунлиги осмонга, булутларга етади!

Бу бамбук дарахти худди биз яшаётган ҳаётга ўхшайди!

Бир ишни тўғри бажарсангиз-у самарасини кўрмасангиз, уни тарк этишга шошилманг, сабр қилинг!

Ҳар бир инсон бу борлиқда қандайдир ўрин топишга, ўзидан яхши из қолдиришга қодир. Ҳар бир инсонда ижодкорлик қобилияти бор.

Лекин кўпчилик одамлар ярим йўлга борганда таслим бўлиб, ортига қайтиб кетади. Фақат азм-у қарорлилар, қатъиятлиларгина қолади. Улар қасд қилган чўққиларига етмагунча арқонни қўйиб юбормайдилар.

Муваффақиятли кишилар бамбук дарахти назариясини яхши билишади. Ерни экин учун тайёрлаш нақадар муҳимлигини, натижаларга эришишга шошмаслик кераклигини, шунингдек одамлар орасидаги алоқалар то ўсиб, гуллагунга қадар бир мунча вақт олишини инобатга олишади. Улар яна шуни яхши билишадики, зўр ҳосил албатта келади, узоқ муддатдан кейин бўлса ҳам!

"Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир" (Исро сураси, 11-оят).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 985 times

Мақолалар

Top