Мақолалар

Фил сураси

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

«(Эй Муҳаммад!) Раббингиз “фил эгалари”ни не қилганини кўрмадингизми? (У) уларнинг макрларини йўққа чиқармадими?! Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди. (Улар) сопол тошлар билан уларни отар эди. (Бас,) уларни (Каъбани бузишга келганларни) еб (чайнаб) ташланган сомондек қилиб қўйди».

Фил воқеаси милодий 570 йилда содир бўлган.

  1. «(Эй Муҳаммад!) Раббингиз “фил эгалари”ни не қилганини кўрмадингизми?» .

Бу ерда Аллоҳ таоло “أَلَمْ تَرَ” (кўрмадингизми?) деса-да, мазмунан “Билмадингизми?” маъноси келган. Ибн Аббос бу жумлани “Эшитмадингизми?” деб тафсир қилган. Хитоб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинган, ҳукми эса умумийдир. “Мен филнинг соҳибларини нима қилганимни эшитмадингизми?” деган таъкид бор.

  1. (У) уларнинг макрларини йўққа чиқармадими?!”

Аллоҳ таоло айтади: “(У) уларнинг макрларини йўққа чиқармадими?!” Яъни бекорга чиқармадими? Абдулмутталиб ўғли Абдуллоҳни улар қандай балога йўлиққанини билиш учун жўнатишди. Абдуллоҳ бориб қараса, майда тошчалар уларнинг жасадларини илма-тешик қилиб ташлаган, барчаси ҳалок бўлган эди.

  1. “Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, у зот: “У осмон билан ер оралиғидаги қуш бўлиб, уя қуриб, (тухумдан) бола очади”. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо: “Улар қалдирғочларга ўхшарди”, деган. Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У тумшуғи сариқ яшил қушдир”. Баъзилар: “Тумшуғи оқ эди”, дейишади. Муҳаммад ибн Каъб: “Улар тумшуғи ва чангалида тош бўлган, қора рангли денгиз қушларидир”, деган. Икрима айтади: “Улар абобил, яъни гуруҳ-гуруҳ қушлардир”.

  1. (Улар) сопол тошлар билан уларни отар эди”.

“Сиҳоҳ” китобларида: “Сижжил тошлари билан”, деб келтирилади. Баъзилар: “Дўзахда пиширилган лой-тошлардир, унда ўлдирилган одамнинг исми ёзилган”, дейишади. Абдурраҳмон ибн Абза эса “сижжил”дан мақсад “осмондан келган қушлар”, дейди.

Икрима айтади: “Қушлар тошни уларнинг устига улоқтирарди. Тош нўхатдек, ясмиқдан каттароқ эди”. Ибн Аббос айтади: “Бировининг устига тош тушса, унинг териси куйиб қоларди. Бу чечак касаллигининг биринчи кўриниши эди”.

  1. (Бас) уларни (Каъбани бузишга келганларни) еб (чайнаб) ташланган сомондек қилиб қўйди”.

Ибн Аббос айтади: «“Уларни ейиладиган сомондек қилди” ояти “Уларни дони ейилган буғдой пўстлоғидек қилди” маъносини англатади». .

Ривоят қилинишича, тош улардан бирининг устига тушса, қорнидаги ҳамма нарсани чиқариб ташлаган. Шу сабаб дони олиб ташланган буғдой қобиғига ўхшатилган. Ибн Масъуд айтади: “Қушлар тош отган вақтда Аллоҳ шамолга амр қилди. Шамол тошларга урилиб, уларнинг шиддатини ошириб юборди. Тош теккан киши дарҳол ҳалок бўлди. Фақат Кинда қабиласидан бир киши тирик қолган эди. У:

“Агар уни кўрган бўлсанг, бас, етар, Муғаммисда биз кўрган азобни кўрма”, дейди.

Фил сурасининг яна бир афзаллиги шуки, унда Аллоҳга таваккал қилиш баён этилган. Сура Аллоҳнинг амрларига амал қилганларга ризқ ва мадад беришини билиб, мўминларни иймонларида собит бўлишга ва Ислом динини ёйишда давом этишга даъват қилади.

Имом Қуртубийнинг “ал-Жомеъ ли аҳкамил Қуръон” тафсири асосида

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Фахриддин ХУДОЙНАЗАРОВ тайёрлади.

"Ҳидоят" журналининг 12-сонидан олинди

Read 1814 times

Мақолалар

Top