Мақолалар

Қишда ўқиладиган дуо

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Дўзах: Роббим, ўз-ўзимни еб юбордим-ку!” деб Роббига шикоят қилди. Шунда Аллоҳ унга икки марта – қишда бир, ёзда бир нафас олишга изн берди. Сизлар кўрадиган энг қаттиқ иссиқ, сизлар кўрадиган энг қаттиқ совуқ шудир”.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уламолар ҳадисда келган “замҳарийр”ни – “шиддатли, қаттиқ совуқ” деб шарҳлаганлар”.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ: “Замҳарийр”дан мурод – “қаҳратон совуқдир”, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Дўзах аҳли жаҳаннамнинг жазирама иссиғидан нажот сўрайдилар ва уларнинг сўровига суяклари синиб кетадиган даражада кучли бўлган совуқ шамол берилади. Сўнгра дўзах аҳли яна ёлвориб иссиқлик сўрашади”.

Шундай экан, қишнинг совуқ кунларини ғанимат билинг, Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилинг. Хусусан, ушбу дуони ўқиш тавсия этилади.

اللَّهُمَّ أَجِرْنِي مِنْ زَمْهَرِيرِ جَهَنَّمَ

Ўқилиши: Аллоҳумма ажирний мин замҳарийри жаҳаннама.

Маъноси: Аллоҳим мени жаҳаннамнинг қаттиқ совуғидан асра.

Аллоҳим, бизни дўзахнинг иссиқ ва совуқ азобидан Ўзинг асра. Аллоҳим, бу совуқ кунларда ҳар бир бандангни, хусусан, уй-жойи, боқувчиси йўқ мискинларни Ўз паноҳингда асра. Ё Аллоҳ, дардга дучор бўлган беморлар ва Сендан ёрдам сўраган жамики муҳтожларни Ўзингга омонат. Дунёю охиратда Ўзинг ҳимоя қил. Уларга раҳматинг билан раҳм қил, эй раҳмлиларнинг раҳмлиси.

Аллоҳим, Ўзингсан ягона илоҳ, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Ўзинг бойсан, биз эса камбағалмиз. Сен беҳожат ва ҳожатбарорсан, биз ҳожатмандмиз. Устимизга ёғдиргин қорни хайрли қилгин. Аллоҳим, Сендан унинг яхшилигини ва ундаги яхшиликни ҳамда сен юборган нарсанинг яхшилигини сўраймиз. Сендан унинг ёмонлигидан ва ундаги ёмонликдан ҳамда Сен юборган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Аллоҳим, ғазабингга дучор, азобингга мубтало бўлишдан асра.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1095 times

Мақолалар

Top