Мақолалар

Бозорга боришдан олдин мана шу қиссани ўқинг

Ҳар сафар бозорга борадиган бўлсак, дадам бизга мана шу қиссани ёдга олишимизни айтардилар. Баъзи пайтлари эринмай бошидан охиригача ўзлари ўқиб берардилар.

Бир куни Молик ибн Динор бозор расталари оралаб ўтиб борарканлар, ғарқ пишган, ҳатто ҳидлари анқиб турган анжирга кўзлари тушибди. Ўша анжирдан егилари келибди. Лекин олдиларида бирор чақа пуллари йўқ экан. Емайман, индамай ўтиб кетаман деб ҳар қанча уринсалар ҳам нафслари ғолиб келиб сотувчидан насияга анжир сўрабдилар. Бироқ сотувчи бунга рози бўлмабди. Молик ибн Динор ўша вақтда катта олимлардан бўлсалар-да, ўзларини танитмабдилар. Нафс эса ғалаённи тўхтатмабди. Кейин сотувчига пояфзалларини гаровга олиб қолиб насияга анжир сотишни илтимос қилибдилар. Сотувчи “Пояфзалингни бошимга ураманми” дегандек яна рад жавобини берибди. Чунки у ҳаммага машҳур Молик ибн Динорни танимаётган эди. Молик ибн Динор иккинчи марта илтимослари ерда қолгач, хушларини йиғибдилар. Нафсимнинг гапига қулоқ солиб ўзимни қанчалик хор қилдим деб мевалар растасидан узоқлашибдилар.

Бўлаётган воқеани кузатиб турган атрофдаги инсонлар савдогарнинг олдига келиб “Сен кимни қайтариб юборганингни биласанми? Ахир бу ўша машҳур Молик ибн Динор-ку!” дейишибди. Савдогарнинг хуши бошидан учибди. Чунки у ҳам Молик ибн Динор ҳақида кўп эшитган, учратсам дуосини оламан деб юрган ихлосманд кишилардан экан. Сотувчи қилиб қўйган ишидан роса хижолат бўлибди. Лекин Молик ибн Динорнинг олдиларига ўзи боргани ботинолмабди. Қулларидан бирини бир арава тўла анжир билан Молик ибн Динорнинг кетидан юбора туриб шундай деб тайинлабди: “Зинҳор ортинга анжир билан қайта кўрма, олмайман десалар ҳам кўндир. Агар сендан анжирларни қабул қилиб олсалар, Аллоҳ розилиги учун сени озод қиламан”.

Озодликка йўл топилганидан ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетган қул оёғини қўлига олиб Молик ибн Динорнинг ортларидан эргашиб у кишига етиб олибди. Лекин ҳар қанча таклиф қилса ҳам буюк шайх Молик ибн Динор анжирларни олмабдилар. Қул бечора озодлик умидида куйиб пишибди. Молик ибн Динор: “Саййидингга бориб Молик ибн Динор бу анжирларни олмас экан, у то қиёматгача анжир ейишни ўзига ҳаром қилибди деб айтгин”, дебдилар. Қул ҳам таслим бўлмай: “Ҳазратим, буни олмасангиз бўлмайди, агар сиз мендан анжирни қабул қилиб олсангиз, саййидим мени озод қилишга сўз берди, менинг озодлигим шу анжирларга боғлиқ” дебди. Молик ибн Динор унга маъноли бир қараш қилиб: “Агар сенинг озодлигинг шу анжирларга боғлиқ бўлса, менинг қуллигим ҳам шу анжирларга боғлиқ” деб жавоб берибдилар ва қулни анжир тўла араваси билан ортига қайтариб юборибдилар.

Молик ибн Динор нафсларининг гапига кириб, ўзларини хор қилиб қўйганлари учун нафсларига шундай жазо берган эканлар. Ҳатто ўша ҳодисадан кейин анжирни бутунлай емай қўйган эканлар. Бозорга борган киши у ерда турли хил неъматларни кўради. Табиийки, уларнинг барчасига эга бўлишга доим ҳам имкон топилмайди. Шундай онларда нафснинг истакларини жиловлашда мана шундай қиссаларнинг аҳамияти катта бўлгани учун дадам доим бизга мана шу ҳикояни айтиб берардилар.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Read 1356 times

Мақолалар

Top