#Мақола
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи
ва саллам айтганлар: “Эй Али, уч нарсани кечиктирма: (вақти) келганида намозни (адо этишни), ҳозир бўлганида жанозани (дафн этишни) ва тенгини топганингда эрсиз аёл-қизни (турмушга беришни)” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).
Ҳикматда шошилиш шайтондандир, лекин меҳмон келса, дастурхон ёзиб, таом бериш, маййитни тезроқ кафанлаб кўмиш, балоғатга
етган қизни узатиш, бўйнидаги қарзни узиш, гуноҳ қилиб қўйса, тавба қилишда ундай эмас, дейилади.
Ушбу ҳадису ҳикматда қиз-аёлларга муносиб жойдан куёв чиқса, тезроқ узатишга тарғиб бор. Лекин куёв одобли, яқинлари салоҳиятли бўлмаса, асло шошилиш керак эмас.
Албатта, не-не орзу-умидлар билан гўзал тарбия бериб ўстирган қизингиз яхши жойга тушса-ку, жонингиз ором топади. Аммо нобоп хонадонга тушиб қолгудек бўлса, Аллоҳ асрасин, ҳаловатдан айриласиз.
Бинобарин, оилавий можароларда кўпроқ қайноналарнинг зуғуми асосий сабаб бўляпти. Чунки улар келинни ўз қизидек қабул қилмаяпти. Улар келинни бошидан эгиб олиш керак, деб нотўғри ўйлаяпти ва бунинг оқибатида аксарият қайноналар ёш келинчакка қулдай муносабатда бўлмоқдалар.
Абу Зар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Биродаринг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир” (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадисга амал қилган ҳолда, Аллоҳга шукр қилиб, ўғлим борки, хонадонимга келин келди, деб унга очиқ юзли, меҳр-муҳаббатли бўлинг. Қанча меҳр берсангиз, қалбингиз шунча нурга тўлади. Ота-онаси ардоғида вояга етган заифа бутунлай бошқа оилага, ўзгача муҳитга тушиб қолса, унинг руҳиятида нималар юз беришини тасаввур қилиш қийин иш.
Ибратли оилада тарбия топиб, нобоп оилага келин бўлиб қолган қизнинг сўзларига қулоқ солинг:
“Менинг қизлик уйимдагилар каттаю кичикни иззат-ҳурмат қилиб, сизлаб гапиради. Келин бўлган хонадонимда эса муҳит бошқача экан. Эрталаб нонуштами ё кечки овқатми, қачон йиғилиб ўтирсак, гаплари фақат ғийбат бўлади, ҳамманинг устидан кулиб ўтиришади, ҳар бир одамга лақаб қўйиб олишган. Менинг лақабим “Нозанин” эмиш. Ўтирсам – ўпоқ, турсам – сўпоқман. Бу орада иккита болали бўлдим. Бундай муҳит фарзандларим тарбиясига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирдаман”.
Келиннинг хавотири чиндан ҳам ўринли. Айрим оилаларда тарбиянинг сустлиги ачинарли ҳол, албатта. Қайнона-қайнота ёшларга панд-насиҳат қилиш ўрнига бировларнинг айбини топиб ўтириши яхши эмас. Икки фарзанднинг онаси бўлган бу келинимиз сабр билан болаларини тўғри тарбиялашга жидду жаҳд қилаверади, албатта. Аллоҳ хоҳласа, ажрини қўлга киритиб, келажакда меҳнатларининг мевасини кўражак.
Хулоса шуки, биз катталар қизларимизни турмушга беришдан аввал куёв тарафни яхшилаб сўраб-суриштирайлик, асло шошилмайлик. Ахир, ота-боболаримиз куёв ё келин
танлашда етти пуштини обдон суриштириб, сўнг қудалик риштасини боғлашган. Зеро, авлоднинг ким бўлишида аждодларнинг аҳамияти каттадир. Шуни унутмайлик, азизлар!
Хосият ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Косонсой тумани “Ровот” маҳалласи отинойиси
"Мўминалар", 4-сон, 2013 йил