Мақолалар

Нафс тарбияси – мўминнинг хос фазилати

Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиши, Ўзига ибодат қилиши, инсонлар учун манфаатли бўлишга амр этади. Инсон бу мақомга эришиши учун нафсини тарбия қилмоқлиги, ахлоқини сайқалламоқлиги лозим бўлади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (“Ҳашр” сураси, 18-оят).

Муфассирлар мазкур оятни инсон учун “танбеҳ” (огоҳлантириш) ояти эканини зикр қилган. Инсон дунёда қилиб турган фаолияти учун қиёматда жавоб беришини билган кимса, доимо яхшилик сари ҳаракат қилади ва ўзгаларни ҳам унга ундайди.

Нафсининг ҳою ҳавасларига эргашувчи, нафсига қул бўлувчи кимса Аллоҳ таолонинг раҳматидан, дунё ва охиратидаги яхши манзил ва мақомидан айрилган бўлади.

Инсон дунёси ва охирати учун ўзига зарарли бўлган қабоҳат, разолат, жаҳолатдан огоҳ бўлмоқлиги учун кишидан илм, маърифат, тафаккур талаб этилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир соатлик тафакур бир йиллик (нафл) ибодатдан яхшироқдир”, дея умматларини бу дунёдан нафсини тарбиялаб, тафаккур ва тадаббур ила ҳаёт кечиришга чоралаганлар.

Киши нафсини тарбия қилмаса, кишилар ахлоқи яхши бўлмаса, насиҳатлардан манфаат бўлмайди. Нафси, ахлоқи тарбия топган инсонлар яшайдиган оила, жамиятда доимо ободончилик, ривожланишлар бўлади.

Нафсига қул бўлган, тафаккур қилмаган, илм ўрганмаган кишилар яшайдиган эл-юртда доимо тафриқа, зиддият, ноҳақ қон тўкилиш, ахлоқий ва маънавий бузуқликлар келиб чиқади. Натижада бундай жойга Аллоҳ сақласин балолар ёғилади.

Кишилик жамиятини обод бўлиши ва унинг тараққиёти учун кишилар нафсини тарбия қилмоқлиги фазилатли амаллардан ҳисобланади. Сулайман алайҳиссалом: “Менинг наздимда, нафсини синдириб, уни тарбия қилган киши,  ёлғиз ўзи бир шаҳарни босиб олган жангчидан ҳам кўра яхшироқдир”, деганлар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу эса: “Мен билан нафсим бир сурувнинг чўпонига ўхшаймиз. Чўпон бир тарафдан сурувни тўплайди, иккинчи тарафдан сурув ёйилиб кетаверади. Ким нафсини тарбиялаб, уни истакларидан тия олса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки қалбидаги илоҳий ва инсоний туйғуларни қатл этса (нафсини қули бўлса, ҳою-ҳавасига учса) лаънат кафанига тиқилади ва азоб тупроғига дафн этилади” деган ибратли сўзлари нафсни тарбия қилиш қанчалик муҳим ва зарур амаллардан экани маълум бўлади.

Ибодат ва эҳсонларим қабул бўлсин, Яратганнинг розилигига эришай деган киши нафсини тарбия қилмоғи ва ахлоқини яхшиламоғи, бу борада доимо ҳаракатда бўлмоғи лозим.

Исомиддин АҲРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Кадрлар бўлими мудири

Read 1174 times

Мақолалар

Top