Мақолалар

Мўминнинг баҳори

Ҳар бир фаслнинг ўзига хос жиҳатлари бўлгани каби қишнинг ҳам инсон ҳаётида ўз ўрни бор. Қишда ақл эгаси учун ибратлар кўп. Бу фасл хайр-барака ва яхшиликлар мавсумидир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ундан унумли ва оқилона фойдаланиши керак.

Қуръони каримда “қиш” сўзи бир марта келган: “Яъни уларга қишда (Яманга) ва ёзда (Шомга) сафар қилишни қулай қилиб қўйгани учун мана шу Уй (Каъба)нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!” (Қурайш сураси, 2–3-оятлар).

Ўтган улуғлар йилни иккига бўлиб, ярмини ёз, ярмини қиш билан ўлчашарди. Қиш фаслида осмондан қору ёмғирлар ёғиб, одамларнинг ризқи кенг бўлишига сабаб бўлади. Мусулмоннинг ҳаётида қиш ҳам баҳорга айланади. Деҳқон баҳорда ерга уруғ қадагани сингари, мўминлар ҳам қишда охирати учун захира жамғаради.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Қиш обиднинг ғаниматидир!” деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Сизларни осон ғаниматга далолат қилайми?” деди. Биз: “Бу қандай ғанимат?” дедик. “Қишда рўза тутиш” деб жавоб қилдилар.

“Эй, Қуръон аҳли! Намозларинггиз учун кечалари узун бўлаяпти, рўзаларинггиз учун кундузлари қисқа бўлмоқда. Шунинг учун бу кунларни ғанимат билингиз!”.

Омир ибн Масъуддан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қишдаги рўза салқингина ўлжадир”, дедилар (Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи ривояти).

Яъни одатда ўлжани қўлга киритиш учун тер тўкиб ҳаракат қилинади. Аммо баъзи вақтларда уни тер тўкмасдан, қийинчиликсиз қўлга киритиш ҳам мумкин бўлади. Қиш фасли ана шундай қийинчилик ва машаққатларсиз кўплаб ажр-мукофотларни қўлга киритиш фурсатидир.

“Одам болаларининг қалблари қишда юмшайди. Чунки Аллоҳ таоло Одамни тупроқдан яратган. Тупроқ эса қишда юмшайди”.

Қалблар юмшаган кунларда мўминлар бир-бирига мулойим бўлишлари, меҳр-шафқат кўрсатишлари, гина-кудуратларни, ихтилофларни, дунё ва охиратда фойдасига эмас, зарарига ҳужжат бӯладиган амаллар билан машғул бўлишни ва ҳар хил фасод ишларни йўқотишлари керак бўларкан.

“Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузлари қисқалиги учун рўза тутади, кечалари узун бўлгани учун туриб намоз ўқийди”.

Бу фасл айниқса талабалар учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Шу маънода баҳор фаслини деҳқонлар учун уруғ қадаш мавсуми бўлганидек, қиш фаслини толиби илмлар учун илм эгаллаш мавсумидир дейиш ҳам мумкин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Қиш – обидларнинг ўлжасидир (Абу Нуайм ривояти).

Демак, бу мавсум бошқа фаслларга нисбатан савобли амалларни кўп қилиб олишга имкон яратиши билан бирга, синов ичра синов фасли ҳамдир. Ундан унумли фойдаланиб, имтиҳондан ўтиш учун кўпроқ захира тўплайлик.

Мўминлар баҳори бўлган ушбу муборак фаслни гўзал амаллар билан ўтказиш бахтига Аллоҳ таоло барчамизни муваффақ қилсин.

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди

имом-ноиби Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН тайёрлади.

Read 1056 times

Мақолалар

Top