Мақолалар

Сиз ўзгарадиган инсонсиз!

Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли ўзгармасликка қарор қилганди, натижада унинг оқибати ҳалокат бўлди!

Фиръавннинг аёли ўзгаришга қарор қилган эди, натижада Жаннат аҳли хонимларидан бўлди!

Бири энг катта даъватчининг ўғли, бири эса энг катта золимнинг аёли.

Демак, вазиятларингиз, лавозимларингиз қандай бўлишидан қатъи назар, ўзингизни ўзгартиришга қодир ва бу борада қарорга эга шахс экансиз!

Ўзгартиришга киришганингизни ўзида қийин деб ўйлаганингиз ишнинг энг катта қисмига эга чиққан бўласиз. Зеро, қийин кўринган ҳеч бир иш қатъиятлилар наздида қилиб бўлмас иш эмас.

Инсонлар доим ўзгартириш томон ҳаракат қиладилар. Бироқ бу ўзгартириш ё яхши томонга, ёки ёмон томонга қаратилган бўлади. Ўзгармасдан яшайдиган одам жуда кам. Ҳамма ҳам ўзгаради, фақат кимдир олдинга олға қадам ташлаб ўзгаради, яна кимдир ортга чекиниб. Бу ҳақда Қуръони каримда оят бор:

“Сизлардан пешқадам бўлишни ёки ортда қолишни хоҳлаётган кимсалар учун ҳамдир” (Муддассир сураси, 37-оят).

Шундай экан дунё-ю охиратда сизга фойда берадиган нарсани ўзингиз учун ихтиёр этинг!

Ўзгартириш шунчаки орзу қилиш билан рўёбга чиқиб қолмайди, жиддий тарзда амалга киришиш орқали ҳосил бўлади. Ишга киришганда унинг бошланиши ва тугаш нуқтаси маълум бўлиши керак. Агар шундай қилинса Аллоҳнинг ўзгартириши рўёбга чиқади. Зеро, Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 11-оятида:

“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”, дея марҳамат қилган.

Оятда айтилган ўзгартириш – бирор ҳолатни аксига ўзгартиришдир. У ёмон ҳолатдан яхши ҳолатга ўзгартириш бўлиши ҳам мумкин ёки бунинг акси бўлиши ҳам мумкин.

Фиръавннинг одамлари Аллоҳнинг неъматини ўзгаришини талаб қилдилар, Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқардилар. Оқибатда Аллоҳ улардаги неъматларни азобларга ўзгартирди. Чунки улар ўзларидаги яхши ҳолатни ёмон ҳолатга ўзгартиришган эди.

Ҳар биримиз ўзимизга очиқчасига савол берайлик:

Қанчадан-қанча маъруза, ваъз-насиҳатларни эшитганмиз, ҳаётимиз давомида қанча-қанча воқеа-ҳодисаларни бошимиздан кечирганмиз. Хўш, булар биздаги бирор нарсани ўзгартирдими, йўлимизни тўғрилаб қўйдими, бизни тўғри йўлга йўналтириб қўйдими?

Одамлар билан ўзаро меҳр-муҳаббатимиз яхшилашдими, муносаблатлар илиқлашдими ёки аксинча гина-адоватлар авж олдими?

Ўзаро бир-биримизни кечирувчан бўлиб боряпмизми ёки кек-адоват қалбимизни қуршаб олганми?

Эшитган, билганларимиз бизни Аллоҳга яқинлаштирмоқдами ёхуд аксинча, узоқлаштирмоқдами?

Ҳамма ишларимизни бир чеккага қўйиб, вақт ўтиб кетмасидан мана шу саволларни олдимизга қўяйлик!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1419 times

Мақолалар

Top