Мақолалар

Онанинг меросдаги ҳолатлари

Онанинг мерос олишида уч ҳолат бор. Онага ҳам худди отадаги каби марҳумнинг бошқа меросхўрлари таъсир этади.

1. Марҳумнинг меросхўр фарзанди бўлса, она олтидан бир (1/6) олади. Агар фарзанди бўлмай, ака-ука ёки опа-сингилларидан икки ва ундан кўп киши бўлса, онага 1/6 улуш берилади. Бунда икки ва ундан кўп ака-ука ва опа-сингиллар меросхўр бўлиши ёки бўлмасликларининг фарқи йўқ. Зеро, меросдан ҳажб (тўсилган) бўлган, яъни бошқа яқинроқ меросхўр сабаб меросдан тўсилган меросхўр бошқани ҳам ҳажб қилиши мумкин. Меросдан маҳрум бўлган шахс эса бошқани тўсолмайди. Масалан, марҳум ортидан хотини, онаси ва ўғлини қолдирди. Хотинига саккиздан бир (1/8) фарз улуш. Онага маййитнинг меросхўр зурриёти (ўғли) мавжудлиги учун олтидан бир (1/6) фарз улуш. Ўғил асабалик жиҳатидан қолган меросни олади. Масаланинг умумий махражи (асли) 24 та улуш бўлади. Унинг 1/8 и бўлган 3 ни хотинига, онасига 1/6, яъни 4 та улуш ва ўғил асабалик жиҳатидан қолган барча мерос 17 та улушни олади.

2. Маййитнинг меросхўр фарзанди бўлмаса ёки ака-ука ва опа-сингиллардан икки ва ундан кўпи бўлмаса, яъни аввалги ҳолатда мавжуд бўлган ворислар бўлмаганда она учдан бир (1/3) улуш олади.

Мисол: бир аёл вафот этиб, ортида онаси ва икки туғишган ака-укаси қолди. Она олтидан бир (1/6) фарз улушни олади. Икки туғишган ака-ука асабалик жиҳатидан қолган барча меросни олади. Масаланинг асли 6 та улуш бўлиши керак. Аммо 6 нинг (5/6)и бўлган 5 асабалик улушини икки туғишган ака-укага касрсиз тақсимлаб бўлмайди. Бу ҳолатда масаланинг аслини қуйидагича тасҳиҳ қиламиз: туғишган ака-укалар сони 2 ни масаланинг асли 6 га кўпайтирамиз. Ҳосил бўлган 12 масаланинг тасҳиҳи қуйидагича: онага (1/6) олтидан бир 2 та улуш, икки туғишган ака-ука асабалик жиҳатидан қолган барча мерос 10 та улушни ҳар бирлари 5 та улушдан олишади.

3. Маййитнинг ортида эри ёки хотини ва отаси билан қолган онага эр ёки хотинлардан бири ўз улушини олгач, қолган молнинг учдан бири (1/3) берилади. Ота эса, охирида асабалик жиҳатидан қолган мероснинг барчасини олади. Бу ҳолатда онанинг улуши отаникидан кўп бўлмаслиги учун, она – эр ёки хотин ўз улушини олгач, қолган молнинг учдан бири (1/3) ни олади. Ушбу масала мерос илмида “Умария масаласи” деб аталади. Чунки меросни мазкур кўринишда илк бор Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тақсим қилган.

Умария масаласига мисол: бир киши вафот этиб, ортида хотини, онаси ва отаси қолди. Хотинига тўртдан бир (1/4) фарз улуш. Она маййитнинг хотини ўз улушини олгач, қолган улушнинг учдан бири (1/3)ни олади. Ота асабалик жиҳатидан қолган барча меросни олади. Масаланинг асли 4 унинг бир улуши, яъни 1/4 қисми хотинга, она қолган 3 улушдан учдан бири (1/3) бўлган 1 та улушни, ота асабалик жиҳатидан қолган барча мерос, яъни 2 та улушни олади.

Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Фатво маркази бош мутахассиси

"Ҳидоят" журналининг 12-сонидан олинди

Read 1112 times

Мақолалар

Top