Мақолалар

Меҳр булоғи

Бир куни қарасам, коллежнинг биринчи курсида ўқийдиган ўғлим ўйчан ўтирибди. Нима бўлдийкин десам, эртага имтиҳони экан. Болам дамингни олақол десам, “Йўқ, онажон, эртага фалсафа фанидан имтиҳонимиз бўлади, мен бу фандан ҳеч қайси мавзуни тушунмаганман” деса бўладими... яхшигина асабийлашдим. Нега бу нарсани олдинроқ айтмаганини сўрадим. “Олдинроқ айтганингда қўшимча дарсларга бериб бўлса ҳам чорасини кўрардик” деб уришдим.

Ғазабим босилгач, сал юмшоқ оҳангда “Бор, китобингни олиб кел, бирга тайёрланамиз” дедим. Ўғлим кўзларимга қараб: “Онажон дарс тайёрлагим келмаяпти, ундан кўра озгина гаплашайлик” деди. Эртага имтиҳон бўлса, гаплашиб ўтиришга бало борми деб жеркиб бергим келди-ю, майли, ўғлим ҳеч ундай демаганди, қани нима гапи бор экан деб истамайгина рози бўлдим.

Ўғлим билан бир соатдан кўпроқ самимий суҳбат қурдик. Ўғлимнинг гапларидан уни қийнаётган нарса фалсафа фани эмас ўзининг шахсий ҳаёти, курсдошлари, ўртоқлари билан боғлиқ муаммолари эканини, ўғлимнинг курсдошлари ичидан бир қизда кўнгли борлигини ҳам билдим. Очиғи бу нарсаларни билгач, фарзандимдан узоқлашиб қолганимга, у билан анчадан бери дилдан суҳбат қурмай қўйганимга уялдим. Суҳбатлашиб бўлгач, ўғлим ухлаш учун хонасига кириб кетди.

Намоз ўқиб ўғлимни узоқ дуо қилдим. Кейин сув ичгани чиқиб ўғлимнинг чироғи ўчмаганига кўзим тушди. Хонасининг қия очиқ эшигидан мўраласам, ухлашга кириб кетган ўғлим овозини чиқариб фалсафа китобини ўқиб ўтирибди. Шунда тушундимки, ўғлим фанни яхши ўзлаштирган, фақат имтиҳон олди уни тушкунликка туширган нарса ичидаги дардларини айтишга дардкаш топа олмагани, ташналигини меҳр булоғи билан қондира олмагани экан. Бу фикрим тўғрилигига эртаси куни ўғлимнинг имтиҳон натижаларини кўрганимда амин бўлдим. Аллоҳга шукрки, ўғлим ҳамма фанларидан кўра фалсафа фанини юқорироқ баҳога топширган эди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1249 times

Мақолалар

Top