Мақолалар

Қиёматнинг турлари

Қиёматнинг аломатлари – қиёматнинг ҳақ экани ҳамда яқинлигига далолат қилувчи воқеа-ҳодисалардир. Улар турли кўринишда бўлиб, учга: кичик, ўрта ва катта қиёматга бўлинади.

Ҳар бир инсоннинг ўлими бу – кичик қиёмат. Чунки вафот этган одам учун қиёмат бошланган бўлади.

Ўрта қиёмат эса бу – бир авлод одамларининг ўлими. Буни Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис тасдиқлайди: “Баъзи аъробийлар қўрс бўларди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қиёмат қачон бўлади?” деб сўрашарди. У зот алайҳиссалом уларнинг энг кичигига қараб: “Агар мана бу яшаса унга қарилик етмай туриб, қиёматингиз қойим бўлади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). (Ровий) Ҳишом: “Яъни ўлимингиз”, деган.

Юқорида таъкидланганидек, ҳар бир кишининг ўлими унинг “қиёмати”дир. Бу ерда ана шу маъно назарда тутилган.

Дарҳақиқат, ёши катта одамлар бирин-кетин бу дунёни тарк этади. Бунга ҳаётда кўп бора гувоҳ бўламиз.

Катта қиёмат бу – бутун инсониятнинг ҳисоб-китоб учун қабрдан қайта тирилиши. Бу кун ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Одамлар Сиздан қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. “У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир”, деб айтинг! Қаердан билурсиз, эҳтимол, қиёмат яқинда бўлар» (Аҳзоб сураси, 63-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан мушриклар қиёматнинг қачон қойим бўлиши ҳақида масхара юзасидан сўрасалар, яҳудийлар синаш учун сўрар эдилар. Зеро, Тавротда ҳам қиёматнинг аниқ вақти ёзилмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби саволларга Аллоҳнинг амрисиз жавоб қайтармас эдилар. Қолаверса, Аллоҳ таоло қиёмат куни қачон бўлишини ҳатто, ўз пайғамбарларидан ҳам сир тутгани ушбу оятдан маълум бўлади.

Аллоҳ таоло катта қиёмат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Қачонки, қиёмат воқе (қойим) бўлганда унинг воқе бўлишининг ёлғони йўқдир (у одамларни) остин-устун этувчидир. Ер ларзага келган, тоғлар титилиб (тўзиб), тўзонга айланган (бўлур). Сизлар эса уч тоифа бўлурсиз” (Воқеа сураси, 1-7-оятлар).

Бошқа сурада эса, кичик қиёмат яъни ўлим ҳақида зикр қилинади: “Бас, қачонки, (кишининг жони) ҳалқумга етганида (жон бериш пайтида), ҳолбуки, ўша вақтда сизлар (қўлингиздан ҳеч иш келмай) қараб турурсиз. Биз унга сизлардан кўра яқинроқдирмиз, лекин сизлар (буни) кўрмассиз” (Воқеа сураси, 83-85-оятлар).

Демак, қиёмат куни ҳақ ва у бир кун, албатта, келади. Биз эса ҳеч бўлмаганда кичик қиёмат, яъни ўлим билан юзма-юз келамиз. Шундай экан, биздан талаб этиладигани ана шу кунга тайёргарлик кўришдир.

Аллоҳ таоло ҳидоятида бардавом қилиб, солиҳ амалларни кўпайтиришимизга тавфиқ ато этсин!

Манбалар асосида

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

таржимаси.

Read 1628 times

Мақолалар

Top