Мақолалар

Савдо-сотиқнинг олтин қоидалари
 

Биринчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, Раззоқ Зот бўлган Аллоҳ таоло ҳузуридан сенга битилган тақдирга рози бўл. Бу йўлда таваккал қилиб иймонингга ярашадиган бир мақомга эга бўл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам“Агар сиз ҳақиқатан ҳам тўлиқ иймон билан Аллоҳга таваккул қилганингизда эди, тонгда оч чиқиб, оқшомда тўқ ҳолда уясига қайтадиган қушларни ризқлантиргани мисоли Аллоҳ сизни ҳам мутлақо ризқдан насибадор қилган бўлар эди”дедилар (Имом Термизий ривояти).

Иккинчи қоида. Эй мусулмон тижорат­чи, Аллоҳ таоло жорий этган ҳалол ва ҳаром чегараларга риоя қилиб, шубҳали нарсалардан юз ўгиргин. Токи номус ва ҳамиятингга доғ тушмасин.

Учинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, ризқ талабида эрта тонгдан ҳаракат қилиб, уйингдан чиқишинг, қуёшни уй­ғотишинг лозим. Шунда асл баракага эга бўласан. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ай­тади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: Ё Аллоҳ, умматим учун эрта тонгни баракали қил” (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Термизий, Имом Даромий, Имом Аҳмад ривоятлари), деб дуо қилганларини эшитдим».

Тўртинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, олишда ва сотишда, қарз беришда ва олишда доимо осонлик ва қулайликни асос қилиб ол. Шунда тижоратингни хо­тиржам бир тарзда амалга оширган ҳолда Аллоҳнинг раҳматига эришасан.

Бешинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, сотаётган молингнинг сифатини туширадиган ва қийматини камайтиради­ган бир қусур мавжуд бўлса, буни харидорга очиқчасига айт. Акс ҳолда, фойдангга ҳаром аралашиб, ўзинг бировларнинг лаънатига қолиб кетишингга сабаб бўл­масин. Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирганлар“Ким­ки қусури бор молини сотаётгани ҳа­қида харидорини воқиф этмаса, доимо Аллоҳнинг ғазаби ва фаришталарнинг лаънати остида бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти).

Олтинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, фоиз борасида жуда ҳушёр бўлишинг, фоиз олмаслигинг ва бермаслигинг, фоиз аралашган жойда турмаслигинг ва бу хусусида ғоятда эҳтиёт би­лан йўл тутишинг лозим. Шун­да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйилган қовоқ­лари ва оғир танбеҳларига рўба­рў бўлмайсан. Жобир ибн Аб­дуллоҳ розияллоҳу анҳудан ри­воят қи­линади: “Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам фоиз берганни, уни олганни, буни қайд этган китобни, яъни уни қоғозга ту­ширувчи кишини ва бунга гу­воҳлик қилган шоҳидларни лаъ­натладилар ва уларнинг барчаси у гуноҳга тенг шерикдир, дедилар”.

Еттинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, қиладиган ишингни собитлик ила бажармоғинг, сабрли бўлишинг ва ҳисоб-китобда яқин замонни эмас, балки узоқни кўзлаб ҳаракат қилмоғинг лозим. Шунда муваффақиятга эришасан. Ойша розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам айт­дилар: “Аллоҳ таоло сизлардан бир киши учун бир томонни – нарсани ризққа сабаб қилиб қўй­са, бу ўзгаргунча ёки қийинлаш­гунча уни тарк этмасин, яъни ундан воз кечиб кетмасин” (Имом Ибн Можа ривояти).

Саккизинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, дунё моли кўзни қа­маштирувчи ва ёқимли экани­ни, аммо Аллоҳ таоло ҳузурида фоний ва қийматсиз эканини ҳеч қачон унутмагин. Шунда ҳирс ва тамагирлик домига тушиб, дунё талабида ҳаддан ошмайсан.

Тўққизинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, молингни лойиқ бўлган баҳодан ошириб сотиш учун нотўғри йўлларга кириб қол­маслигинг ва харидорларни асло алдамаслигинг лозим. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақиқий уммати бў­лиш бахтини қўлдан чиқармаган бўласан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам“Алдаган киши биздан эмасдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ўнинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, жаннатда энг яхши дўстлар билан қўшни бўлиш саодатига эришай десанг, ўз ишинг ва тижоратингни тўғрилик асоси устида бино этишинг ва ҳеч қачон ҳақиқатдан айрилмасли­гинг лозим. Тўғрисўз ва ишончли тижоратчилар набийлар, сид­диқлар ва шаҳидлар билан бирга бўладилар.

Манбалар асосида Қамаши

тумани бош имом-хатиби

Оқилхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

Оқилхон Аҳмедов 1977 йили Қамаши ту­манида туғилган. 1999 йили “Мир Араб” мад­расасини, 2021 йили Тошкент ислом инс­ти­тутини битирган.

2002 йилдан буён “Алишер Навоий” жоме масжиди ва Қамаши тумани бош имом-хатиби бўлиб ишлаб келмоқда. 

 

Read 886 times

Мақолалар

Top